www.ziyouz.com kutubxonasi
76
Формаси дазмолланган. Туфлиси ялтиратиб артиб қўйилган. Уйи — чинни-чироқ...
Соат тўйнинг эртасига Назирага масалани кўндаланг қўйди:
— Уйдан чиқиб кетаётганимда қаёққа кетяпсиз, қачон келасиз, демайсан. Келганимда
қаердан келдингиз, нега шунча йўқ бўлиб кетдингиз, демайсан. Ишим тўғрисида умуман
сўрамайсан. Вазифам шунақа!
Назира эрининг ҳукмини қулоқ қоқмай бажарадиган аёллар тоифасидан экан. Соат нима
деса — ҳаммасини ўрнига қўйди... Соат уйда кам бўлар, бор пайтида ҳам эр-хотин деярли
гаплашишмас эди. Қизиқ, улар ўртасида қандайдир сирли, хатарли девор турганга ўхшар,
иккови ҳам ўша деворга яқин келса, бирон кориҳол рўй беришидан ҳадиксираб туришарди.
Бир куни Назира «ёрилди». Соат кечаси уйғониб кетди. Қараса, чироқ ёниқ. Тепасида
хотини термилиб ўтирибди. Юзини доғ босган, қорни катта. Пишиллаб нафас олади.
— Нима гап, Назира? — деди Соат.
Хотини индамади. Киприк қоқмай ўтираверди. Баайни ҳайкал! Кўзи унда-ю, хаёли бошқа
жойда.
— Ҳой, — деди Соат туртиб, — кўзингни очиб ухлаяпсанми?
Хотини алланима деб пичирлади.
— Нима? — Соат унинг елкасига беозор қўл ташлади. Назира негадир ўзини четга одди.
— Қўрқаман... — деди пичирлаб. Соат кулиб юборди.
— Нимадан қўрқасан, овсар!
— Қўрқаман... — Назира тағин пичирлади. — Сиздан қўрқаман!
— Мендан? — Соат унинг юзини силамоқчи эди, Назира тағин ўзини орқага ташлади.
— Сиз — қўрқинчли одамсиз! — деди юзини ўгириб. Соатнинг жахли чиқиб кетди.
— Нима деяпсан, аҳмоқ! — деди зарда билан. Қаддини ростлаб иягидан тутганча
хотинининг кўзига чақчайди. — Қаёқдан олдинг бу гапни?
Ажаб, Назира қилча ҳам чўчимади. Бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Анчадан кейин ўйчан
оҳангда сўради:
— Кўп қарғиш олганмисиз?
Соатнинг хаёлига лоп этиб Фотима келди. Юраги шувиллаб кетди. (Ажаб, ҳеч қачон бундай
бўлмаган эди.) Ўзининг бир лаҳзалик ожизлигидан ўзи ғазабга минди.
— Ким айтди? — деди дағдаға билан.
— Ҳеч ким. — Назира юзини девор томон бурди.
— Йўқ, айтасан! — Соат муштини тугди. — Ким ўша иғвогар?
— Ҳеч ким! — деди Назира унинг кўзига тик қараб. Кейин тўсатдан йиғлаб юборди. — Соат
ака! — деди бўйнидан қучоқлаб. — Туғишдан қўрқяпман... Кўнглим сезиб турибди. Ўлиб
қоламан!
Соат бир қадар енгил тортди: ҳа-а, гап бу ёқда экан-ку!
— Жиннимисан! — деди юпатиб. — Хотин киши туғади-да! Битта сенмисан?
— Соат ака! — Назира унинг бўйнига янаям қаттиқроқ тармашди. — Бўшанг ишингиздан,
тезроқ бўшанг! Биламан, бу ишингизда гуноҳга ботасиз, жон Соат ака! Биттаси бўлмаса биттаси
қарғайди. Ўзингдан қайтмаса, бола-чақангдан қайтсин, дейди. Барибир айтади.
Назира эс-ҳушини йўқотиб қўйганга ўхшар, нуқул «Бўшанг! бўшанг!» деб ёлворарди.
— Э, ўчир-е! — деди Соат тоқати тоқ бўлиб. — Биринчидан, отставкага чиқишимга ҳали
анча бор. Иккинчидан, мен совет офицериман, бурчимни бажаряпман. Тушунасанми шуни,
аҳмоқ хотин!
Ўша кеча хотини тонггача ҳиқиллаб ётди. Эрталаб тўлғоқ бошланди. Назира бекорга
қўрққан экан... Паҳлавондек ўғил туғди. Отини Маузер қўйишди.
Икки йил ўтиб, яна бир ўғил кўришди — Мэлс!
Соат тўнғич ўғлига айрича меҳр қўйган эди. Маузер ўзига Ўхшаган офицер бўлишини
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |