3. Муҳаммад Ёқуб
Унинг суратлари очиқ манбаларда мавжуд эмас / РБК иллюстрацияси
Марҳум мулла Умарнинг ўғли, Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг ҳарбий ишлар бўйича ўринбосари. Унинг ёши 30 атрофида.
Мулла Ахтар Мансур 2016 йилда америкаликларнинг дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлгач, унинг ўрнига «Толибон» раҳбарлигини эгаллаш учун асосий номзод сифатида кўрилган. Аммо унинг ўзи ҳали жуда ёшлиги ва тажрибасизлиги туфайли Охунзода номзодини таклиф этган - бу ҳақда Al Jazeera телеканали ўша учрашувда иштирок этган манбасига асосланиб хабар берган.
У Муҳаммад Ёқуб Абдулғани Биродар билан ҳам яхши муносабатларга эга ва Афғонистон ҳукумати билан тинч музокаралар ўтказиш тарафдори бўлиб келган, ҳаракатнинг мўътадил қанотини ифода этади. Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) унинг Саудия Арабистони билан яқин алоқаларга эгалиги ҳақида ёзган.
2020 йилда ҳаракат раҳбари коронавирусга чалинганида вақтинча ташкилот раҳбари вазифасини бажарувчи бўлган.
10 август куни ҳукуматга қарши ҳарбий ҳаракатлар авж палласига кирган маҳалда «Толибон» билан боғлиқ ресурслар унинг ҳаракат аъзоларига йўллаган мурожаатининг аудиоёзувини тарқатишди. Беш дақиқалик нутқида у ҳужумлар вақтида қатағонлар қилмасликка чақирган. Хусусан, қуролларни топшириб, таслим бўлган ҳукумат ҳарбийларини ўлдирмасликни, шунингдек, аҳоли ташлаб кетган уйларни, ходимлар жонини омон сақлаш учун кетиб қолган бозорларни ҳамда корхоналарни талон-тарож қилмасликни сўраган.
Афғонистонлик журналист Фрад Бежаннинг сўзларига кўра, у Покистондаги исломий мактабларда таҳсил олган, отасининг обрўси туфайли ҳаракат раҳбариятига кирган.
4. Сирожиддин Ҳаққоний
Сирожиддин - советларга қарши курашган мужоҳидлар етакчиларидан бири бўлган ва америкаликлар томонидан қўллаб-қувватланган Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли. Унинг ўзи ҳам 1980-йилларда мужоҳидларнинг асосий дала қўмондонларидан бирига айланган. Жалолиддиннинг вафоти ҳақида 2018 йилда эълон қилинган, толибларга қўшилишдан олдин Сирожиддин отаси томонидан тузилган «Ҳаққоний тармоғи» номли йирик гуруҳни бошқарган.
У 2015 йилда толиблар «бошқаруви»га қўшилган. Унгача отасининг ташкилоти жангчилари биланбирга курашни давом эттирган.
«Ҳаққоний тармоғи» толиблар сафидаги энг яхши ташкиллаштирилган ва жанговар қобилияти юқори бўлган қисм ҳисобланади. Бу ташкилот афғон армияси ва халқаро коалиция ҳарбийларига уюштирилган энг шов-шувли ҳужумлар, шунингдек, Кобулдаги меҳмонхона, Ҳиндистон элчихонаси ҳамда аввалги президент Ҳамид Карзайга суиқасд учун жавобгар саналади.
Сирожиддин Ҳаққонийнинг ёши 45 атрофида. Унинг ҳозирги манзили маълум эмас. Мавжуд маълумотларга кўра, бу гуруҳ Афғонистон жануби ва жануби-шарқидаги ҳудудларни, хусусан, Покистон билан чегаранинг катта қисмини назорат қилиб келади. АҚШ томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркалган.
Америкалик ҳарбийлар маълумотига кўра, «Толибон»да ҳарбий режалаштириш ишларига масъул бўлган. «Сирожиддин «Толибон» учун ҳарбий режалар тузиш билан машғул бўлади, бизнингча, у параллел ҳукуматдаги губернаторларни тайинлайди», дейилган АҚШ ва НАТО кучлари сафида Афғонистонда бригада генерали бўлган Чарльз Кливленд 2016 йилда The New York Times нашрида эълон қилган мақоласида.
Америкалик дипломатлар ота-бола Ҳаққонийлар Покистон билан қалин алоқаларда бўлганини айтишган. ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси маълумотига кўра, Ҳаққоний «Пешовар» кенгашини бошқаради. Бу ташкилот аввал Охунзода, кейин Муҳаммад Ёқуб бошқарувидаги «Кветта кенгаши/Кветта шўроси» билан рақобат қилади.
Ўтган йилда, Доҳадаги келишув тузилишидан бироз олдинроқ New York Times нашрида унинг номидан эълон қилинган «Биз, Толибон, нимани истаймиз» сарлавҳали мақолада шундай дейилади: «Қирқ йилдан ошиқ вақт давомида афғонларнинг қимматли ҳаёти хазон бўлиб келди. Барча урушдан чарчаган. Одамларни ўлдириш ва майиб қилишни тўхтатиш зарурлигига ишончим комил».
Do'stlaringiz bilan baham: |