I БЎЛИМ. ПУЛ
1 – БОБ
ПУЛНИНГ ЗАРУРЛИГИ ВА МОҲИЯТИ
1.1. Пулнинг вужудга келиши ва зарурлиги
Пулнинг вужудга келиши кишилик жамияти цивилизациясининг буюк кашфиётларидан ҳисобланади. ”Пул” деб номланган махсус товарнинг пайдо бўлиши натижасида одамлар ўртасида айирбошлаш билан боғлиқ зиддиятлар ва «эҳтиёжларнинг бир – бирига мос келмаслиги» каби муаммолар барҳам топди.
Пулнинг вужудга келиши, унинг эволюцион ривожланиши, назарияси, моҳияти ва функциялари ҳақида хорижий ва маҳаллий иқтисодчи олимлар, назариячилар, мутахассислар жуда кўп илмий асарлар, мақолалар ва тадқиқот ишлари яратган. Ҳозирги кунда ҳам ушбу жараён давом этмоқда. Иқтисодий адабиётларда пулнинг вужудга келиши ва унинг ҳозирги кундаги кўриниши ҳақида ягона ёндашув мавжуд эмас.
Пулнинг вужудга келиш сабабини билиш учун қадимда одамлар ўртасида рўй берган айирбошлаш муносабатларини амалга ошириш жараёнига эътибор қаратиш лозим. Чунки, айнан мана шу табиий айирбошлаш жараёни ҳозирги кунда сиз билан биз кундалик ҳаётда ва ҳисоб – китобларда фойдаланиб келаётган пулнинг вужудга келишига замин яратган. Хусусан, пулнинг вужудга келишига қуйидаги омиллар асос бўлиб хизмат қилади:
қадимги даврда одамлар ўз эҳтиёжидан ортиб қолган истеъмол маҳсулотлари туриб қолмаслиги ва сақлашнинг имконияти бўлмаганлиги боис уларни ўзларига яқин ёки таниш одамларга берган, бу ўз – ўзидан одамлар ўртасида стихияли равишда бир томонлама айирбошлаш муносабатлари вужудга келишига сабаб бўлган;
кейинчалик одамларнинг онги, дунёқараши ва ҳаёт кечириш тарзи ривожланганлиги натижасида, икки томонлома айирбошлаш муносабатлари вужудга кела бошлади. Бу даврда, кишиларда ўзига зарур бўлмаган буюмнинг ўрнига нимадир олиш эвазига, иккинчи кишига бериши лозимлигини англай бошладилар.
Буларнинг барчаси дастлаб стихияли равишда содир этилиб, бу одамларнинг кундалик учун зарур бўлган буюмлар, озиқ – овқатлар, кийим – кечаклар ва бошқа эҳтиёжларини қондириш натижасида рўй берган. Бу давр ишлаб чиқариш усулининг натурал хўжалик тузуми даврига бориб тақалади. Маълумки, натурал хўжалик тузумидан илгариги даврда ҳар бир киши кунлик эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотни мустақил равишда ишлаб топган (яратган)лиги боис, улар ўртасида айирбошлаш муносабатларига эҳтиёж мавжуд бўлмаган.
Юқорида қайд этилган икки омил, кишилар ўртасида айирбошлаш муносабатларининг шаклланишига замин яратди, натижада одамлар ихтиёридаги ортиқча маҳсулотни ўзи учун зарур бўлган бошқа маҳсулотга айирбошлашга эҳтиёж сеза бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |