Маъруза № 4,5 Йўл хўжалигида харажатлар
Режа:
1.Ишлаб чиқариш харажатлари, уларнинг моҳияти ва таснифланиши
2. Смета қийматига киритиладиган харажатлар
3. Таннарх ва уни камайтириш йўллари
Сметаларда кўзда тутилган автомобиль йўллари, кўприклар, йўл иншоотлари қурилиши билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қурилишнинг умумий смета қийматини акс эттиради (зарур бўлган умумий капитал маблағлар сарфини). Умумий смета қийматини алоҳида харажат турларига ажратиб чиқиш ва уларнинг умумий смета қийматидаги салмоғини фоизларда аниқлашга, қурилиш смета қийматининг структураси (таркибий тузилиши) дейилади. Капитал маблағнинг структурасига мувофиқ равишда қурилишнинг смета қиймати таркиби қурилиш ишларига (ер полотносини тайёрлаш, тайёргарчилик ишлари, сунъий иншоотлар, йўл қопламаси, йўл хизматининг бино ва иншоотлари, йўлларни ободонлаштириш ва бошқалар), технологик ускуналарни сотиб олишга, қурилаётган объект учун инвентарь ва асбоб-ускуналар сотиб олишга, монтаж ишларига, бошқа харажатларга (лойиҳа-изланиш ишлари, қурилишни техник назорат қилиш, илмий-текшириш ишлари, ҳаракатланувчи ҳарактердаги иш учун иш ҳақига қўшимча тўловлар ва ҳоказо) ажратилади.
Қурилиш смета қийматининг структураси асосан қурилаётган объектнинг тури ва вазифасига боғлиқ. Саноат қурилишида ишлаб чиқаришга хизмат қилувчи объектларни тиклашда қурилиш-монтаж ишларининг салмоғи 40-55 фоизни, ишлаб чиқаришга хизмат қилмайдиган объектларда 75-90 фоизни ташкил этади. Йўл хўжалигида эса асосий ўринни қурилиш-монтаж ишлари эгаллаб, унинг қурилишнинг умумий смета қийматидаги салмоғи 90 фоизга яқин бўлади.
Ҳар қандай турдаги ишларни бажариш ёки ҳар қандай конструктив элементни тиклашда смета харажатлари иқтисодий моҳиятига кўра смета харажатлари гуруҳини ташкил этувчи комплекс калькулияцион моддаларга бирлаштирилади. Калькулияцион моддалар қурилишда смета ҳисоб-китобларини бажариш бўйича қабул қилинган ягона услубиётга мувофиқ аниқланади.
Смета харажатларини гуруҳлаштириш уларни қуйидаги моддаларга ажратилишини кўзда тутади: тўғридан-тўғри харажатлар, (ТХ) устама харажатлар(УХ) ва режалаштириладиган жамланмалар (РЖ) СкмиқТХ+УХ+РЖ. Ҳар қандай объектнинг смета қиймати алоҳида конструктив элементлар ва иш турлари қийматидан ташқари ўз таркибига лимитланган харажатлар деб аталувчи вақтинчалик бинолар ва иншоотлар, бошқа ишлар ва кўзда тутилмаган ишлар учун харажатларни ҳам олади. Автомобиль йўлини қуришнинг тўлиқ смета қиймати алоҳида конструктив элементлар бўйича смета қийматларини қўшиб топилади (ер полотноси, йўл қопламаси, сунъий иншоотлар, йўлларни жиҳозлаш ва лимитланган харажатлар).
Тўғридан-тўғри харажатлар деб - маълум бир маҳсулотни ишлаб чиқариш, қурилиш ишлаб чиқариши технологияси билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларга айтилади. Уларнинг тўғридан-тўғри деб аталишига сабаб, уларни конкрет иш тури бўйича амалдаги смета меъёрлари ва нархлар асосида аниқлаш ҳамда бир-бирлик ишга нисбатан тақсимлаб қийматини топиш мумкин. Тўғридан-тўғри харажатлар таркибига қуйидагилар киради:
-қурилиш майдони ҳудудида қурилиш-монтаж ишлари билан машғул бўлган ишчиларнинг асосий иш ҳақлари. Ишчиларнинг қўшимча иш ҳақларига (таътил ҳақлари, компенсациялар, нафақалар тўлови) бўладиган харажатлар устама харажатлар таркибида ҳисобга олинади. Ишчиларнинг асосий иш ҳакларига хизмат кўрсатувчи хўжаликлар ва ёрдамчи ишлаб чиқариш ишчиларининг, ҳамда қурилиш, йўл машиналари ва транспорт воситаларини бошқариш билан шуғулланувчи ишчи механизаторларнинг иш ҳақлари қўшилмайди;
-материаллар, буюмлар, конструкциялар ва яримфабрикатларнинг қийматлари. Йўл қурилишида ишлатиладиган барча материаллар икки гуруҳга бўлинади: четдан келтириладиган ва маҳаллий материаллар.
Ҳудудий таъминот органлари орқали йўл хўжалиги қурилишларига етказиб бериладиган материаллар асосан четдан келтириладиган материаллардир. Улар қаторига битум, цемент, ёғоч материаллар, асидол, металл ва бошқалар киради. Қурилиш материаллари саноати корхоналарида, қурилиш индустриясидан, база ва маҳаллий тош материаллари карьерларидан, йўл хўжалигининг ёрдамчи корхоналаридан келтириладиган материаллар – маҳаллий материаллар саналади. Маҳаллий материаллар қаторига қум, шебень, шағал, асфальт–бетон ва темир – бетон аралашмалари конструкциялар ва бошқалар киради.
Тўғридан – тўғри харажатларда барча материаллар қурилишнинг объект олди франко омборхонаси нархларида ҳисобга олинади, яъни у нархлар улгуржи сотилиш нархлари, сотиш танлаш ташкилотларнинг устамалари, тара ва реквизитлари нархи, материалларни объектолди омборхоналаригача етказиб келиш учун бўлган транспорт харажатлари, тайёргарчилик – омбор харажатлари йиғиндисидан иборат бўлади.
Қурилиш ва йўл машиналарини, транспорт воситаларини тасарруфига бўладиган харажатлар машина ва механизмларни қурилиш майдонига етказиб келиш, уларни бир объектдан бошқа объектга кўчириш, монтаж ва демонтаж қилиш, амартизация ажратмалари, таъмирлаш харажатлари, ишчи – механизаторларининг иш ҳақлари, ёнилғи – мойлаш материалларига ва электр энергияга харажатлардан ташкил топади.
Қабул қилинган иш ўлчамига (100м2 га, 100м3 га 1м3 га, 1м2 га) тўғри келадиган тўғридан – тўғри ҳаржатлар миқдори бирлик қиймати деб аталади.
Бундай смета ҳисоб – китобларнинг объекти, лойиҳаларда кўзда тутилган, конструктив элементлари ва иш турлари бўйича иш ҳажмини бирлик қийматига кўпайтириб аниқланадиган тўғридан – тўғри харажатлар саналади.
Устама харажатлар- бу қурилишни ташкил этиш, бошқариш ва хизмат кўрсатиш харажатларидан иборат бўлиб, тўрт гуруҳдан ташкил топади: маъмурий хўжалик, ишловчиларга хизмат кўрсатиш, ишларни бажаришни ташкил этиш ва бошқа харажатлар. Устама харажатларни у ёки бу турдаги ишнинг бир – бирлигига нисбатан ҳисоблаб бўлмайди, чунки улар бутун қурилиш ташкилотига тегишлидир. Шу сабабли уларни тўғридан – тўғри харажатларнинг ҳар бир сўмига бир тёкисда тақсимланади ва сметаларда белгиланган меъёрларга мувофиқ аниқланади.
Устама харажатларнинг меъёрлари қурилиш ташкилотининг қайси идорага тегишлилиги ва иш турига боғлиқ бўлади. Устама харажатларнинг меъёрлари вазирликлар, идоралар ва респуликалар бўйича дифференцияланган. Техника тараққиётининг ўсиб бориши муносабати билан устама харажатларнинг меъёрлари вақти – вақти билан қайта кўриб чиқилади, чунки улар қурилишнинг механизациялашиш ва индустриализация даражасига, қўлланаладиган қўл меҳнатининг улушига, қурилиш ташкилотларининг қуввати ва структурасига, қурилиш материаллари нархларига ҳамда ташиш, электроэнергия тарифларининг ўзгаришига боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |