www.ziyouz.com kutubxonasi
16
Ажаб қилади. Яхши жангчи асир тушмайди!
Хуллас, «горшок» операцияси жуда қулай. Сўроқ бераётган жиноятчини қип-яланғоч қилиб
ечинтирасан. Ёрдамчиларинг усти берк тувакни олиб киради. Жиноятчини ўшанга ўтқазасан.
Ёрдамчиларинг унинг ичидаги каламушга кўз-қулоқ бўлиб турса — бас. Бундан ташқари,
тувакни жиноятчининг орқасига шундай ёпиштириш керакки, мояги унинг ичига кирсин. Беш
минутдан кейин каламуш нафас ололмай димиқиб қолади. Ташқари чиқиш учун сакрайверади.
Ҳар сакраганда моякни тишлайди. Дунёда каламушнинг тишидан ўткир нарса йўқ. Эркак
кишининг энг нозик жойи — мояк. Каламуш ҳар тишлаганда жиноятчи ҳайвондек ўкиради.
Манаман дегани ҳам ярим соатда ҳушидан кетади. Карасанг, тувак тўла қон... Каламушлар ҳам
одам қонини ичишга ўрганиб қоларкан. Бора-бора тувак ичида «зиёфат»ни пойлаб жимгина
ётадиган бўлиб қолади... Ана шунақа усуллар бор, коллега! Сен, бола, нимани билардинг!
Ҳалиям бўлса қўйиб бер бизларга! Любой жиноятчининг айбини уч кунда бўйнига қўйиб
бермасак, туфде!
* * *
... Ҳаво совуқ, осмонда заҳардек аччиқ қор учқунлари эринчоқ кезади. Кўчаларни ойнадек
муз босган, машиналар эмаклагудек қўрқа-писа имиллайди. Нафас олсанг, оғзингга совуқ олов
кираётгандек бўғзингни ачиштиради. Одамлар тайғоноққа йиқилиб майиб бўлмаслик учун
эҳтиётлаб қадам босади. Жуда соз-да! Қадамингни билиб бос! Қанча қўрқсанг шунча яхши!
Тартиб бўлади, интизом бўлади...
Комиссарнинг ёнидан қуён телпакли киши шитоб билан ўтиб кетди. Икки қўлини
пальтосининг чўнтагига суқиб олган... Қўлтиғида - арча... Ҳовлиқ-а, ҳовлиқ! Битта йиқилсанг,
арчанг беш қулоч нарига отилиб кетади. Янги йилни баннисада кутиб оласан. Хотининг
байрамга «передача» олиб боради.
...Анави терговчи Комиссарнинг гапига ишонмади. Хэх! Ўн беш ёшимдан комиссарман,
деса, ростданми, дейди. Албатта ишонмайди-да! Буларда на касбига меҳр бор, на эътиқод!
... Тепақўрғон катта қишлоқ эди... Чор-атроф боғ-роғлар, узумзорлар... Соат баҳор палласи
хирмонтепага чиқиб варрак учирар, бутун қишлоқ кафтда тургандек кўринар, ер-кўк ўриклару
шафтолилар гулига кўмилиб кетганга ўхшар эди. Ҳар йили сомоншувоқ қилинавериб қалин
тортиб кетган томлар устида қип-қизил лолақизғалдоқлар, мунис чучмомалар очилар, қишлоқ
этагида ёйилиб оқаётган Қонқус олисдан жигарранг илондек тўлғанаётгани кўзга ташланарди.
Қишлоқ ўртасида мезанали мачит.Обидхон эшоннинг тўрт пахса деворли қўрғони билан
Юнусбойнинг тунука томли қадди баланд уйи олдида Соатларнинг кулбаси бостирмадек ғариб
кўринарди. Ҳолбуки, Соатнинг дадаси унча-мунча одам эмас, Комиссар Ғаниев эди! Эгнига
чарм тужурка, бошига айвонли шапка кийиб, биқинига браунинг тақиб юрар, кўча-кўйда дуч
келиб қолса, Юнусбой ҳам, қозондек саллали Эшон ҳам икки букилиб таъзим қилишарди.
Шунақа-ку... Соат бир нарсага ҳеч тушунмасди. Ҳайит арафасида, Наврўз байрамида
Эшоннинг кўргони олдида от-аравалар қаторлашиб кетар, юзлаб одамлар «пири»нинг дуосини
олиб қолишга ошиқар эди.
Ҳеч ёдидан чиқмайди. Бир куни Соат браунингини мойлаб ўтирган дадасидан сўради:
— Нега Эшоннинг девори бизникидан баланд? Дадаси кулди.
— Эшон ўзининг қора қилмишларини элдан яшириш учун қўрғонини баланд девор билан
ўраб олган, ўғлим! Яқинда ҳаммасига қирон келтирамиз, Эшон ҳам бўлмайди, бой ҳам...
Умуман, девор деганнинг ўзи бўлмайди. Бутун дунёда пролетариат ғалаба қозонади.
Соат отасининг гапига яхши тушунмаса ҳам, бир нарсани англади. Яқинда Эшоннинг
девори бузилади. Юнусбойнинг тунука томли уйи қўпориб ташланади. Кейин ҳамма тенг
бўлади...
Дадаси орзусига етолмади. Куз кунларининг бирида ўлигини аравага ортиб келишди.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |