www.ziyouz.com kutubxonasi
54
Ташқарида алоҳида катта қозонда сув иситиш зарурати йўқ, шунинг учун уйдаги қозонга сув
кўйди.
Аслини олганда Мунаввархонимнинг кўнгли ҳам бир оз ғаш эди. Тиловат қилар, Аллоҳдан
сабр тилар, ёмонликни тўсиб, яхшиликка айлантиришни Парвардигордан сўрарди.
Эшик қўнғироғи чалинди, келган Али эди. Мунаввархоним унга:
—
Кел, онасининг гули, қўзичоғим, — деди. Али бир оз хаста кўринарди.
—
Она, тобим йўқ. Ётгим келяпти.
—
Хўп майли, болам, чойшаб ёпиб қўяман, ётавер.
Али ётди. Онаси ёнига ўтирди, Қуръон ўқиди, Аллоҳдан шифо тилади. Амина ювиладиган
кирларни тайёрлаб, сув исиганига қараш учун ичкарига кирди. Сув энди илиганди, яна бир оз
кутиш керак эди, ташқарига чиқди.
Ярим соатлар ўтиб, тағин ичкари кирганида сув қайнамоқда эди. Иссиқ бўлганидан олиш
қийин эди.
—
Қўлингиз куймасин Амина, бир нарса билан ушланг, — деди Мунаввархоним.
Амина қўлига қалинроқ иккита латта олиб, улар билан қозонни кўтарди. Ташқари чиқаётиб,
қайниси ёнига келганда негадир қўллари титраб, қозон уйқудаги Алининг устига ағдарилди.
Мунаввар хоним ўқдай отилиб қозонни оларкан, айни замонда Аминани ҳам итариб юборди. Бу
бир лаҳзада бўлди. Ўн учларга кирган Али сапчиб уйғонганида, қўлида қозон.
—
Болагинам, нима ҳам бўлдию, ағдариб юбордим-а, — дея фарёд чекаётган онаси билан
бир оз нарида бу ибрат саҳнасига ҳайрат ичра қараб қолган Аминани кўрди. Сув қайноқ, лекин
жун кўрпадан ўтиб, Алига таъсир қилгунча бир-икки лаҳза ўтган, бу орада онаси жуда ҳам тез
ҳаракат билан ечинтирган, балки бир ҳамлада кўйлагини устидан йиртиб олиб ташлаган эди.
Али бир оз куйди. Лекин шуниси ҳам хаста болага етиб ортди, фарёди кўкларга етди.
Аминанинг юзи сарғайди, қўл-оёғи титраб, нима дейишини, нима қилишини билмади.
Қалтирарди. Мунаввархонимга ёрдам қилсинми ё қўшниларни ёрдамга чақирсинми? Бир
қарорга, бир фикрга келолмасди.
Боланинг елкаси анча қаттиқ куйган, ҳатто баъзи жойларининг териси шишиб чиққанди.
Бусиз ҳам дардманд боласининг бу аҳволини кўриб Мунаввархонимнинг юраги ҳам куйиб-
ёнди. Кўзларидан инжуларидек тизилган ёшлар нурли юзларига думалаб тушар, боланинг
азобини зиёдароқ ҳис этарди.
—
Уйда куйишга қарши дори бор, Амина, тез келтиринг қизим.
Амина югурди, жавонни очди, уч-тўрт хил дори бор эди, қайси бири эканини билмади,
ҳаммасини тўплаб келтирди. Бу аччиқ ҳодиса қаршисида ўзини йўқотиб қўймаган
Мунаввархоним дорини олиб, Алининг куйган жойларига «шифо бўлсин» деб мўл-мўл сурди.
Пешиндан сўнг келган Юсуф афандининг хотини Алини юзтубан ётган ҳолда кўрди.
«
Мазаси йўқ, хаста», дедилар.
—
Нега юз тубан ётибди? — деди. Али жавоб берди:
—
Куйиб қолдим. Устимга сув тўкилди.
—
Ким тўкди, болам.
Али жавоб бермади. Онасига қаради. У куйдирди демоқчи бўлди. Мунаввархоним:
—
На чора, шундай бўлиб қолди, жигарим. Фалокат оёқ остида бўларкан. Бунинг устига
боламнинг сал тоби қочганди, деди. Амина ич-ичини ерди, виждони қийналарди. Куйган
боласининг азоби етарли бўлса ҳам Мунаввархоним Аминани ўйлаб бу ишни ўз бўйнига олди.
Унинг кўзига қаради. Амина: «Алини мен куйдирдим, айбни онам ўз бўйнига олмоқда»,
демоқчи эди. Мунаввархоним «товушингни чиқарма» дегандек унга илкис қаради. Амина
индамади. Лекин кўнгли ҳам тинчимади. Ичидан қон йиғларди Амина.
Оқшом Юсуф афанди ва Мустафо келгач, воқеани қисқача тушунтирдилар.
—
Воҳ болам-а, воҳ болам, — деб Алининг бошини силарди Юсуф афанди.
Қайнона (роман). Аҳмад Лутфи Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |