2.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси. Миллий парламентализм ривожи.
Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи тармоғини миллий парламент - Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари - халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этади. Жаҳон амалиётида парламент ўзини давлат ва жамиятнинг бошқа институтлари билан ҳар хил алоқалар ва муносабатларга эга бўлган мураккаб, кўп элементли сиёсий организм сифатида намоён этди. Айнан шу сабабли, узоқ вақтдан бери қонунчилик концепцияси билан боғлиқ бўлган "парламент" тушунчаси давлатчилик ва демократия тизимида муҳим ўринни эгаллаб келмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки босқичида олий вакиллик органи - Олий Мажлиснинг шаклланиши миллий демократик янгиланишнинг муҳим омили бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VI бўлим XVIII боби Олий Мажлисни "қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи энг юқори давлат вакиллик органи сифатида"ги мақомига бағишланган.
Парламент — (французча: парлемент-гапираман, гапирмоқ) давлатнинг олий вакиллик органларидан биридир. Парламент вакиллик муассасаси бўлиб, унинг депутатлари халқ томонидан сайланади ва Парламентда унинг манфаатларини ҳимоя қилади. Парламент қонунчилик ҳокимиятини амалга оширади, яъни, давлатнинг қонунларини қабул қилишда мутлоқ ҳуқуққа эга. Парламент давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаш ва амалга оширишда қатнашади, давлат бюджетини тасдиқлайди, давлатнинг солиқ асосларини ва умумдавлат солиқлари ҳамда йиғимлари турларини белгилаб беради. Парламент бошқа давлат органларини шакллантиришда, давлатнинг олий мансабдор шахсларини тайинлашда қатнашади. Парламент давлат қонунлари ижроси, ижроия ҳокимияти органларининг фаолияти ва янги қонунларнинг тасдиқланиши устидан парламент назоратини амалга оширади. Парламент аҳоли турли қатламлари ва гуруҳларини, давлат минтақаларини жипслаштирувчи орган бўлиб хизмат қилади.
Янги конституциявий қоидага мувофиқ парламентнинг ваколатлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида" ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Унинг депутатлари ҳудудий сайлов округларидан кўп партиявийлик асосида 5 йил муддатга сайланади. 25 ёшга тўлган мустақил Ўзбекистон фуқаролари Олий Мажлисга сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Олий Мажлиснинг мутлақ ваколатларига қонунлар ва давлатнинг стратегик дастурларини қабул қилиш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг ваколатларини белгилаш, шунингдек, давлатнинг юқори қонун чиқарувчи органига хос бўлган бошқа ваколатлар киради. Олий Мажлис депутатлари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Миллий парламент сессиялари йилига камида икки марта ўтказилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |