www.ziyouz.com kutubxonasi
41
— Чақиришди... — дедим хушчақчақ гапиришга уриниб... — Бир ҳафтада кетсак керак.
Шаҳноза кафтини бўшатди.
— Қаёққа? — деди аламроқ ўйчанлик билан.
Ярқ этиб қарасам, елкасини харрак суянчиғига ташлаганча номаълум нуқгага, осмонга
термилиб ўтирибди. Чеҳраси шу қадар хомуш, шу қадар аянчли эдики, қўрқиб кетдим.
— Билмайман, — дедим ростини айтиб. — Билмайман... Ҳар қалай, чет элга бўлса керак.
Германиями, Мўғулистонми...
Шаҳноза қилт этмай ўтирар, ўзи ёнимда-ку, хаёллари узоқ-узоқларда кезаётганини ҳис этиб
турардим.
— Қўй энди, Шаҳноз... — дедим умримда биринчи бор сенсираб. — Кўрасан, ҳаммаси яхши
бўлади.
Анчадан кейин осойишта бурилиб қаради.
— Алдаманг! — деди овози титраб. — Алдаманг, Рустам ака! Афғонистонга юборади. —
Тўсатдан ўкраб йиғлаганча бўйнимдан қучоқлаб олди. — Ўзингиз хоҳлагансиз! Ўзингиз
айтгансиз! — деди чинқириб. — Аҳмоқсиз! Аҳмоқ! Мени Ўйламадингизми?
— Жиннимисан? — дедим ҳансираб. — Рустам ака! Нега унақа қиласиз, Рустам ака!
Кўз ёши оқиб турган юзларидан, ёш таъми анқиётган лабларидан ўпарканман, титрар эдим.
Бирин-кетин ёпирилиб келган аламли, аёвсиз саволлар юрагимни ғижимлар, дод деб
юборгим келарди. «Сен аҳмоқ, сен галварс, нега қадрига етмадинг шундай қизни! Эслаб кўр!
Бирон марта, ақалли бирон марта айтдингми? «Сени яхши кўраман, сенсиз менга у дунёю бу
дунё қоронғи,» дедингми? Сенинг нимангни севади бу қиз?»
— Шаҳноза... — дедим ялиниб. — Қўй энди, Шаҳноз! Худо урсин! Рост айтяпман. Ҳали
қаёққа боришимиз маълум эмас.
У эса ҳамон йиғлар, бўйнимдан, юз-кўзимдан, лабимдан тўхтовсиз ўпар эди. Вужудим
таранг тортилиб кетган. Худо ҳаққи, бунақа паллада шайтон эркак кишини ҳар кўйга солиши
мумкинлигини ҳис этиб турардим.
— Шаҳноз, — дедим энтикиб, — Шаҳноз... Илтимос. Жон Шаҳноз...
— Мен сизни кутаман, Рустам ака! Кутаман... — У илкис қучоғимдан чиқиб ёш тўла
кўзлари билан илтижо қилди: — Э, Худо! Бизга раҳминг келсин. Караминг кенглиги рост бўлса,
шафқат қил бизга!
Тўсатдан жимиб қолди-да, менга ўгирилди.
— Агар... — деди пичирлаб. — Агар... сизга бир нима бўлса... — Кўз ёши аралаш жилмайди.
Эркаланиб елкамга бошини ташлади. — Мен Худога ишонаман, — деди хўрсиниб. — Кўнглим
сезиб турибди. Сиз соғ-саломат қайтиб келасиз. — Бирпас ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди: —
Рустам ака... Мен... кутаман. Келинг, бир нарсани келишиб оламиз. У ёқдан қайтган кунингиз
мана шу ерда, худди шу ерда учрашамиз. Хўп?
Do'stlaringiz bilan baham: |