I. Аллотетраплоид тур - Triticum durum нинг келиб чиқиш схемаси:
1. Турлараро дурагайлаш методи
♀ Triticum monococcum х ♂ Aegilops speltoides
2n=14 (2x) 2n=14 (2x)
геном АА геном BB
↓
F1 2n=14 (7A+7B) ўсимликлар пуштсиз
2. F1 ўсимликларида аллополиплоид методини қўллаб хромосомалар сони икки ҳисса кўпайтирилади. Бу цитогенетик жараён натижасида олинган F1 ўсимликларининг хромосомалар сони икки ҳисса кўпайиб уларнинг гомологиклиги ва авлод қолдириш қобилияти тикланади. Бунинг натижасида ҳосил бўлган Triticum durum геном группалари ва кариотипи бўйича қуйидаги ҳолатга келади: Triticum durum 2n=28 (4x), геном ААВВ.
II. Аллогексаплоид тур – Triticum aestivum нинг келиб чиқиш схемаси:
Турлараро дурагайлаш методи
♀ Triticum durum х ♂ Aegilops squarrosa
2n=28 (4x), 2n=14 (2x),
геном AABB геном DD
↓
F1 2n=21 (7A+7B+7D) ўсимликлар пуштсиз
F1 ўсимликларида аллополиплоид методини қўллаб хромосомалар сони икки ҳисса кўпайтирилади. Оқибатда уларда хромосомаларнинг гомологиклиги ва авлод қолдириш қобилияти тикланади. Бунинг натижасида ҳосил бўлган Triticum aestivum геном группалари ва кариотипи бўйича қуйидаги ҳолатга келади: Triticum aestivum 2n=42 (6x), геном AABBDD.
Буғдойнинг бу турига мансуб навлар энг юқори ҳосилдорликка эга бўлиб, юқори сифатли маҳсулот беради. Шунинг учун улар дунё дончилигининг асосий майдонларини эгаллайди.
Дунё деҳқончилигида етакчи ўринни эгаллаб турган аллополиплоид маданий ўсимликлар қаторига ғўза ўсимлиги туркуми (Gossypium L.) нинг турлари ҳам киради. Бу ғўза турларида қуйидаги 2 та полиплоид қатор мавжуд: 1) диплоид турлар 2n=26 (2x). Улар жумласига аксарият ёввойи ва маданий ғўза турлари киради. Масалан, диплоид маданий турлар қаторига Gossypium herbaceum ва Gossypium arboreum киради. 2) аллотетраплоид ғўза турлари гуруҳига Gossypium hirsutum ва Gossypium barbadense турлари киради. Уларнинг навлари дунё пахтачилик майдонининг асосий қисмини эгаллайди. Уларнинг кариотипи ва геном гуруҳи қуйидагича 2n=52 (4x), геном AADD (иловада 104-расм). Ғўзада аллотетраплоид турлар келиб чиқишининг генетик ва цитогенетик асосларининг схемаси қуйидагича:
Турлараро дурагайлаш методи
♀ G.herbaceum var.africanum х ♂ G.raimondii
2n=26 (2x), геном AA 2n=26 (2x), геном DD
↓
F1 2n=26 (13A+13D) ўсимликлар пуштсиз
F1 ўсимлигида аллополиплоид методини қўллаб хромосомалар сони икки ҳисса кўпайтирилади. Оқибатда уларда хромосомаларнинг гомологиклиги ва авлод қолдириш қобилияти тикланади. Бунинг натижасида ҳосил бўлган G.hirsutum ва G.barbadense турлари аллотетраплоид ҳолатга келиб пуштлилиги тикланиб қуйидаги кариотип ва геном группалари билан характерланади: 2n=52 (4x), геном AADD. Ғўзанинг бу турларига мансуб навлари дунё пахтачилигининг асосий майдонини эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |