www.ziyouz.com kutubxonasi
69
ёнида қўрқувдан кўзларини катта-катта очганча қўнишиб турарди. Шапкали негадир ўнг қўлини
чарм пальтосининг чўнтагига суқиб, уй тўрига борди. Чап қўллаб кирпеч, дорпечларни шарт-
шарт узиб туширди. Кўрпа-тўшак йиғилган тахмонларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди.
Кўрпача устига этикли оёғи билан чўккалаганча сандал кўрпасини ҳам кўтариб кўрди. Қизиқ,
ўнг қўли ҳамон чўнтагида эди.
Охири, кўнгли бир қадар жойига тушди шекилли, қаддини ростлади.
— Кўтар! — деди чироққа имо қилиб.
Қурбоной аждар сеҳрига дуч келган қуёндай ҳамон қотиб турган онасига қаради-ю, дод
солиб йиғлагиси келди. Ажаб, негадир йиғлай олмади. Ич-ичидан отилиб келган фарёд
томоғида тиқилиб қолганга ўхшарди.
— Кимни қидиряпсиз? — деди ниҳоят онаси тилга кириб. — Ким керак ўзи сизга?
Шапкалининг кўзлари тағин чақнади.
— Кўтар! — деди таҳдид билан.
Онаси чироқни кўтариб кавшандозга чиққанида Қурбоной беихтиёр четлаб, йўл берди.
Шапкали унга кайрилиб хам қарамади. Гўё қадами остида пайдо бўлган чувалчангни
кўрмагандек.
Қурбоной сарпойчан калиш кийган онасининг чироқ тутганча ғарч-ғурч қор босиб
бораётганини кўриб турар, ачинар, аммо нима қилишини билмас эди. Шапкали эса унинг
кетидан эргашиб борарди. Бостирмага, молхонага, ҳатто ҳовли бурчагидаги ҳожатхонага ҳам
кириб-чиқишди. Қурбоной айвон устунига суяниб турар, эски калишидан зах ўтиб, оёқлари
музлаб кетганини Ҳис этар, жойидан жилишга қўрқар эди. Ҳовлининг бурчак-бурчакларини
айланиб чиқишди. Олдинда чироқ тутган онаси, орқасида чарм пальтосининг ўнг чўнтагига қўл
солган, мушукдек эҳтиёткорлик билан қадам босаётган шапкали...
Ниҳоят, айвонга қайтиб келишди. Онасининг эс-ҳуши энди жойига келдими, ё қизи совуқда
диддираб кетганини ҳис этдими, хийла дадил, меҳрибон оҳангда койиди:
— Уйга кирмайсанми, жон қизим! Музлаб кетдинг-ку!
Шапкали Қурбонойга тезгина қараб олди-ю, ҳеч нима демади. Кавшандозда энгашиб,
этигини ечди. Лекин ўнг қўлини ҳамон чўнтагидан олмади. Сандалга оёғини тиққанидан
кейингина Қурбоной совуқ жон-жонидан ўтиб кетганини сезди. Елкалари силкинар, аъзойи
бадани титрар, негадир нафас олишга қийналарди. Қизиқ, шапкали ҳам сандалнинг бир
томонига чўкди. Оёғини сандалга тиқиб, бир зум кўзларини юмиб турди-да, буюрди:
— Ўтиринг! Нега қаққайиб турибсиз? Ажаб, бу сафар негадир сизлаб гапирди. Токча оддида
турган онаси бош чайқади.
— Зиёни йўқ, мен туравераман...
— Ўзингиз биласиз... — Шапкали бошидан шапкасини ечиб, сандал устига тўнкариб қўйди.
Икки чаккасидаги сочлари ёйилиб, қулоғига тушди. Уч ой олдин дадасини олиб кетаётганида бу
одам Қурбонойнинг кўзига Азроилдек ваҳимали кўринган эди. Йўқ, ҳаммага ўхшаган одам
экан. Қалин қошли, юзлари қорамағиз. Лаблари юпқа... Фақат сояси девга, сочлари пахмайган
алвастига ўхшайди.
— Сандал — жоннинг роҳати-да, — деди тўсатдан. — Бир-пасда баданинг яйрайди.
Шундай деб, жилмайди. Қаранг! Жилмайиши ҳам одамга ўхшаркан! Юпқа лаблари ёйилиб,
кўзлари сузилиб кетаркан.
— Э,ўтирсангиз-чи, Фотимахон! — деди бир қадар самимият билан.
Қурбоной онасига илтижо аралаш термилди. Ўтирса-чи аяси! Нима қилади жаҳлини
чиқариб!
Онаси бир нуқтадан кўз узмай турар, сарпойчан оёғи гўштдек қизариб кетган эди.
— Дадаси тирикмилар? — деди ниҳоят тилга кириб. — Жонлари омонми?
— Буниси сизга боғлиқ! — Шапкасини ечиб қўйган «шапкали» тағин кулимсиради.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |