www.ziyouz.com kutubxonasi
64
— Ўқисам, ўзим учун ўқийман-да, болам. Комиссарга этмай қўя қол бу гапни.
— Қизиқ хотин экансиз-ку... Айтинг-чи, эрталаб барвақт турасизми?
— Албатта-да! Одамлар ишга кетгунча йўлкаларни супуриб қўйишим керак-ку!
— Шоматовнинг хотини эрталаблари кўчага чиққанини кўрганмисиз?
— Шаҳнозами? Кўрганман! Худойлигимни этаман, ҳар куни бўлмасаям кун ора бидон
кўтариб сутга чиқарди. Сут дўкони — гастрономни ёнбошида. Тонг отмасдан турнақатор
очирид бўлиб кетади. Қараб туриб ёқамни ушлайман. Сенга ёлғон, Худога чин. У ёғи
Тепақўрғон, бу ёғи Қатортол қандоқ жойлар эди. Ҳаммаёқ – боғ, ҳаммаёқ – дала. Ҳар хонадонда
ўлдим деганда биттадан сигир бўларди. Бешёғочга сут обориб сотардик. Энди-чи? Эрталабдан
сутга очирид...
— Уфф! Келин ўша куни ҳам сутга чиқдими?
— Қайси куни?
— Эри ўлган куни!
— Кўрмадим. Ёлғон гапиришга Худодан қўрқаман. Тағин билмадим. Туман эди. Қуюқ
туман. Худо билади-ку, ё ман пастга тушишимдан олдин, ё уйнинг орқа томонига ўтиб
кетганимда сутга борган бўлишиям мумкин.
— Эслаб кўринг-чи, уй атрофида биронта бегона одамни Учратмадингизми?
— Йўқ!.. Тўғри, анча нарида бир шарпа кўрингандек бўдди. Назаримда, мани кўриб дарахт
панасига ўтганга ўхшади... Тағин, билмадим. Туман эди.
— Бўй-бастини илғагандирсиз, ахир! Келбати қанақайди? Семизми, ориқми? Новчами?
— Назаримда, бошида тўқима қалпоқча бордек кўринди. Анавинақа, ёш болалар совукда
киядиган қалпоқча бўлади-ку...
— Ўша одамни ҳозир кўрсангиз танийсизми?
— Вой ўлмасам! Қаёқдан танирканман? Этдим-ку, туман эди. Ўн қадам нарини кўриб
бўлмасди.
— Айтинг-чи, Шоматовни охирги марта қачон кўрган эдингиз? Яъни ўлмасдан олдин?
— Рустамжонними? Байрам куни кўрдим. Кечга томон дўкондан невараларимга кампут
обкелаётгандим. Кичик неварам кампутга ўч. Ошгаям кампут қўшиб ейди...
— Рустам нима қилаётган экан?
— Рустамжонми? Кўча бўйида турган экан. Салом берди. «Келинни олиб уйга киринглар,
Умида ош дамлавотти», дисам, «раҳмат», диди...
— Кейин-чи?
— Кейин... Умидага айтдим, «янги қўшнилар меҳмонга чиқиб қолиши мумкин, аччиқ-чучук
қил, туруп тўғра», дидим.
Чиқишдими?
— Йўқ... Аксига олиб, чироқ ўлгур ўчиб қолса дегин... Уйингга буғдой тўлгур невараларим
қоронғидан қўрқади. Чироқ ҳадеганда ёнавермади. Иккаласи хархаша қилишга тушди. Уйда
шам қурмагур тамом бўлган экан. Пастга тушдим. Қарасам, тўртинчи қават деразасида нур бор.
Янги қўшниларникида.
— Шоматовларникидами?
— Ҳа. Чиқдим.
— Эшикни ким очди?
— Келин, Шаҳноза. Шунақа-шунақа, дидим. Биттагина шам бериб...
— Шошманг. Ичкарида ким бор экан?
— Ичкари кирмадим.
— Ҳеч қандай овоз ҳам эшитилмадими?
— Йўқ... Назаримда эшикни тақиллатаётганимда ичкаридан Рустамжоннинг овози келгандек
бўлувди.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |