2. Ноаллел генларнинг ўзаро нокумулятив полимерия таъсири.
Кумулятив эффектга эга полимер генлардан ташқари, нокумулятив эффектга эга бўлган полимер генлар ҳам мавжуд. Бундай генларнинг фаолиятига мисол қилиб, ачамбити (Capsella bursa pastoris) ўсимлигида қўзоқ меваси шаклининг ирсийланишини кўрсатиш мумкин. Бу ўсимликнинг қўзоқ мевалари учбурчак ва тухумсимон шаклда бўлади. Агарда қўзоқ мевалари учбурчак шаклда бўлган ачамбитининг бир ирқини, мевасининг шакли тухумсимон бўлган бошқа ирқи билан чатиштирилса, биринчи авлодда олинган барча дурагайларнинг меваси учбурчак шаклда бўлади. дурагайларини ўзаро чатиштириб, иккинчи авлод дурагайларида бу белгининг ирсийланишини таҳлил қилсак, у ҳолда, F2 да иккита фенотипик синф ҳосил бўлади: 15/16 қисм учбурчак мевали ўсимликлар ва 1/16 қисм тухумсимон мевали ўсимликлар (24-расм).
Олинган далиллар ота-она ўсимликларнинг иккита ноаллел генлар бўйича фарқланишини кўрсатади:
Шундай қилиб, ҳар икки геннинг рецессив аллелларига эга (а1а1а2а2) ўсимликларнинг қўзоқ мевалари тухумсимон шаклда экан.
Генотипда доминант аллелнинг бўлиши туфайли мева учбурчак шаклда бўлади. Характерли томони шундаки, учбурчак шаклнинг ривожланиши доминант аллелларнинг сонига боғлиқ эмас. Генотипда 1 та доминант ёки 2 та доминант, ёхуд 4 та доминант аллел иштирок этса ҳам, учбурчак шакл ривожланади. Бу ҳолат полимер генларнинг нокумулятив эффектидир. Товуқлар оёқларидаги патнинг «бор-йўқлилиги» белгиси ҳам худди шу тарзда ирсийланади. Оёқлари патли ва оёқлари патсиз бўлган товуқ зотлари ўзаро чатиштирилганда, биринчи авлодда (F1) олинган жўжалар барчасининг оёқлари патли бўлган (25-расм).
F1 да вояга етган хўроз ва товуқларни ўзаро чатиштириб олинган F2 индивидларида ўрганилаётган белги бўйича ажралиш кузатилиб 15/16 қисм оёқлари патли ва 1/16 қисм оёқлари патсиз паррандалар олинган.
F2 да олинган натижа бошланғич товуқ ва хўрозларнинг икки жуфт генлар билан фарқланишини кўрсатади. Шунга кўра, оёқлари патсиз товуқларнинг генотипини а1а1а2а2 деб, оёқлари патли бўлган хўрозларнинг генотипини А1А1А2А2 деб оламиз. F1 да олинган паррандаларнинг генотипи А1а1А2а2. F2 да эса генотип ва фенотип бўйича қуйидагича ажралиш кузатилади:
Паррандалар оёқларининг патли бўлишлиги генотипда бўладиган доминант аллелларнинг сонига боғлиқ эмас. Битта доминант аллел (А1а1а2а2) ҳам, тўртта доминант аллел (А1А1А2А2) ҳам бир хил фенотипни – оёқларнинг патли бўлишлигини таъмин этади.
Шундай қилиб, ноаллел генлар ўзаро таъсирининг комплементар, эпистаз ва полимерия типларини кўриб ўтдик.
Уларнинг барчаси Мендель томонидан дидурагай чатиштириш учун белгиланган фенотип бўйича (9:3:3:1) ажралишнинг классик формуласининг кўринишини ўзгартиради. Келтирилган фенотип бўйича барча ажралишнинг типлари 9:3:3:1 каби қонуний ҳисобланиб, ажралиш генетик механизмининг бузилишини оқибати бўлмай, балки индивидуал ривожланишда генлар ўзаро таъсирининг натижаси ҳисобланади.
Генлар ўзаро таъсирининг комбинирланган типи билан IV бобда танишилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |