Кимёвий моддалар билан ўсмаларни пайдо қилиш. 1775-йили Лондон госпиталининг жарроҳи Персиваль Потт ёмон
хоссали ўсма касаллигини – мўри тозаловчилар ёрғоқининг саратонини
биринчи бўлиб ифодалаб берди. Мўри тозаловчилардаги саратон терини
қурум ва қатрон билан ифлосланишидан келиб чиққанлиги шубхасиз
бўлсада, экспериментда шундай ўсмани яратишга уринишлар узоқ вақтгача
натижасиз қолаверди. Фақат 1915-йили Япониялик олимлар Ишикава ва
Ямагива биринчи бўлиб ҳайвонларда ўсма ҳосил қилишга эришишди. Улар
қуёнларнинг терисига 6 ой мобайнида тошкўмир қатронини суртиб сўнг
ҳайвонларнинг терисида ўсма пайдо бўлишини кузатишди. Кейинчалик
олимлар канцероген моддаларни соф ҳолда ажратиб оладилар, уларни
канцерогенлик хоссалари аниқланди. Бу моддалар турли кимёвий
бирикмалар синфларига киради.
Ўсмаларни вируслар томонидан пайдо қилиниши. 1908-йили Эллерман ва Банг лейкозли лейкоцитларнинг ҳужайрасиз
фильтратини товуқларга юбориб уларда биринчи бўлиб лейкоз ҳосил
қилишди. Ҳужайрасиз фильтратни ўсма тўқимасининг майдаланган
экстрактини чинни фильтрдан фильтрлаб тайёрланади. 1910-йили Раус
товуқлар саркомасидан тайёрланган фильтратни соғлом товуқларга юбориб,
уларда саркома ривожланишини кузатди. Шундай қилиб илк бор
лейкозларни ва ўсмаларни вирус этиологияси ҳақида далиллар пайдо бўлди.
Аммо кейинги ўн йилликлар давомида ўсма ҳосил қилувчи вирусларни сут
эмизувчи ҳайвонларда аниқлаш имконияти бўлмади. Бунда Шоуп
папилломвси ва Биттнернинг сут омили вируслари мустаснодир. Шоуп
ёввойи қуёнларнинг терисида сўгалсимон ўсмани (папиллома) ошкор қилди
ва хужайрсиз фильтрат усули билан уни соғлом ҳайвонларга ўтказишга
эришди. Сут омилини 1936-йили Биттнер кашф этди. Сичқонлар орасида сут
безининг саратони билан кўп оғрийдиган ва кам оғрийдиган авлодлари
мавжуд. Аммо саратон билан кўп оғрийдиган урғочи сичқоннинг болаларини
биринчи эмганича ажратиб олиб, боқиш эмизиш учун саратон билан кам
оғрийдиган урғочи сичқонлар авлодига берилса у сичқон болалари орасида
ўсма касаллиги кескин камаяди ва аксинча ўсма билан кўп касалланадиган
урғочи сичқон ўсмага кам учрайдиган сичқон болаларини эмизганида,
сичқон болалари орасида ўсманинг сони жуда кўпаяди. Анна шу усул билан
Биттнер ўсма билан кўп касалланадиган сичқонлар сутида янги авлод сут
безини ўсмасини ҳосил қилувчи омил мавжудлигини исбот қилди. 1950-йили
Л.Гросс янги туғилган сичқон болаларига қоннинг лейкоз ҳужайраларидан
тайёрланган ҳужайрасиз фильтрат юбориб, уларда лекоз пайдо бўлишига
эришди. Шундай қилиб, сут эмизувчи ҳайвонларда ўсма ривожланиши
этиологиясининг вирус назариясига далил топилди ва ўсмаларни онкоген
вируслар томонидан индукцияси аниқланди.