ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ЭРТАКЛАРИДАН
Бир қуни Ҳаж сафаридан қайтаётган карвон шаҳарга яқин жойда тўхтаб, дам олибди. Ўша
ерда булоқ бор экан. Сув ичишибди, салқинлаб, ҳордиқчиқаришибди... Карвонда учинчи марта
Ҳаж қилган нуроний чол ҳам бор экан. Чол сафар бўйи ҳамманинг ҳожатини чиқарган,
донишманд одам экан.
Бир маҳал шаҳар томондан битта отлиқ елиб келибди. Бўза ичиб олган, маст йигит отдан
сакраб тушибди-да, югура келиб, чолни тарсакилаб юборибди. Карвондагилар йигитни ўраб
олишибди. «Бу одам сенга нима ёмонлик қилди?» — дейишса, маст йигит индамасмиш.
Одамлар унинг адабини бермоқчи бўлиб шайланиб турган экан, чол уларни шаштидан
қайтарибди. «Тегманглар, бу — менинг ўғлим бўлади», дебди. Одамлар баттар ғазабга минибди.
«Бу қандай фарзандки, ўз отасига қўл кўтарса!» «Майли, — дебди чол шунда. — Бу болада айб
йўқ. Менда ҳам гуноҳ йўқ. Отамнинг жазоси менга қайтди. Болалигимда қулоғимга чалинган
эди: бир вақтлар отам ёшлик қилиб бувамни урган экан. Ўшанда бувам дуойибад қилган экан...»
ҲАЁТНИНГ БОШ МАЗМУНИ - ПРИНЦИПИАЛЛИК
Қурбонойга нега унақа деди? «Жойнамоз устида мени қарғайсанми?» эмиш! Шуям гап
бўлди-ю! Қарғиш-парғиш, дуойибад... Ҳаммаси абсурд! Чепуха! Нега шу эшонвачча уборшица
билан пачакилашди? У киму фаррош ким?
Комиссар сут бидонни кўтариб бораркан, ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб, ғижинар эди.
Қарияпсан, биродар, қарияпсан. Кўп гапириш — кексалик белгиси, чекист эса кўп
гапирмаслиги керак...
...Ўша ҳодисадан кейин уйланишга қарор қилди. Биографиясига доғ тушиб қолиши мумкин
эди. Орган бунақа нарсаларни кечирмайди. Албатта, Фотима ўзини осиб қўйгани учун
полковник Ғаниевни айблайдиган мард йўқ эди. Ғинг деб кўрсин-чи, «халқ душмани»ни ҳимоя
қилган шубҳали шахс сифатида қия бўлиб кетади! Нима қипти, Ғаниев «халқ душмани»нинг
уйида тинтув ўтқазди. Ҳакимовнинг хотини ўзини осиб ўлдирди. Бунга Ғаниевнинг нима дахли
бор? Эшонзода Фотима Обидхонованинг айби бўйнидадирки, ўзига ўзи сиртмоқ илгандир!
Қизи масаласига келсак... Ёш қизалоқ нимани биларди? Оила аъзосининг гувохлиги инобатга
ўтмайди. Факт шуки, Ғаниев Обидхоновага зуғум қилмади, тан жароҳати етказмади. Ҳар ким ўз
жонига ўзи хўжайин. Обидхонова ўлгиси келган бўлса — марҳамат, ўлаверсин!
Комиссар, мабодо устидан шикоят тушгудек бўлса, далилларни қаторлаштириб қўйган эди.
Ҳеч қандай шикоят тушмади. Бироқ Соат Ғаниевич энди уйланмаса бўлмаслигини ҳис этди.
Ўйлаб қараса, ёши ҳам ўттиз бешга борибди... Ана, тенгдоши Тўлаганнинг қизи бўйига етиб
қолибди. Эрта-индин эрга тегса, болали бўлади. Душманми, баломи, ишқилиб уйланибди,
ҳузур-ҳаловат кўрибди. Соат Ғаниевич нима кўрди дунёга келиб?
Кўз очиб кўрган хотининг бошқача бўларкан-да! Назира ҳалиям тушларига киради.
Ювошгина эди. Майингина... Тўғри, у пайтда «Қизил тўй» қилиш удум бўлмаганди. Назиранинг
отаси «Бир камим қизимнинг шунча меҳмон олдида куёв билан ўтиришини томоша қилишим
қолувди!» деб туриб олди. Куёв унча-мунча одам эмас, полковник эканини, НКВД билан
ҳазиллашиб бўлмаслигини тушунтириб қўйишди шекилли, чол шаштидан қайтди. Эсида, тўй
ниҳоятда хушчақчақ ўтди, ҳатто генералнинг ўзи ҳам келди. Соат оилавий бахт деганлари
қанақа бўлишини илк бор тотиб кўрди. Ярим кечада келадими, тонготарми, ош-овқати тайёр.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |