www.ziyouz.com kutubxonasi
18
— Ўт-э, эшонвачча! — деди Ҳусаннинг қўлини ёқасидан олиб ташлашга уриниб. Ҳусан
чиллакдек қўллари билан маҳкам тирмашиб олган, кўзлари мушукдек ёнарди.
Соат бир мушт солган эди, Ҳусан қорга чалқанча йиқилди. Лаби қонаб, қорга туфлади.
Шундагина Соат қий-чув тинчиб қолганини, атрофини катта-кичик болалару қизлар ҳалқадек
ўраб, ўшшайиб турганини кўрди. Дадил бориб, ҳалқани ёриб ўтди. Қулоғига раста бўлган
йигитчаларга хос ғўлдираган овоз кирди:
— Менга қара, ўв Комиссар! Агар Ҳусанни яна бир марта урсанг...
Соат ортига бурилиб қаради. Ҳаким тегирмончининг ўғли - ўзи билан тенгдош Тўлаган
кўзини олайтириб турибди. Бунинг ҳам отаси сургун бўлган! Тўлаган бояги гапини яна
қайтарди:
— Бир марта урсанг...
Соат бир зум иккиланиб турди-да, нари кетди.
* * *
Ёзда яна бир юқеа бўлди. Айни саратон эди. Соат Қонқусга чўмилишга борди. Анҳор четида
тупроққа беланиб ётган қора-қура болалар орасида тўрт-бешта тенгқурлари ҳам борлигини
узоқдан қўрди. Тупроққа дум тушиб ётган болалар бир нималарни гаплашиб қийқириб
кулишар, ҳар кулганида завқланиб, товонини уриштириб қўярди. Бир чеккада, ўрик тагида
ётган Ҳусанхўжанинг ингичка кулгуси, айниқса, жаранглаб чиқар эди.
Соат яқин келиши билан ҳаммаси жимиб қолди.
— Чўмиляпсанларми? — деди Соат бошқа гап тополмай. Болалар орасида кимдир
тўнғиллади:
— Қайиш уқалаяпмиз!..
Қийқириқ кулги кўтарилди. Соат Ҳусанхўжанинг айрича завкланиб кулганини эшитди.
— Сув қанақа? — деди бепарво гапиришга уриниб.
— Тушсанг биласан.
Соат жахл билан кўйлагини ечиб, ўрик шохига идди-да, Қонқусга калла ташлади. Сув совуқ
эди. Шўнғиб чиқиб, оқимга қарши суза бошлади. Ҳов анави мажнунтолга етмагунча қўймайди!
Сузишга уста эди. Қизиқ, уввало уринадики, қани ақалли бир қулоч сурилса! Илгари оқимга
қарши ҳеч сузмаган экан. Қанақа анҳор ўзи бу лаънати? Юзаси қилт этмайди. Ҳовузга ўхшаб
жимирлаб турибди-ю, таги шиддат билан оқади. У олдинга интилади, сув орқага тортади! Оёқ-
қўлини тапиллатиб жон-жаҳди билан сузаверади. Етади! Мажнунтолга етмагунча қўймайди.
Охири ҳансираб кетди. Бир маҳал қараса, анҳор соҳилида болалар қалдирғочдек тизилиб
ўтирибди. Қорни, тиззаси тупроққа беланган.
— Ҳа-а, Комиссар! Қани, бир ғайрат қил-чи, кўрамиз сувга тескари сузиш қакақа бўларкан?
Бунинг отини Қонқус деб қўйибди, ўв!
Соат Тўлаганнинг овозини таниди. Шу гапинг учун ҳам сузади, ўлиб қолгунча сузаверади!
Бўлмади... Ҳолдан тойди. Қараса, оқим орқага — ўрамага суриб кетяпти. Қўрқув ичида
қирғоққа талпинди. Қамишларни чангаллаб сирпана-сирпана юқори чиқиб олди. Ҳансираб
нафас олар, оёқ-қўли титрарди. Соҳилга чиқиши билан болалар бараварига қийқириб кулишди.
«Душман! Ҳаммаси душман! Илоннинг боласи — илон, чаённинг боласи — чаён!..» — Соат
дафъатан хаёлига келган гапдан кўнглида алам ва айни пайтда алланечук енгиллик туйди.
Офтобнинг бинафшаранг ҳалқачаларидан қамашган кўзларини юмиб, узоқ ётди. Бир маҳал
қараса, кўйлаги осиғлиқ ўрик шохида сап-сариқ мевалар ялтираб турибди. Пастда эмас, қир
учида. Хаёлига ғалати ўй келди.
— Ҳусанхўжа! Ҳусанхўжа!
— Нима? — деган ингичка овоз келди.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |