Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
44
29 сентябрь
«ИЛ-76» самолёти бунчалик катта бўлишини билмаган эканман. Қанор қопга туршак
босгандек тиқдилар. Биров тик турибди, биров тўрвасининг устида ўтирибди. Самолётнинг
темир «қорнида» чўккалаб ўтирган Хайриддин бир нималарни пичирлаяпти. Овози
эшитилмайди-ю, лаби қимирлаётганини кўриб турибман. Моторнинг гувиллаши қулоқни
қоматга келтиради.
Негадир ҳаммаёқ совиб кетди. Юрагимнинг туб-тубида қўрқув пайдо бўлди. «Худо, ўзинг
паноҳингда асра!» дедим унсиз илтижо қилиб. Бир маҳал аллаким елкамга туртгандек бўлди.
Темур ака! Ёнимда турган экан. Эътибор бермабман. Кулиб нимадир деган эди, эшитмадим.
Қулоғимга эгилиб бақирди:
— Қўрқма! Бир бошга бир ўлим!
Анчадан кейин самолёт пасая бошлади. Қулоқларим шанғиллаб кетди. Ўша заҳоти дум
томонда ғалати шувиллаган овоз эшитилди. Самолёт ортидан муттасил мушак отилиб чиқа
бошлади. Қутимиз ўчиб, ҳаммамиз аланг-жаланг бўлиб қолдик. Хайрият, самолёт ҳамон учиб
борар эди. Кейин тушундик: қўниш олдидан учувчилар самолётдан ракета чиқарар экан. Мақсад
— душман «Стингер»ини чалғитиш: «Стингер» учиб боратуриб «иссиқ объект» томонга
буриларкан. Агар самолётдан ракета отилса «Стингер» моторга эмас, ўша ракеталарга бориб
уриларкан. Худога шукр, омон-эсон қўндик.
Ерга қадам босишим билан Хайриддин огоҳлантирди:
— «Бисмилло» денг, жўра! Бу тупроқда аждодларимиз ётибди.
Айтганини ихлос билан адо этдим.
Бунақанги қаттиқ шамолни энди кўришим. Қўйиб берсанг, думалатиб кетади. Ҳаммаёқ чанг-
тўзон. Аэродромда самолётлар, вертолётлар қаторлашиб кетган. Худди пана-панада душманлар
яшириниб олгандек, автоматини айнан менга ўқталиб тургандек, бошимни ичимга тортдим.
Қарасам, бошқа болалар ҳам билаги билан шамолдан кўзини тўсганча олазарак аланглаб
боряпти.
«Урал» машиналарига ўтқазишди. Карвон тизилиб йўлга тушди. Ипдек чўзилиб кетган
иланг-биланг йўл гоҳ юқорига ўрмалайди, гоҳ пастга шўнғийди. Ҳамон шамол гувиллайди. Бир
томон яланғоч тоғлар, бир томон — чўл.
— Қаранг жўра, қаранг.
Ёнимда ўтирган Хайриддин елкамга туртди.
Урушнинг изи қанақа бўлишини биринчи бор кўрдим. Шундоқ йўл четида мажақланган
«КамАЗ»лар, портлаб, ёниб кетган бензавоз қолдиғи, танк занжири, дабдаласи чиққан,
ёнбошлаб қолган БТРлар ётибди. Ҳов пастда, жарлик орасида вертолёт бўлаклари кўзга
ташланади. Парраклари ғайритабиий қийшайиб кетган...
Қисмимиз Фарах шаҳрига яқин жойда экан. Манзара деярли ўша-ўша. Бир томон — қизғиш
қояли тоғлар, бир томон қумли саҳро. Пастда лойқаланиб оқаётган илонизи сой кўринади...
Кечаси ўқ товушидан уйғониб кетдим. Пастда, чамаси сой томонда вақти-вақти билан
автомат тариллаб қўяр эди. Совуқ... Ухлашга қўрқдим.
Do'stlaringiz bilan baham: