Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
89
тўлиб кетди. Биров Тошкентнинг ҳавоси қандай экан, деса, бошқаси қулупнай егиси
келаётганини айтди. Нарироқца дипломат устида омонат ўтирган бир бола кафти билан юзини
тўсганча юм-юм йиғлаяпти...
Аэропорт Тошкентга ўхшамас эди. (Бошқа аэродромга қўнганимизни кейин билдим.)
Торгина залга кирдик. Божхонанинг бадқовоқ ходимлари худди биров Афғонистондан атом
бомбаси ўғирлаб келаётгандек ҳар битта солдатнинг дипломатини тит-пит қилиб
текширишга
тушди.
Бир чеккада сигарет чекиб турарканман, қулоғимга жуда азиз, жуда қадрли куй эшитилди.
Радиода «Муножот»ми, «Чўли Ироқ»ми янграр, номини эслай олмасдим-у, йиғлагим келарди.
Ташқари чиқишим билан сурмаранг такси ғириллаб келиб шундоқ ёнбошимда тўхтади. Ёш
бўлса ҳам афти қаримсиқ таксичи қўлимдаги дипломатга ёпишди.
— Чамадонинг қани, солдат? — деди шанғиллаб.
— Чамадон йўқ, — деган эдим, шоширди.
— Ўтир! Тезроқ бўл! Бу ерда тўхташ мумкинмас. ГАИ талонимни тешади.
Қанақа одам бу? Мен такси чақирган бўлмасам!
— Автостанцияга! — дедим ёнига ўтириб.
— Уйинг қаерда ўзи?
— Узоқда. Автостанцияга оборсангиз бўлди.
— Қаерда турасан? — Таксичи машинани чаққон ғизиллатиб кетди.
— Пскентда.
— Қизиқ экансан-ку, Ҳиротга бўлсаям обориб қўярман!
— У ёққа таксида боришга пулим етмайди!— дедим тўғрисини айтиб. — Автостанцияга
оборсангиз бас.
— Пули билан нима ишинг бор! — У қўлини пахса қилди. — Пскентнинг ўзига борасанми
ахир?
Индамай бош ирғаган эдим, сўради:
— «Афғонмисан?» Хўп, дейвер, ука! Қалай, омон-эсон келдингми, ишқилиб? Суюнганидан
уйингдагиларнинг юраги қоқ ёриладиган бўлди-да! Мен-чи, вей, «афғонларни» узоқдан
танийман. Сениям кўриб, дарров билдим. Шошма, дедим, шу болага бир хизмат қилиб қўяй,
дедим.
Мунча шақиллайди бу шопир! Тошкент ўзгармабди. Ўша-ўша шаҳар. Ўша-ўша кўчалар.
Йўл четида ям-яшил дарахтлар яшнаб ётибди. Машиналар бир-бирини қувиб, шамолдек елади.
Гўё ўн беш қадам олдинда бораётган машина минага дуч келиб, портламайдигандек! Кўчада
одам мунча кўп? Гўё олисда, қоялар орасида биқиниб турган снайпер хоҳласа
беш минутда
йигирматасини ер тишлатмайдигандек...
— «Сув париси»дан борми, соддат? Нима дейди бу?
— Нима?
Таксичи қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Мен шохида юрсам, сен баргида юраркансан, солдат! Отинг нима?
Айтдим.
— Вой, Рустамжон-эй! Вой муғамбир-эй! — У навбатдаги машинани қувиб ўтаркан,
сигнални бибиблатди. — Мендан ҳам қув экансан. Кўрдим, дипломатинг енгил! Аммо-лекин
битта дипломатга анча-мунча «сув париси»ни жойласа бўлади!
Бизда бир кийими беш юз
туради! Эшитдингми, беш юз! Хўп десанг пуллаб бераман! Қуруғини арра қиламиз!
Келишдикми?
— Йўлга қаранг, ака! — дедим тишимни тишимга қўйиб. — Менда ҳеч қанақа «сув париси»
йўқ!
— Ола-а! — Таксичи ишонқирамай юзимга қараб қўйди. — Ўтган ҳафта
битта капитанни