ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ЭРТАКЛАРИДАН
Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда етти иқлимни сўрайдиган пошшо ўтган экан.
Пошшонинг Худодан тилаб-тилаб олган якка-ёлғиз ўғли бор экан. Бола — барибир бола-да! Бир
куни шўхлик қилиб, дарахтга чиқибди. Йиқилиб боши ёрилибди. Пошшо чопиб бориб, ўғлини
ердан кўтариб олибди. Қараса, боласининг ёрилган пешонасида «Никоҳ куни бўри ейди» деган
ёзув бормиш. Пошшо бу синоатни ҳеч кимга айтмабди. Табиблар болани тез кунда тузатиб
юборишибди. Аммо ўғли катта бўлган сайин пошшонинг кўнглига ғулғула тушаверибди.
Юртидаги жамики бўриларни қириб ташлашга фармон берибди. Орадан ой ўтибди, йил ўтибди.
Пошшо шаҳзодани уйлантирадиган бўпти. Ой деса юзи, кун деса кўзи бор келин топишибди.
Тўй куни пошшо саройнинг атрофига мингта соқчи қўйибди. Куёв билан келин қўшиладиган
куни остонада ўзи пойлаб ўтирибди. Бир маҳал ичкаридан дод-фарёд эшитилибди. Пошшо
қиличини яланғочлаб кирса, келин куёвнинг бўғзини ғажиб турганмиш. Пошшо бу нима
қилганинг, деб келиннинг боши устида қилич кўтарса, келин: «Нима бўлганини ўзим
билмайман, осмондан «сен бўрисан, ёнингдаги қўзичоқни ейишинг керак», деган нидо келди»,
дебди.
АЛЛОҲ ҲАР НАРСАНИ КЎРГУВЧИДИР
Қора плаш кийган сўхтаси совуқ кишилар дадасини олиб кетганида Қурбоной ўн тўрт-ўн
беш ёшларга бориб, бўйи чўзилиб қолган эди. Олиб чиқиб кетишаётганда дадаси йўлак бошида
туриб, «Қизимни эхтиёт қил», дегани Қурбонойнинг қулоғидан кетмас, кечалари маъюс
кулимсираб турган отаси тушларига кириб чиқар, аясига билинтирмай бурчак-бурчакка бориб
юм-юм йиғлар эди.
Аяси бир гапни қайта-қайта такрорларди:
— Дадангда гуноҳ йўқ, болам! Даданг — фариштадек тоза одам. Нима қилайлик. Ёзиғимиз
шу экан. Буванг қамалди, тоғанг урушда бедарак кетди. Дадангни қисмати бу бўдди... Майли,
яратган Эгам суйган бандасининг бошига шунақа синовлар солар экан.
Сентябрь ойида одатдагидек ўқиш бошланди. Қурбоной еттинчига кўчган эди. Одатдагидек,
мактабга борди. Ўқитувчиларнинг муомаласи ўзгариб қолганига, синфдошларининг бири
ачиниб, бири хавотирланиб қараётганига эътибор бермасликка ҳаракат қилар, дадасидан эса на
хат, на хабар бор эди. Қурбоной иложи борича яхши ўқишга уринар, дадаси қулоғига қайта-
қайта қуйган гап эсидан чиқмас эди. «Сен, шунчаки ўқувчи эмас, муаллимнинг қизисан, болам,
аъло ўқишга, ўртоқларингга намуна бўлишга мажбурсан... Бирон фандан «тўрт» баҳо олсанг,
хафа бўламан. Фаол бўл, жамоатчилик топшириғини сидқидилдан бажар!»
Кеч куз кунларидан бирида ғалати воқеа рўй берди. Қурбоной синф бўйича навбатчи эди.
Катта танаффусдан кейин латтани ҳўллаб келиб, доскани ҳафсала билан артди. Кейин...
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |