САККИЗЛИКЛАР
Армон билан боқиб турасан,
Мен-да армон, кўз ололмайман.
Мисли қуёш ёқиб турасан
Ёнимда сен ҳеч жилолмайман.
Кетиб армон, дармон бўлсайди,
Интизор қалб яйраб яшнарди.
Орзу осмон – имкон бўлсайди,
Қалблар ҳамдам – жуда ташнайди.
ХХХ
Хаёл сенда, безовта юрак,
Оромижон кулгинг соғиндим.
Доим ҳамдам орзую тилак,
Топгин имкон, келгин соғиндим.
Чаманларни яйратиб келгин,
Оламга бер файзу барака.
Булбул борки, сайратиб келгин,
Ташна қалблар етсин тилакка.
ОҚИБАТ1
Ҳақиқат кўрсатди ғолиблик кучин,
Бунда ёзганларим ҳаммаси ҳам чин.
Муаллиф.
- Балли, балли йигитча. Ҳамма ҳам мана шундай бўлсин. Ўзи кичкина, аммо кириш имтиҳонларининг ҳаммаси «аъло», - дерди Тошпўлнинг елкасига қоқиб Тўқлиев. У бу сўзларини ёнидаги новча ўқитувчига уқтирар, шу билан бирга студентларга шаъма қилаётгандек бўлар эди.
Аҳрор бу сўзларни эшитаркан, бутун вужуди титради, ўзини йўқотишига сал қолди. У гапираётган ўқитувчини ҳам, кўкларга кўтариб мақтаётгани йигитчани ҳам аниқ танирди. Чунки Аҳрор бу йигитча – Тошпўл билан кириш имтиҳонларини бирга топширган эди. У тил ва адабиётдан бўлган оғзаки имтиҳонни эслади. Аҳрор биринчи бўлиб жавоб берди ва ўқитувчи унга «аъло» баҳо қўйди, сўнгра болаларни тартиб билан чақириб туришни таклиф қилди.
Аҳрор болаларни чақириб турар экан, уларнинг жавобини ҳам тинглаб борарди. Мана, болалар ҳам кириб бўлди. Энг охири кирган икки боланинг бири Тошпўл эди.
- Хўш, қани биринчи саволни ўқинг, - деди ўқитувчи.
- «Кўчирма гапда тиниш белгилари».
- Хўп, гапиринг.
- Домла… эсимда йўқ.
- Ҳа, ўқимадингизми?
- …
- Иккинчи саволни ўқинг.
- «Муқимийнинг сатираси».
- Айтинг-чи?
- Муқимий ўз даврида жуда кўп сатиралар ёзган. Унинг… унинг… ҳали… «Ҳапалак» сатираси айниқса машҳур. Бунда бойларни танқид қилади.
- Нималар деяасиз. Буни ҳам билмайсиз. Хўш, учинчи саволга ўтинг.
- Учинчисини билмайман.
- Абдулла Қаҳҳорнинг «Қўшчинор чироқлари» романини ўқиганмисиз?
- Ҳа, ўқиганман.
- Сидиқжон ким?
- …
- Майли, сизга жавоб. Болалар имтиҳонга келиб бўлди, - деди ўқитувчи Аҳрорга қараб. Мана, ўшанда Аҳрор чиқаётиб, эшик олдида ўқитувчи Тўқлиевга дуч келган эди. Шуларни эслади-ю, Аҳрор оғир тин олди. Чунки у қабул қилинмаган. Тошпўл эса, университет студенти бўлиб олган эди. Аҳрор ич-ичидан куюниб ўйларди: Ҳайронман… нима деган гап, ҳеч нарса айта олмаган киши «аъло» олганми? Қани виждон?!.
* * *
Мана, сессия давом этмоқда. Тошпўл икки имтиҳондан йиқилиб чиқди. Ҳамма ҳайрон: «Нега йиқилади?», «Кириш имтиҳонларини аъло топширган-ку!» «Бу қандай бўлди?» Ҳамма унга шубҳа билан қарарди. Учинчи имтиҳон «Логика» ҳам топширилмоқда. Тошпўл ҳамма кириб бўлгач, охирида кирди.
- Ҳукм.
- Ҳукм деб нимага айтилади?
- Ҳукм деб бирор нарсани ҳукм қилишга айтилади.
- Нималар деяпсиз? Қани, бир мисол айтинг?
- Мисол… мисол, - Тошпўл ўйланиб қолди, - домла, эсимда йўқ.
- Ҳукм қандай бўлаклардан иборат?
- Икки бўлакдан иборат: бош ва ёрдамчи.
- Ҳмм… Буни ҳам билмайсиз. Хўп, бошқа саволни ўқинг-чи?
- Дедектив хулоса чиқариш, ёки дедукция.
- Хўп, айтинг-чи?
- Дедектив хулоса чиқариш… дедектив… домла, шу дарсда йўқ эдим.
- Хўп бўлмаса, тушунча билан тафаккур ўртасида фарқ борми?
- … Тушунча билан тафаккур ўртасида фарқ… Тушунча ҳам тафаккур қилишдир, фарқ йўқ деса бўлади.
- Демак, сизнингча фарқи йўқ?
- Йўқ, домла, - тасдиқлади Тошпўл.
-Ўқишга келганмисиз? Бу аҳволда университетга қандай кирдингиз?..
- …
- Ота-онангизнинг пулини бекорга еб юргинча, уйга бориб ишласангиз бўларди. Ўқинг, тайёрланинг, сўнг университетга келинг. Манг, имтиҳон дафтарчангиз.
Тошпўл чиқиб қараса, баҳо қўйилмабди. Демак, икки.
Тошпўл оғайини ўқитувчи Тўқлиевга «раҳмат» айтиб, университетдан кетди. Аҳрор эса, ярим йил эркин тингловчи бўлиб, кўп қийинчилик кўрди. Сессия даврида имтиҳонларни «аъло» топширди ва университетга қабул қилинди.
Ҳақиқат ўз ҳақлигини кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |