Қоғоз пулларнинг муомалага киритилиши. Манбаларга кўра, дастлабки қоғоз пуллар X асрнинг охири XI асрнинг бошларида Хитойда чиқарилган. Хитойда қоғоз пуллар муомалага чиқишида мамлакатда қоғознинг кашф этилганлиги ва босма машиналарининг яратилганлиги муҳим аҳамият касб этган. Дастлаб муомалага чиқарилган қоғоз пуллар “эркин танга”, кейинчалик “қимматбаҳо қоғоз тангалар” деб юритилди, улар мамлакатда эркин айланадиган тўлов воситалари бўлсада олтин ёки товарлар билан таъминланмаган эди.
Қоғоз пуллар квадрат шаклда бўлиб, бир томонида императорнинг номи ва династицияси ҳақидаги маълумотлар, иккинчи томонида эса “Ғазначилик бошқаруви илтимосига кўра қарор қилинди, ҳукумронлик қилувчи император томонидан тасдиқланган ва ушбу ёзув бўлган бу қоғоз танга қийматга эга ва ҳақиқий кумуш танга қаторида тўловга қабул қилиниши шарт. Ушбу тартибни бузган ҳар қандай шахснинг боши кесилади” деган мазмундаги сўзлар битилган эди.
Хитойда муомалага чиқарилган қоғоз пулларнинг ҳажми ортиб кетганлиги ва уларни тартибга солиш механизмлари мавжуд бўлмаганлиги боис жуда тез вақт ичида қадрсизланиб кетади. Натижада 1500 йилларга келиб қоғоз пулларни муомалага чиқариш бекор қилинади.
Европада дастлабки қоғоз пуллар Стокголим банки томонидан 1661 йилда эмиссия қилинган. Европада қоғоз пуллар эмиссиясининг намояндаларидан бири шотландиялик Джон Ло (1671 – 1729) ҳисобланади. Унинг таълимотига кўра, муомалага чиқарилган қоғоз пуллар ишлаб чиқарувчилар фаоллигини оширади ва давлатнинг хазинасини тўлдиришда жуда қулай восита ҳисобланди. У ўзининг таълимотини 1716 – 1720 йилларда Францияда ўзи ташкил этган банк орқали амалга оширишга эришди. Бироқ, муомалада қоғоз пуллар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетиши натижасида пулларнинг қадри тушиб кетди ва унинг таълимоти инқирозга юз тутди.
Ўзбекистонда қоғоз пуллар 1918 йилдан бошлаб дастлаб Бухоро амирлигида муомалага чиқарилган. Муомалага чиқарилган номинали 20, 60, 100, 200, 300, 500, 1000, 2000, 3000, 5000, ва 10000 қоғоз пуллар танга деб аталган.
1920 йилда Бухоро Шўро қўшинлари томонидан босиб олиниб, Бухоро амирлиги ўрнига Бухоро Совет Халқ Республикаси (БСХР) ташкил этилади. Янги БСХР да 1920 йилда Бухоро амирлиги томонидан чиқарилган металл ва қоғоз тангалар муомалада бўлиб келади, ҳамда уларни бир оз ўзгартирилган ҳолда чиқариш, яъни совет символикаси қўйилган ҳолда танга номи билан қоғоз пуллар муомалага чиқариш давом этган. 1921 йилда БСХР муомалага янги, номинали рублда кўрсатилган қоғоз пулларни чиқара бошлайди. Бу пуллар 3000, 10000 ва 20000 рубл номиналда муомалага чиқарилган.
1922 йилда БСХР томонидан деноминация амалга оширилиб, пулларнинг номинали юзлаб марта камайтирилган ва 1, 5, 10, 25, 100 рубллик янги пуллар муомалага чиқарилган. Аммо кўп ўтмасдан, кучли инфляция натижасида паст номиналдаги пул бирликлари бозор эҳтиёжларини қондира олмай қолади ва 1000, 2500 ва 5000 рубллик пуллар босиб чиқарила бошлаган10.
Хулоса қилиб айтганда, пулнинг вужудга келиши жамият ижтимоий – иқтисодий жараёнларини ривожланиши ва такомиллашиб бориши билан бевосита боғлиқ бўлиб, буларнинг ичида кишилар ўртасида меҳнат тақсимотининг пайдо бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, биз яшаб истиқомат қилаётган заминда пулларнинг вужудга келиши унинг тарихи ва цивилизацияси жуда бой ва қадимий эканлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |