www.ziyouz.com kutubxonasi
84
Эркак кишига ёлғизлик оғир бўларкан. Ётиши бор, туриши бор... Нима қибди? Ёши энди
олтмиш тўртга чиқди. Яшаши керакми ахир? Лола тенгини топиб кетса, ўзи ҳам...
Бир куни келинини ёнига ўтқизиб қўйиб гапни узоқдан бошлади.
— Анави хоин энди қайтиб келмайди, — деди ишонч билан. — Башарти келса ҳам ўзим
бўғиб ўлдираман... Бир нарсага ақлим етмайди. Нима етишмабди экан бу аблаҳга! Уйи бўлса,
жойи бўлса, гулдек хотини бўлса...
Лола унга ёвқараш қилиб мум тишлаб ўтираверди.
— Сиз нима деб ўйлайсиз, қизим? — деди Комиссар вазиятни юмшатиш ниятида
маъюсланиб. — Нега шунақа қилдийкин? Нима етмаган экан унга?
Келин истеҳзоли кулди...
— Нима етмаганини билмайсизми? — деди лабини асабий буриб. — Меҳр етишмаган!
Тушундингизми, меҳр! Бу одам (Лола «Мэлс акам» демади, «отаси» ҳам демади, «бу одам»
деди), бу одам умрбод ўз уйида бегона бўлган, тушунасизми шуни?
Комиссарнинг ғаши кедди. Нима бало, келини оқлаяпти шекилли ўша ватан хоинини?
— Болалари-чи? — деди ғазабдан кўзи ёниб. — Ҳеч бўлмаса болаларини ўйламайдими,
бадбахт?!
Лола янаям истеҳзоли кулди:
— Қуш уясида кўрганини қиларкан-да...
Гап тамом бўлган, Комиссар у ёғини қандай «улаш»ни билмасди. Лола ўрнидан туриб
кетаётган эди, тўхтатди.
— Шошманг, — деди вазминлик билан. — Бўлар иш бўлди. Сиз... ёшсиз. Дунёдан тоқ ўтиб
кетолмайсиз-ку, тўғрими, Қизим? Зўр келса болаларни интернатга берамиз. Яхши интернатлар
кўп. Танишларим бор.
Лола эшик олдида тўхтади. Кўзи ғазабдан қисилиб кетди.
— Эрга тегаман деб кўзим учиб тургани йўқ! Ўзим етимхонада ўсиб мана бундай
бўлганман, — деди кафтининг қиррасини томоғига тираб. — Болаларимни интернатга
бермайман! Ўзингиз уйланишни хоҳлаб қолган бўлсангиз, катта кўча! — Шахт билан хонадан
чиқаркан, эшиттириб пичинг қилди: — Бетингдан бузилгур, юзсиз! Ойимнинг кўзига тупроқ
тўлмасдан туриб...
Ўша гапдан кейин Лола бутунлай ўзгарди. Неваралари «дедушка» деб этагига ёпишса,
бобиллаб беради. «Эмасанми дедушкангни? Бор ухла, кўмилиб!» Товоқни қошиққа, қошиқни
товоққа уриб тўнғиллайди: «Чол одам дегани мачитга чиқади, чойхонага чиқади, бу нимаси,
эртадан кечгача уйда биқсиб ўтириш!» Хэх! Бир ками салла ўраб намоз ўқиши қолувди.
Комиссар Ғаниев намоз ўқиса! Чойхонада пишириб қўйибдими? Носкаш чолларнинг висир-
висирини эшитадими? Комиссар қатьий қарорга кедди. Уйланади! Ҳар кимнинг жони ўзига
керак. Бу жиблажибон билан ҳар куни юрагини қон қилишдан наф йўқ. Уй ўзининг номида.
Ғинг деса ҳайдаб чиқаради...
Ўша кеча Назира тушига кирди. Бошига оппоқ рўмол ўраб олганмиш. Худди отинойиларга
ўхшармиш. Ҳеч гапирмасмиш-да, нуқул юм-юм йиғлармиш. «Ҳеч рўмол ўрамасдинг-ку, онаси,
бу қанақаси», деб ёнига борса, Назира ўзини орқага ташлабди. «Қочинг! Қўрқаман сиздан.
Маузерни нега урдингиз?» Комиссар таъби тирриқ бўлиб уйғонди. Ваннахона томондан
невараларининг баравар йиғлаётгани, Лоланинг бобиллаши эшитилди:
— Э, авлодингга ўт тушсин! Совунлаб ювин деяпман!
Йўқ! Бу аҳволда узоққа боролмайди. Ё келинини чопиб ташлайди, ё ўзи инфаркт бўлиб
ўлади! Чала-чулпа чой ичиб, кўчага чиқиб кетди. Узоқ айланиб юрди. Ҳаво дилгир, оёқ остида
хазон шитирлайди... Бир маҳал қорни очгани билинди. Боши айланиб, «Лаззат» қаҳвахонасига
кирди. Сосиска олиб еди... Эртаси ҳам, индини ҳам... Аввалига қаҳвахонада янги хизматчи
пайдо бўлганини сезмади. Аниқроғи, дуруст разм солмаган экан. Кирроқ оқ халат кийган
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |