www.ziyouz.com kutubxonasi
85
хушрўйгина дўмбоқ жувон ҳар куни столни артиб, санчқи-тарелкаларни йиғиштириб
олаётганига кейин эътибор берди. Гапирай деса, қўрқади. Бир куни дастурхон устидаги нон
ушокларини сидириб олаётганида ташаккур билдирди:
— Раҳмат! Овқатинглар ширин бўпти.
— Ош бўлсин! — деди жувон жилмайиб.
— Мен ҳар куни шу ерда тушлик қиламан, — деди Комиссар.
— Биламан, — жувон яна самимий жилмайди.
— Қаердан келгансиз?
— Свердловскдан.
— Қачон.
— Яқинда.
— Тошкент ёқдими? — деди гапга солиб.
— Бўлмаса-чи!
— Раҳмат сизга! — деди Комиссар айрича меҳр билан. Тўғри қилди. Бу сафар шунисиям
етарли эди.
Бир ҳафта ичида Наташа билан яқиндан танишиб олди. Тошкентга келганига икки ой бўпти.
Ўттиз бир ёшда экан. Пропискаси йўқмиш. Шу боисдан қаҳвахонанинг ўзида ётиб юраркан.
— Менга эрга тегмайсанми? — Комиссар бу гап оғзидан қандай чиқиб кетганини ўзи
билмай қолди. Юмдалаб ташласа, нима қиламан, деб юраги пўкиллаб турган эди, Наташа ундай
қилмади.
Отаси (эҳтимол бобоси) тенги бу одам нима деётганини дафъатан тушунолмагандек, бир зум
киприкларини пирпиратиб турди-да, мовий кўзларида табассум пайдо бўлди.
— Пропискадан ўтказсанг, тегаман!
Сенсирадими, демак, яқин олгани шу! Мана буни очиқча савдо деса бўлади! Дунёда ўзбек
хотинларидан инжиқ, кажбаҳси йўқ. Гўё уйланиш фақат эркак учун керақдек! Уйландингми,
бўйнингга бўйинтуруқ қилиб осиб юришга мажбурсан! Оила қуриш ҳар иккала томон учун
зарурат эканини ўйлаб ўтирмайди бу ойнисалар! Назиранинг арвоҳи чирқилламасин-ку, аслида
бор гап шу.
— Наташа! — деди жиддий қилиб.—Сен нима хохласанг, ҳаммаси бўлади. Прописка ҳам,
ЗАГС ҳам... Хотиржам бўл, ўзимдан тинчиганман. Ёлғизлик жонимга тегди.
— Мени ҳам! — деди Наташа ўйчан. Бу гапни оддий ва самимий айтди...
Лола Наташани кўрган заҳоти ҳаммасини тушунди. Серрайиб қараб тураверди. Ичкаридан
неваралари чиқиб, Комиссарнинг оёғига ёпишди.
— Дедушка!
— Дедушканг сенларга янги бабушка олиб келди! — деди Лола асабий кулиб. — Яқинда
бабушканг сенларга дядя туғиб беради. Сенлар кўтариб юрасан!
Комиссар муштини тугиб бақирди:
— Ўчир овозингни, қанжиқ!
— Мен қанжиқ эмасман! — деди Лола дона-дона қилиб. — Орқасидан ит эргаштириб
юрганларни қанжиқ дейди!
— Марш бу ердан итваччаларинг билан! — деди Комиссар оёқ-қўллари асабий қалтираб. —
Бўшатиб қўй уйни!
Лола киприк қоқмай тикилиб тураверди.
— Биринчидан, — деди осойишта оҳангда. — Ойимларнинг суви тўкилган уйдан
кетмайман. Иккинчидан, болаларим билан кўчама-кўча тентираб юрмайман! Мен — Гулнора
эмасман.
Наташа ҳайрон бўлиб қолган, гоҳ Комиссарга, гоҳ Лолага мўлтираб қарар эди.
...Комиссар уй топмаса бўлмаслигини тушунди. Келинини иккита боласи билан ҳайдаб
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |