www.ziyouz.com kutubxonasi
48
— Юр, земляк, юр, — деб ташқари судради.
Беш-ўн қадам юришимиз билан рўпарадан келаётган майорга кўзим тушди. Ўлганимнинг
кунидан честь бердим. Шилтиллатиб қор босганча нари кетдик.
— Эсинг жойидами, земляк! — деди танкчи овозини пасайтириб. — Олиша кўрма бу
хотинлар билан. Эрига бир оғиз, «ҳақорат қилди», деб шипшиб қўйса, нақ трибуналга тушасан,
тентак!
— Кимнинг хотини у? — дедим ҳамон ғижиниб.
— Қаёқдан билай! — танкчи елкасини қисди. — Биронта каттароқ офицернинг «прокат»га
олган хотини-да! Бу ерда ҳамма катталарнинг «вақтинча» хотини бор: сотувчи, кир ювувчи,
санитарка... Нотаниш ҳамкасбим ғалати илжайиб Қўйди.
— Тўғри-да! Ўлсинми, булар ҳам. — У елкамга дўстона қоқди. — Сен жангга кириб, ўлмай
чиқсанг Ватан номидан раҳмат эшитасан, катта офицернинг «прокат»га олган хотини бўлса,
Ватан олдидаги «хизматлари» учун орден олади! Билдингми!
Ниманидир англагандек бўлдим.
Янги келган кунларим кечалари офицерлар модули томонидан қулоғимга бот-бот кириб
турган гармонь товуши, хотинларнинг қийқириғи, кулгиси эсимга тушди.
— Эҳ, танкист, танкист! — деди ҳамкасбим аламнок илжайиб. — Содда экансан. Солдат
уйига тирик қайтса дипломатига бир пачка сақич солиб кетади. Ўшандаям таможняда олиб
қўймаса! Офицер таътилга борса, чамадонларини самолётга чиқаргунча терлаб кетасан. Қаёқдан
олади шунча нарсани? — Нотаниш танкчи овозини янаям пасайтирди: — Афғондан!
Тушундингми? Афғондан.
Анграйиб қолганимни кўриб, тағин елкамга қоқди:
— Уруш ўз йўлига, ҳаёт ўз йўлига! Бизда нима кўп: диз-топлива, керосин, КамАЗ
ғилдираклари, алюмин қошиқлар... Афғонда нима кўп: радиотехника, япон соатлари, наркотик,
латта-путта... Қарабсанки, савдо авжида. Воситачилар ҳам топилади, таржимонлар ҳам. Бир
айтдим-қўйдим, танкист! Офицерни сен десанг ҳам, «прокат»га олган хотинини сиз дегин!
Ўша кеча
Ғалати туш кўрдим. Тўйимиз бўлаётганмиш. Ёнимда Шаҳноза ўтирганмиш. Эгнида атлас
кўйлак, бўйнида шода-шода дур. Негадир лабини қизил бўёққа қуюқ чаплаб олганмиш. Тўйга
нуқул солдатлар, офицерлар келганмиш. Тағин ҳаммаси бегона одамлар. Муттасил гармонь
ғийқиллармиш. Шаҳнозани бағримга тортсам, қаршилик қилмасмиш... Негадир ёмғир еғаётган
эмиш. Қарасам, ёнимда ҳеч ким йўқмиш. Бир ўзим қолибман. Ёлғиз ўзим. Вужудим титраб
уйғондим. Совуқ эди. Анчагача қаердалигимни билмай карахт бўлиб ётдим. Охири, постдаги
«уйчамиз»ни танидим. Печка ўчиб қопти. Саша, Виктор, Хайриддин уйқуни уряпти...
Do'stlaringiz bilan baham: |