www.ziyouz.com kutubxonasi
87
— Сагат Ганиевич пиширган паловни есанг, бармоғингни ялаб қоласан! — деди Наташа
яйраб-яшнаб. — Володя умрида ўзбекча палов емаган. Тезроқ бўла қол, Сагатчик!
Палов егиси кептими? Минг лаънат меҳмонинггаям, ўзинггаям! Комиссар ижирғаниб
ошхонага кирди. Ошнинг гуручи сув теришини кутди.
Қозонга товоқ босиб, уйга кирса, арақлар очилган, шампанлар қуйилган... Қай кўз билан
кўрсинки, «штангачи» диванда Наташани бамайлихотир эзғилаб ўтирибди! Комиссар ғазабдан
қалтираб қолди. Тили калимага келса қани!
— Марш! — деди аламроқ ғулдираб. — Йўқол икковинг ҳам!
— Секин, қария, секин! — деди Володя пинагини бузмай.
— Нима қипти! — Наташа хандон отиб кулди. — Ўзинг эплолмаганингдан кейин...
— Ма-а-рш! — Комиссар қўлидаги капгирни отди. Капгир деворга урилиб, сакраб столга
тушди. Шампан шишасини баранглатиб ёриб юборди. Володя сапчиб ўрнидан тураётган эди,
Наташа қўлидан тортиб қодди.
— Керакмас, — деди юзига сачраган шампанни кафти билан сидириб. — Арзимайди.
Ўддириб қўйиб, балосига қолиб юрма тағин.
Пальтосини киятуриб дона-дона қилиб таъкидлади:
— Эй, пичанни қўриқлаб ётган қари ит! Билиб қўй, ЗАГСдан ўтганмиз, квартирада менинг
ҳам улушим бор. Бир ой ичида уй топиб бермасанг, Володя билан кўчиб келиб, шу ерда
турамиз...
Яхшиям, Комиссар қонун кодексини сув қилиб ичиб юборгани. Бўлмаса энка-тинкасини
чиқариб юборарди бу хотин! Шунда ҳам уйдаги бор буд-шудини шилиб кетди.
Жаҳонда энг донишманд халқ, биласизми, ким? Австралия аборигенлари! Оғир жиноят
қилганни қамамайди. Отмайди. Осмайди. Ёлғиз қолдиради. Битта ўзини! Мана, ўн йилдан
ошдики, Комиссар танҳо... Битта ўзи! Тўғри, ора-чора ветеранлар йиғилишига, шаҳар
ижроқўмидаги уй тақсимоти комиссияси мажлисига чақириб туришади. Лекин, мажлис дегани
ҳар куни бўлмайдида.
Уч-тўрт бор Маузер келди, хотини билан. Юринг, дада, бунақа ғариб бўлиб ўтирманг, деди.
Очиғи... Комиссарнинг кўнгли сув ичмади. Билади, ўғли бутунлай бошқа дунё. Ҳафта ўтмай
ораларида ихтилоф чиқади.
Соғлиғидан-ку, шикояти йўқ. Фақат асаблари чарчади, шекилли. Уйга киргиси келмайди.
...Кундузи-ку, ўзига юмуш топади. Саҳарлаб сутга чиқади. (Наташа ўргатган одат.) Сут олиб
қайтаётганида, албатта, Қурбонойни кўради. Гапга солади. Арслон қариса куни сичқон тутишга
қолади, деганлари шу бўлса керак-да! Ақалли шу хотин билан гаплашса ҳам ҳарна-да. Вақт
ўтади... Шошилмасдан юриб уйига киради. Манний каша ёки ширгуруч қилади. Унгача газета
дўкони очилади. Очирид туриб газета олади.
Ундан гастрономга киради. Очиридга туради. Нима беряпти, нима сотяпти, аҳамияти йўқ.
Очиридда турса бас. Очирид қанча катта бўлса, шунча яхши. Одамларнинг гапига секин қулоқ
соласан. Янгиликларни эшитасан... Кеч кирган сайин юраги сиқилаверади. Ёлғиз овунчоғи —
телевизор. Ярим кечага бориб, унинг ҳам овози ўчади. Ётишга қўрқади. Ётса, уйқусида ўлиб
қолаётгандек. Ҳаммаёқ жим. Ҳаммаёқ зимистон...
Уни хаёл олиб қочади. Кейинги пайтларда ҳар куни эмас-ку, гоҳо-гоҳо кўнглининг бир
бурчида мавҳум саволлар ғимирлаб қолади.
(Нега шунақа бўлаётганини ўзи билмайди. Бугун Қурбонойга «Жойнамоз устида мени
қарғасанг керак», дегани ҳам шундан бўлса эҳтимол.)
Балки Назира ҳов ўшанда — тўнғичини туғиш арафасида кўп қарғиш олганмисиз, деб
сўрагани бежиз эмасдир? Балки ўзи ҳам жиндай ҳаддидан ошиб кетгандир? Шунча одамнинг
умрига зомин бўлиб тўғри қилмагандир?
У хира пашшадек бемаъни ғинғиллаган саволларни ўша заҳоти қувиб солади. Биринчидан, у
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |