www.ziyouz.com kutubxonasi
40
— Айтинг-чи, — дедим кўнглим ғаш тортиб. - Мен қаерга боришим мумкин?
— ТуркВО ихтиёрига.
— Қанақа қисмга? Тахминан қаерга?
— Билмайман! — Капитан пашша қўригандек қўлини силкитди. — Следуюший!
Юрагим шиғ этди. Демак — Афғонистонга жўнатади. Ташқарига чиқсам, бояги — мендан
олдин навбатга турган талабалар гурунглашиб, сигарет тутатяпти.
— Бир эмас, учта имтиҳондан қарзим бор, деб қўя қолмадинг-да, Роберт! Бу - салдофонлар
билиб ўтирибдими!
Индамай нари кетдим. Нуқул ўзимни сўкаман. «Аҳмоқ! Мақтанчоқ эшак! Каратэга бало
бормиди! Ҳайдовчилик гувоҳноманг борлигини айтиб нима қиласан? Ақалли битта зачётдан
қарзим бор, десанг-қу, кузги чақириққача тинч қўярди!»
Заҳил капитан «А — 20» деб ёздими? ТуркВО ихтиёрига ўтасан, дедими? Тамом!
Авваллари болаларни Ленинградга борасан, Литвага юборамиз, деб лақиллатган-да, шаппа
босиб, Афғонга олиб кетган. Капитаннинг гапидан кўриниб турибдики, энди алдамай
қўйишибди. «Афғонистон», демади-ку, ақлинг бўлса, тушуниб олавер, қабилида гапирди. «Бир
ҳафтада повуска оласан», дедими? Бундан чиқди...
Соатга қарасам, тўртдан ошибди. Шаҳноза уйига келган бўлиши керак. Метродан қўнғироқ
қилдим. Телефондан одатдагидек ингичка, эрка овоз эшитилди.
— Алё-ё-ё! Ким бу-у-у?
Овозидан танидим: Шаҳнозанинг синглиси. Опасини чақириб бергунча одамни қон қилиб
юборади.
— Илтимос, Шаҳнозани чақиринг.
— Ким ўзи бу-у?
Авваллари қизалоқнинг эркалигига кулиб қўя қолардим. Бу гал ғашим келди. Ҳали Пскентга
ҳам бориб келишим керак.
— Чақир Шаҳнозани! — дедим зарда билан.
Бахтимга Шаҳноза яқинроқ жойда экан шекилли, телефон қулоғидан «Бер бу ёққа, жинни!»
деган товуш эшитилди.
— Шаҳноза, — дедим иложи борича вазминлик билан. — Бир соатдан кейин кўришсак...
«Ўзимиз-нинг» жойда.
— Тинчликми? — Шаҳнозанинг овозида хавотир бор эди.
— Тинчлик! — дедим кулиб. — Жудаям кўргим келяпти сизни. ...Шаҳноза атлас кўйлак
кийиб, сочини бежирим турмаклаб олибди. Анҳор бўйида, наъматак тагидаги харрақда
ўтирибмиз. Нариги соҳилда калта иштони жиққа ҳўл қора-қура болалар қий-чув солиб
чўмиляпти. Бошимиз устида ярим-ёрти гулини тўккан наъматак шохлари эгилиб турибди...
Тиканлари хали қотмаган. Юзингга, бўйнингга урилса, оғритмайди... фақат қитиқлайди... Эрта-
индин беозор бу тиканлар найзадек қайрилиб, ҳар биттаси ўққа айланиши мумкин... Қизиқ, ўқ
тегса қандай аҳволга тушаркин одам?..
— Нима гап? — деди Шаҳноза кўзимга термулиб. Мунча чиройли бу кўзлар! Мунча ақлли!
Мунча жозибали бу қайрилма киприклар! Ҳозир... Капалак қанотидек бир-икки силкинади-ю...
айнан юракнинг ўзини сўраб турган кўзлардан ёш оқади...
— Ҳеч гап йўқ... — дедим илжайиб. — Шунчаки, сизни соғиндим. Кўргим келди. Ёмонми
шу?
Шаҳноза анойи экан-да! Кафтлари билан юзимдан беозор тутиб, ўзига қаратди.
— Ростини айтинг...
— Нимани?
— Рустам ака? — Шаҳноза кўзимга узоқ, синчков тикилди. — Ёлғон гапиришни
эплолмайсиз. Айтинг, нима бўлди?
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |