Малаканинг ўзаро салбий таъсири - Тузилиш дастлабки фазаларига ўхшаш ва кейингилари ўртасида катта фарқлар бўлган ҳаракат фаолиятини ўзлаштириш жараёнида малакаларнинг ўзаро салбий таъсири кўпинча сезилиб туради. Агар навбат билан бундай ҳаракат фаолиятларини таркиб топтириб кўрилса, у вақтда бир ҳаракатдан иккинчи ҳаракатга, яъни янги ўрганилгандан ва дастлабки фаза бўйича ўхшаш бўлганҳаракатга беихтиёр ўтиш мумкин. Асаб тизими ўз фаолиятини ҳар доим анча тежам билан амалга оширишга интилади. Чунки И.П.Павлов ва унинг шогирдлари кўрсатиб ўтишганидек, асаб тизими учун одат тусига кирган стериотиплик фаолият, ҳатто бу фаолият бирмунча соддароқ бўлса ҳам янги фаолиятга қараганда енгилроқдир.
Ўргатиш жараёнида ўқув материалини рақобатлашувчи малакаларнинг бир вақтда таркиб топишига йўл қўймасликни ёки кўчишнинг салбий таъсири анча кам бўлишини таъминлайдиган қилиб режалаштириш муҳимдир. Масалан: олдин турник ёки брусда бир оёқда осилиб кўтарилиш эмас, балки тўнкарилиб кўтарилиш мақсадга мувофиқдир.
Туғма автоматизмларнинг таъсири - Мураккаб ҳаракат фаолиятларини эгаллашда туғма автоматизмлар анча муҳим аҳамиятга эгадир. Баъзи ҳолларда улар ёрдам берса, баъзи вақтда ҳалақит беради. Масалан: координацион қадамлари туғма чалиштириб юриш, югириш ва бошқа бир қатор ҳаракатларнинг табиий асосини ташкил этади.
Ўргатиш кетма-кетлиги ўргатилаётиб, шу каби туғма координацион ҳаракатлар томонидан яратиладиган ижобий имкониятлардан фойдаланишга интилиш кераклиги ўз-ўзидан маълумдир.
Масалан: сувда сузишга ўргатишни брасс, кроль усулидан; чанғида юришни бирдан икки оёқни қузғатишдан эмас, бирин-кетин қадам ташлаб юришдан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бир қаторда, кўп ҳолларда иннервация ва бўйинни мустаҳкамлаш рефлекслари билан боғлиқ бўлган туғма автоматизмларни енгиш талаб қилинади.
Ҳаракат малакаларини шакллантириш ва жисмоний сифатларни тарбиялаш - Жисмоний тарбия жараёнида бола педагог раҳбарлигида дастурда кўзда тутилган ҳаракат малакасини ва кўникмасини эгаллайди. Турли ҳаракатларга ўргатиш жараёнида малака ва кўникмаларни шакллантириш жисмоний сифатларни тарбиялаш билан узвий боғлиқликда амалга оширилади. Жисмоний сифатларни ривожлантириш жараёнида ўқувчилар жисмоний машқларнинг янги шаклларини эгаллаш қобилиятлари ошиб боради. Жисмоний маданият назариясида ҳаракат малакаси ҳаракат техникасини эгаллаш даражаси билан белгиланади. Ҳаракат малакасининг икки тури фарқланади: улардан бири яхлит ҳаракат фаолиятини амалга оширишда, иккинчиси айрим, мураккаблигига кўра турлича ҳаракатларда ифодаланади.
Ҳаракат малакаси - бу ҳаракат техникасини эгаллаш даражаси бўлиб унда ҳаракатларни бошқариш автоматик тарзда кўчади ва ҳаракатлар ўзининг жуда ишончлиги билан ажралиб туради.
Ҳаракат малакаларининг бола учун амалий аҳамияти жуда катта. Ҳосил қилинган кўникмалар жисмоний, руҳий кучларни тежамкорлик билан сарф этиш, яхлит ҳаракат фаолиятига кирувчи ҳаракатларни тез ва аниқ бажариш имконини беради. Улар онгли равишда машқлар бажариш натижасида унинг бажариш усули ва қоидаларини такомиллаштириб борадилар ва шу малакага биноан машқларни маълум бир вақт оралиғида техник жиҳатдан тўғри бажара олиш қобилиятини сақлаб қоладилар. Ҳаракатларнинг уюшган ҳолда, аниқ ва тез бажариш болаларнинг руҳиятини оширади.
Жисмоний сифатларни тарбиялаш жисмоний тарбиянинг асосий вазифаларидан биридир. Жисмоний сифатлар бола организмининг морфофункционал, психофизиологик ва биологик хусусиятлари билан боглиқдир.
Жисмоний сифатларни, ҳаракат кўникмаларини ўргатиш билан биргаликда тарбиялаш боланининг такомиллашувига, танасининг соғломлашувига, ҳиссий руҳининг кўтарилишига таъсир кўрсатади, болалар ҳаракатларни тобора ишонч билан бажарадилар, янги ҳаракатларни тезроқ, осон бажарилишига, юқори натижаларга эришишга интиладилар, ижобий мустақиллик кўрсатадилар.
Асосий жисмоний сифатларнинг /тезкорлик, чаққонлик, чидамлилик, куч ва эгилувчанлик/ ривожланиши ҳаракат малакаларининг шаклланиши билан узвий боғлиқ. Ана шу жараёнга хизмат қилувчи машқлар қатъий изчилликда ва ҳаракат таъсири мураккаблаштирилган ҳолда жисмоний тарбия дарслари таркибига, ўйин соатларига, спорт машқларига ҳамда ўқувчиларнинг мактабдан ва синфдан ташқари спорт тадбирлари таркибига киритилади. Ҳаракат кўникмаларини шакллантиришга эътибор айниқса мактаб кун тартибида олиб бориладиган жисмоний соғломлаштириш тадбирлари давомида амалга оширилиши керак. Катта танаффусларда ўтказиладиган ҳаракатли ўйинлар, дарс бошланишидан олдин ўтказиладиган эрталабки гимнастика, сайрлар, синфдан ташқари олиб бориладиган оммавий тадбирларнинг барчаси жисмоний сифатларнинг тарбияланишига имкон яратади. Ҳар бир жисмоний сифат учун алоҳида ўзига хос машқлар мажмуаси танланади ва махсус усулда бажартирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |