3. Полиз экинларининг чиқиб келиши ва тарқалиши. Маданий қовунлар Ҳиндистон, Ироқ, Афғонистон, Марказий ва Кичик Осиёдан чиқиб келган. Бу мамлакатларда ҳозиргача қовуннинг ёввойи турларидан тортиб то ширинлиги бўйича тенги йўқ навлари ўсади. Мисрда 3-4 минг йиллар олдин қовуннинг ярим маданий шакллари бўлганлиги қадимги қабр тошларида чизилган расмлардан маълум. Марказий Осиёда қовунлар эрамиздан олдинги IV асрда етиштирилган. Бу тўғрида қадимий Хоразм шаҳарларидаги археологик қазилмалардан топилган қовун уруғлари далолат беради.
Эрамизнинг IV асрида Румда қовун кенг майдонларда ўстирилган. Тарвуз ўсимлигининг чиқиб келиш маркази Жанубий тропик ва Марказий Африка ҳисобланади. Тарвузнинг шаклланиш ва тарқалиш маркази Мисрдир. Бу ерда тарвуз 4000 йил аввал маълум бўлган.
Тарвузнинг чиқиб келиш марказларидан бири Ҳиндистондир. Эрамиздан олдинги II асрда бу ерда тарвуз етиштирила бошлаган.
Қовоқнинг барча маданий турлари Америкадан чиқиб келган, шу жумладан, йирик мевали қовоқ-Жанубий Америка, қаттиқ пўстли қовоқ-Шимолий Америка ва мускат қовоқлари-Жанубий Мексика ва Марказий Америкадан чиқиб келган. Археологик қазилмалар кўрсатишича, қовоқнинг маданий шакллари эрамиздан 3000 йил аввал инсониятга маълум бўлган.
Полиз экинлари ер куррасининг тропик, субтропик ва мўътадил иқлимли барча мамлакатларда етиштирилади. Жаҳон бўйича полиз экинлари экиладиган майдон-2,8-2,9 млн. гектарни ташкил этади. Шулардан 70 %-тарвуз, 20 %-қовун ва 10 %-қовоқ экинлари ташкил этади. Бутун дунё бўйича полиз маҳсулотини ишлаб чиқариш кўрсаткичи: тарвуз-23-26 млн. тонна, қовун-6,4-6,6 млн. тонна, қовоқ-4-5 млн. тоннани ташкил этади.
Полиз меваларини энг кўп етиштирадиган мамлакатлар қаторига Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Россия Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси, Япония, Украина киради. Бу мамлакатларда 1 млн. тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мексика, Испания, Италияда 500 минг тонна полиз мевалари етиштирилади. Полиз экинларининг йирик майдонлари Қозоғистон, Миср, Руминия, Югославия, Болгария, Греция, Эрон, Афғонистон, Яқин Шарқ мамлакатлари, Марказий ва Жанубий Америка ва Австралияда жойлашган.
Тарвузнинг 95 % турли намуналари Россиянинг жанубида, АҚШ, Хитой, Япония, Кичик ва Марказий Осиё мамлакатларида тўпланган.
4. Ўзбекистон Республикасида тарқалган полизчилик турлари:
Суғориладиган ер полизчилиги - бунда полиз экинлари ўсув даври давомида 10-14 маротаба суғорилади. Мамлакатимизда суғориладиган полиз экинлари майдонлари 88-90 % ни ташкил этади.
Лалмикор полизчилик - бунда полиз экинлари денгиз сатҳидан 1200-1500 метр баландликда бўлган, чириндига бой, тўқ тус бўз тупроқли ва табиий ёғин миқдори 545 мм гача бўладиган тоғ олди зонасида ёки денгиз сатҳидан 500-700 метр баландликда жойлашган типик бўз тупроқлар ва ёғин миқдори 250-300 мм бўладиган адир текисликларда суғорилмасдан етиштирилади. Лалмикор полиз экинлари майдони умумий полиз майдонининг 9-10 % ини ташкил этади.
Ярим суғориладиган полизчилик - бунда полиз экинлари сув танқис бўлган тоғ олди зоналарида етиштирилади. Бундай ерларда асосан тарвуз экилиб, экиш олдидан бир марта ва ўсув даврида 1-2 марта сув ҳавзаларида тўпланган ёғин сувлари, шунингдек тоғ булоқлари суви билан суғорилади.
Жангил полизчилиги - бу ерларда полиз экинларининг кечки навлари суғорилмасдан, ер ости сизот сувлари ҳисобига етиштирилади. Экиш муддатлари бу ерда бироз кечиктирилади. Бу турдаги полизчилик дарё бўйларида, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ерларда кенг тарқалган.
Чўл полизчилиги - бундай ерларда полиз экинлари қумга ёки ерга хандаклар қазиб экилади. Бу полизчилик турида ҳам ер юзасига яқин жойлашган сизот сувларидан фойдаланилади.
Ҳимояланган жой полизчилиги - мамлакатимиздаги бу полизчилик майдонлари деярли катта эмас. Полиз экинларидан (қовун ва тарвуз) эрта ҳосил олиш учун плёнкали иссиқхоналардан ва кичик ҳажмдаги плёнкали қурилмалардан фойдаланилади.
Ўзбекистонда асрлар давомида қовун ва тарвузларнинг дунёда тенги йўқ навлари яратилиб, қовунчилик маконлари шаклланган. Ҳозирги кунда ушбу қовунчилик маконлари қуйидагича тавсифланади:
Do'stlaringiz bilan baham: |