www.ziyouz.com kutubxonasi
37
кифти билан нари итарди.
Нимчасини ечаётганда кўкраклари диркиллаб кетди. «Керак бўлса, олақол!» дегандек
нимчани ерга улоқтирди. Нимча чўнтагида ҳеч нима йўқ экан. Соат Тўлаганга ўгирилди.
— Олдимга туш!
Тўлаган бир қадам юриб тўхтади.
— Фотима, — деди видолашгандек оҳангда. — Қурбонойни эҳтиёт қил. Сени Худога,
Қурбонойни сенга топширдим.
«Қурбоной эмиш! Хўп топибсанми, қизингни отини! Демак, Қурбон ҳайитида туғилган.
Мактабда ўқитувчилик қиласан, уйингда Қуръон ўқийсан... Илон! Мунофиқ!» Қизалоқ ҳамон
онасини қучоқлаб турар, чамаси, дадасининг олдига учиб бориб бўйнига осилгиси келар, аммо
нотаниш «амаки»дан қўрқар эди.
— Марш! — деди Соат. — Бизни куч ишлатишга мажбур қилма!
Шу пайт Фотима ўтирган жойида у ёқдан-бу ёққа тебрана бошлади.
— Эй, поки-парвардигор! — деди икки қўлини осмонга чўзиб. — Бу золимларгаям боққан
бало борми, Худо!
— Ая, туринг, аяжон! — Қизалоқ йиғлаб Фотиманинг қўлидан торта бошлади. — Дада,
айтинг, аям йиғламасинлар!
— Илоё Қуръон урсин сени, билдингми? — Фотима кўзлари ўтдек ёниб Соатга чақчайди-да,
тиззаларига шапатилаб, фарёд солди: — Қуръон урмаса, розимасман. Отамнинг арвоҳи урмаса,
розимасман! Болаларинг етим бўлиб, чирқиллаб қолмаса, розимасман! Мунча шўрпешона
бўлмасам, Худойим!
Ҳаммаси бир гўр. Ўрмон четида укаси ҳам шунақа саннаган эди. Ҳаммасини отиш керак,
битта қўймай!
Соат йўлакка етганида беихтиёр бурилиб қаради. Фотима айвон пешида ўтириб ҳамон
айюҳаннос солар, қизи эса бўйнидан қучиб йиғларди. Фотима шу ўтиришда ҳам қандайдир...
жозибали эди.
Соат мийиғида кулиб қўйди.
«Хэх. Майли, қарғайвер-чи! Кўрамиз ҳали, қандай сайраркинсан? Мана шу қўлларинг билан
елкамни силаб, мана шу тилларинг билан «Соат акажон», деб эркаламасанг, отимни бошқа
қўяман!»
ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН
— Хў-ўш, коллега, ишлар қалай?
— Саломатмисиз, ўртоқ Комиссар? Марҳамат!
— Васильевнинг сўроғидан бирон наф чиқдими?
— Васильевнинг юз фоиз алибиси бор, ўртоқ Комиссар. Жиноят содир бўлган куни у
ҳушёрхонада ётган.
— Ҳм... Хўш? Хотини-чи? Шоматовнинг хотини нима дейди?
— Нима дерди? Ўша гап. Эрталаб сутга чиққан. Қайтиб келиб, рўй берган ҳодисани кўрган.
Чиндан ҳам ўша куни оператив группа етиб борганида Шоматова уйида эди.
— Уйида дегин? Хэх! Кечаси қаерда тунаган экан ойимча?
— Гувохлик беришича, туни билан уйида бўлган.
— Хотин кишининг макри қирқ эшакка юк бўлади! Эрталаб сутга чиққан эмиш! Ўша куни
сутга чиқмаган! Чиқса, мен кўрардим, мен!
— Аниқми шу гап?
— Мен ноаниқ гапирмайман, коллега! Бундан ташқари... Суриштириб кўрдингми? Шоматов
уйни қандай қилиб олди экан?
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |