Халқ педагогикасида тарбия методлари. Халқ педагогикаси ўзбекона ахлоқ, одоб ва тарбиянинг барча қирраларини ўзида мужассамлаштирган. Халқ педагогикасида турлича тарбия методлари ҳамда воситаларидан фойдаланилади. Бу метод ва воситалар ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, кўп жиҳатлари билан илмий педагогикадан устунлик қилади. Бинобарин, ушбу методлар илмий педагогиканинг шаклланишига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Халқ педагогикасида қўлланилган хилма-хил тарбия методларини қуйидаги тарзда умумлаштириш мумкин:
1. Тушунтириш (ҳикоя қилиш, ўргатиш).
2. Машқлантириш (одатлантириш, машқ қилдириш).
3. Намуна (маслаҳат бериш, узр сўраш, ўрнак бўлиш).
4. Насиҳат қилиш, ўгит (ундаш, кўндириш, илтимос қилиш, ёлвориш, тилак-истак билдириш, маъқуллаш, раҳмат айтиш, дуо қилиш, оқ йўл тилаш ва ҳоказолар).
5. Қоралаш ва жазо (таъкидлаш, таъна, гина, танбеҳ бериш, мажбур қилиш, койиш, айблаш, уялтириш, қўрқитиш, нафратланиш, онт-қасам
ичириш, уриш, калтаклаш ва ҳоказолар).
Халқ педагогикаси намуналари, тарбия методлари ва тарбиявий таъсирлар муайян воситалар ёрдамида қўлланилган. Меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, турли меҳнат жараёнлари, ҳашарлар, турли гурунглар (чойхона, тўй маросимлари), сайиллар, оилавий анъаналар (туғилган кун, фуқаролик паспорти, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий маълумотга эгалик тўғрисидаги аттестат ва диплом, давлат мукофотларини олиш каби ҳолатларни нишонлаш) ва мусобақалар ўзига хос тарбия воситаси саналади.
Ижтимоий онгни шакллантирувчи методлар ўқувчиларда маънавий-ахлоқий сифатлар, эътиқод ҳамда дунёқарашни шакллантириш мақсадида уларнинг онги, ҳис-туйғуси, иродасига таъсир кўрсатиш усуллари саналади. Улар ёрдамида ўқувчилар онгига жамиятда устувор ўрин тутувчи ижтимоий ғоя ва мақсадлар сингдирилади. Ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларнинг ҳаёт мазмунини тушуниб олишларига кўмаклашиш учун ижтимоий онгни шакллантирувчи усуллар қўлланилади.
Ўқувчиларда ғоявий онглилик ва ижтимоий фаоллик, яъни, давлатнинг ички ва халқаро сиёсати мазмунини тушуниш ва идрок қилиш кўникмаларини тарбиялаш лозим. Тушунтириш ижтимоий онгни шакллантиришда энг кўп ишлатиладиган усулдир.
Тушунтиришда ўқувчиларга мамлакат фуқаросининг давлатга нисбатан муайян ҳуқуқ ва бурчлар асосида боғланганлиги борасида маълумотлар берилади. Бунда давлат байроғи, герби, мадҳияси ҳамда Конституциясига садоқат руҳида тарбия беришнинг аҳамияти катта. Шу сабабли давлат байроғи, герби, мадҳияси, Конституциясининг моҳияти тушунтириалди.
Суҳбат. Ўқувчи шахсини ғоявий ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан шакллантиришда ўқитувчининг жонли сўзи энг таъсирчан усул ҳисобланади. Суҳбат учун мавзу танлашда унинг долзарблиги, синф ўқувчиларга мослиги, уларда маънавий-ахлоқий сифатларни шакллантириш имкониятини ҳисобга олиш зарур. Суҳбат қуйидаги мавзуларда уюштирилиши мумкин:
Суҳбатларнинг меҳнат, ҳуқуқий, экологик, иқтисодий ва гигиеник мавзуларда ташкил этилиши ҳам ижобий натижаларини беради.
Суҳбат давомида ўқувчиларга уларнинг ўз фикрларини эркин ифода этишлари ҳамда мустақил фикрлашларига имкон берувчи саволлар билан мурожаат қилиш фойдали. Бу борада баҳс-муноазараларнинг аҳамияти катта.
Ҳикоя. Ўқувчилар одатда ҳаёт ва турли адабиётлардан олинган аниқ мисоллар билан бойитилган ҳикояларни катта қизиқиш билан тинглайдилар. Уларга ахлоқ меъёрлари, халқ ўтмиши, табиий бойлар, қаҳрамонлар ҳаёти ва жасорати, шунингдек, тарих, адабиёт ва санъат ҳақида ҳикоя қилиб бериш мумкин. Бадиий адабиёт намуналари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари – радио, телевидение, газета ва журналлар саҳифаларида эълон қилинган маълумотлар ҳам ўқувчилар учун қимматли материал бўлади. Суҳбат ҳам, ҳикоя ҳам ўқувчиларнинг ёшига мос мавзуларда улар тушунадиган сўзлар воситасида адабий тилда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Суҳбат ёки ҳикоя мавзусининг ўқувчилар томонидан белгиланиши, уларнинг самарали кечишини таъминлайди, бунинг натижасида ўқувчилар илгари сурилаётган мавзуга бефарқ қарамайдилар.
Намуна. Ўқувчилар ўз атрофидаги кишиларда ҳамма яхши ахлоқий сифатларни кўришлари ва ибрат олишлари ниҳоятда муҳим.
Ўқитувчининг шахсан ўзи намуна бўлиши, айниқса, ёшларга катта таъсир кўрсатади. Улар ўқитувчининг дарсда ва ҳаётда ўзини қандай тутишини, атрофдаги кишилар билан қандай муомала қилишини, ўз вазифаларини қандай бажаришини кузатиб юрадилар.
Ўқувчилар ўзларига яқин кишиларнинг хулқ-атворига тақлид қиладилар, Хулқ-атворлар болаларда яхши сифатларнинг, баъзан эса ёмон сифатларнинг ҳам таркиб топишига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ўқитувчи ва ота-оналар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини тута билишлари керак. Улар қаерда бўлишмасин, атрофларида болалар борлигини ҳис этишлари лозим. Катталар сўз ва амалий ҳаракатларида тафовут бўлмаслигини таъминлашлари керак.
Илғор кишиларнинг ҳаёти ва фаолиятидан олинган маълумотлар, адабий асар, кинофильм ва спектакллар қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатидаги яхши намуналар болаларнинг онгига кучли таъсир қилади.
Мактабларда ишлаб чиқариш илғорлари билан учрашувлар ўтказилади. Ўқувчилар ўз ота-оналарининг ишлаб чиқаришдаги муваффақиятлари билан фахрланадилар, уларга тақлид қилишга интиладилар.
Намунада халқ педагогикаси ғояларидан ҳам фойдаланилади. Ота-оналар ўз фарзандларини ҳамиша катта ҳаётий тажрибага эга, дунёқараши ва билим доираси кенг кишилардан ибрат олишга даъват қилиб келганлар. Масалан, “Қуш уясида кўрганини қилади”. Жуда оддий хулоса. Шу оддий хулоса остида қанча фикрлар жамланиб ётгавнлигини ҳамиша ҳам фаҳмига боравермаймиз. Бу билан халқ халқ “уйингда тартибли бўл, акс ҳолда боланг кўчада тартибсиз бўлади”, “бола олдида бировларнинг ғийбатини қилма, боланг ғийбатчи бўлади”, демоқчи.
Do'stlaringiz bilan baham: |