www.ziyouz.com kutubxonasi
74
қилди.
— Жабр бўлди, бечорага! Қон йиғлаб ўтирибди, шўрлик...
— Оёқ олиши қалай? Олдига бегоналар келмаяптими?
— Вой, манов одамни! — Қурбоной хола астойдил ажабланди. — Худодан қўрқмийсизми?
Комиссар бирпас қор тепкилаб турди-да, тўсатдан сўради:
— Қалай, намоз ўқиб турибсанми?
Қурбоной холанинг юраги шиғ этди. Кечаги терговчи айтган! Яхши болага ўхшовди-ку?
Ким билсин, тағин...
— Ким айтди? — деди шошилиб. — Мен намоз ўқимийман.
— Ўқийса-а-а-н! — Комиссар бармоғи билан пўписа қилди. — Билама-а-ан! Мен ҳамма
нарсани биламан.
— Сут бор эканми? — деди Қурбоной хола гапни айлантириб.
— Бор экан, — Комиссар ўйланиб қолди. — Энди бориб манний каша пишираман.
— Болаларингиз хабар олмийдими? — деди Қурбоной хола. — Ўғлингиз бор...
Невараларингиз...
— Хэх! — Комиссар истеҳзоли кулди. — Ҳаммаси бир гўр!
— Унақа деманг, — деди Қурбоной хола астойдил ранжиб. — Боланинг ёмони бўлмийди.
— Тфу! — Комиссар асабий қўл силтади. — Бола-чақа боқиб роҳат кўраман, деганнинг
падарига лаънат!
Қурбоной холанинг юраги сиқилди. Индамай қор курашга тушди. Бирпасдан кейин қулоғи
остида тағин Комиссарнинг ғўлдираган товуши эшитилди:
— Менга қара, Қурбоной.
Қурбоной хола қаддини ростлади. Комиссар сут бидонини қор устига қўйиб, алланечук
қунишиб турар, заҳил юзи ўйчан эди.
— Ростингни айт! — деди кинояли илжайиб. — Жойнамоз устида ҳар куни қарғасанг керак
мени? Ота-онанг учун, ўзинг учун... Фақат тўғрисини айт!
— Ўзимга нима қипти? — деди Қурбоной хола дили оғриб.
— Хэх! — Комиссар калтакесакдек чирқиллаб кулди. — Ўзинг бўлмаса ота-онанг учун...
— Мен ҳеч кимни қарғамийман, — деди Қурбоной хола ишонч билан. — Қуръонда
битилган: Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчидир. Тангрим ҳаммасини кўриб турибди.
Комиссар бирпас гезариб турди-да, бидон бандидан кўтарди. Индамай нари кетди.
Қурбоной хола куракнинг муздек дастасини чангаллаган кўйи узоқ туриб қолди.
Нима деса бўлади бу одамга?! Бутун аждодига қирон келтиришга келтирди. Бувасини
ўлдирди, отасини ўлдирди, онасидан жудо қилди. Аммо ўзининг бахтсиз бўлишида бу одамнинг
айби йўқ...
Қурбоной хола эридан ажрашгани учун ўкинмийди. Шунчаки, турмуши келишмади, холос.
... Онаси ўлганидан кейин амакилари ота ўрнида оталик қилди. Ўраб-чирмаб узатди. Эри
яхши йигит эди. Ҳалол, меҳнаткаш... Фақат қайнота-қайнонаси Қурбонойни ҳеч бири суймади.
Келин бўлиб тушган оиласи замонавий экан. Қайнотаси — олим, қайнонаси — инженер.
Қурбоной атеизм деган илм қанақа бўлишини билмас эди. Қайнотаси ўша илм бўйича олим
экан. Қурбоной бурчак-бурчакда яшириб намоз ўқиб юрди-ю, рўза тутганда қўлга тушиб қолди.
Ўшанда Умида икки ёшга чиққан эди. Қайнотаси бир коса сув келтириб, ҳозир ичасан, деб
туриб олди. «Ўзим коммунист бўлатуриб, атеист бўлатуриб, оиламда диндорлик авж олишига
йўл қўймайман», — деди. Орага куёв аралашган эди, «Феодализм давридан қолган бу махлуқни
қаёқдан топгансан?» деб ўдағайлади... Қурбоной қараса, ота-бола ёқалашиб кетадиган.
Қизчасини кўтарди-ю, чиқди-кетди. Эри сўроқлаб келган эди, тушунтирди: «Жон дадаси, мен
сиздан мингдан-минг розиман. Хафа бўлманг, барибир турмушимиз тўғри келмайди. Ман сизга
муносиб эмасман. Ўзингиз рози бўлиб, талоқ қўйинг...» Ёзуғи шу бўлса нима қилсин!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
75
...Комиссар бўлса мени қарғайсанми, дейди.
Қурбоной хола ҳамон курак дастасидан тутиб тураркан, хўрсинди:
— Худонинг ўзи уриб қўйибди-ку сани, ман нимангни қарғай!
Do'stlaringiz bilan baham: |