www.ziyouz.com kutubxonasi
47
— Ким билади дейсан? — Виктор чарс чекди шекилли, димоғимга ўткир ҳид урилди.
Шлемофонда командирнинг овози эшитидди:
— Шошма, Размах етмиш олти! Кутиб тур...
... Ярим кунча кутдик. Сўнгги снаряд портлаб бўлганидан кейин ҳам йигирма дақиқалар
пойлаб турдик.
Командирнинг буйруғи билан люкни очмоқчи эдим, кучим етмади. Елкамни титраб
кўтарсам, қандайдир оғир юк нари сурилгандек бўлди. Люк қопқоғини харсанг босиб қолган
экан. Юзимга муздек ҳаво, ёмғир урилди. Қарасам, снаряд омборининг ўрни ҳовузга айланиб
қолибди. Замбаракнинг мис гильзалари бетартиб сочилиб, тутаб ётибди. Танкимиз тошлар
уюми орасига кўмилиб кетибди.
Ноябрь ойининг боши
Хосиятсиз туш кўрдим. Отам ҳовлидаги сўрида ётганмиш. Тагида кўрпача ҳам йўқ, қуруқ
тахта устида ётибди. Дада, кўрпача солиб берай, десам, индамайди. Нуқул йиғлайди. Дадамнинг
йиғлашини ҳеч кўрган эмасдим. Қўрқиб кетибман. Ёнига югуриб борсам, дадам ғойиб бўлиб
қопти.
Ярим кун хомуш бўлиб юрдим. Охири Хайриддинга дардимни ёрдим.
— Қизиқмисиз, жўра! — деди Хайриддин кулимсираб. — Кўз ёши ёруғлик бўлади. Ниятни
яхши қилинг, жўра! Яхши ниятгаям, ёмон ниятгаям фаришта омин дейди.
— Айтганингиз келсин, — дедим елкасидан қучиб. Ажойиб йигит-да Хайриддин! Кўзлари
шунақа самимийки, ичида ғубор йўқлиги шундоқ кўриниб туради. Танк ўқлаш эмас, бошланғич
синф болаларини ўқитиш ярашади Хайриддинга!
Ноябрь ойининг ўрталари
«Губба»га тушишимга бир баҳя қолди. Худо ярлақаб қисмга келган эдим. Онда-сонда
постдан қисмга келиб-кетишга рухсат бўлади. (Ўшанда ҳам «карвон»га қўшилишга ижозат
тегса.) Постдагиларга почта, сигарет, лезвие, совун дегандек майда-чуйдаларни олиб келиш
сенинг зиммангга тушади. Менга хат йўқ экан. Руҳим тушди. Шаҳнозадан-ку, ҳафтада хат
келиб турибди. Қизиқ, уйдагилар нега ёзмайди? Тинчликмикан? Гарангсиб, магазинга кирдим.
Магазин тушгача офицерларга, пешиндан кейин солдатларга хизмат қилади. Инсоф билан
айтганда, дўконда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор: Югославия сигаретидан тортиб,
япон магнито-фонларигача, ялтироқ «сим» рўмолдан тортиб, шода-шода дурларгача...
Солдатлар ўзига теккан маош — «чек»ларга нима харид қиларди? Сигарет, зажигалка...
Хайриддин қуюлтирилган сут сўраган эди (нима қилсин, чўчқа консерваси емайди, нуқул сутга
ружу қўйган). Саша билан Виктор сигарет сўрашган... Дўкон эшигидан киришим билан лабини
беармон бўяган, совуқ бўлса ҳам кўксини ярим яланғоч очиб, бўйнидаги шода-шода дурни
намойишкорона ялтиратиб турган сотувчи бобиллаб берди:
— Магазин ёпиқ, чиқ!
— Ҳозир очилди-ку, — деган эдим, негадир жахди чиқиб кетди.
— Переучёт деб ёзиб қўйибди-ку, галварс! — деди бакириб. — Рус тилини биласанми ўзи?
— Генераллардек қаддини ғоз тутиб буюрди. — Кругом марш!
— Эй, баба! — дедим ғазабдан титраб. — Сен ким бўпсанки, менга буйруқ берасан!
Кимдир билагимдан тутди.
— Юр, танкист, юр!
Жаҳл билан бурилиб қарасам, ёнимда бушлат кийган танкчи йигит турибди. Ўрис йигит.
Танимадим-ку, ҳар қалай ўзимизнинг батальондан бўлиши керак.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |