www.ziyouz.com kutubxonasi
19
— Ўрик олиб туш. Ҳов, юқори шохдан. Тез бўл!
— Йиқилиб тушаман-да.
— Йиқилмайсан.
Ҳусанхўжа узун иштонини шалоплатиб яқин келди.
— Кесак отақолай?
— Майли, — деди Соат лоқайдлик билан.
Ўрик баландда эди. Ҳусанхўжа мўлжаллаб нуқул кесак отар, кесаги тепа шохга етмас эди.
Терлаб кетди. Бошқа болалар индамай томоша қилиб ётибди. Охири, битта кесак ўрикли шохга
тегди. Учта ўрик тўпиллаб тупроққа тушди. Ҳусанхўжа югургилаб олиб келди.
— Манг, Соат ака!
— Ювмайсанми, аҳмоқ! — Соат кўзини ола-кула қилди. — Тупроққа қўшиб емайман-ку!
Ҳусанхўжа анҳор соҳилига қорни билан ётиб, ўрикни чайиб келди.
— Манг, ака!
— Ёрилибди-ку, эшшак! Менга бутуни керак! – Соат Ўрикларни анҳорга улоқтирди. – Чиқ
шохга! – деди ўдағайлаб. — Бутунидан узиб туш!
Ҳусанхўжа бирпас анграйиб турди-да, алам билан чийиллади:
— Эй, бор! Мен сенинг малайингманми?
— Нима? — Соат сапчиб ўрнидан турди. — Нима дединг? — тарсакилаб юборган эди,
Ҳусанхўжа ағдарилиб тушди.
Шунда... кутилмаган ҳодиса рўй берди. Овози дўриллаб қолган тенгдошлари қуюндек
ёпирилиб келди. Тўрттаси баравар ёпишди. Бири қўлтиғидан олди, бири оёғидан... Сувга
улоқтириб юборишди. Соат Қонқуснинг қоқ ўртасига шалоплаб тушди. Худди қурбақадек.
Соҳилга сузай деса, рақиблари тизилиб турибди: ҳаммаси завқланиб кулади. Ҳусанхўжа тупроқ
чангитиб маймундек ирғишлайди. Нариги қирғоқ — тик. Анҳор четида ўсган маймунжонлар,
найзасини қайраб турган наъматаклар сувга эгилиб ётибди. Соат тағин оқимга қарши сузишга
тушди. Мажнунтолга етса, нариги бетга чиқиб олади... Бора-бора қўлларидан мадор кетганини,
оёқлари увишиб қолганини сезди. Оғзига сув кириб ўқчий бошлади. Қонқус билан ҳазиллашиб
бўлмаслигини, ўз йўлига оқиб ётган сувга тескари сузиш яхши эмаслигини идрок этди. Аммо
бошқа чораси йўқ эди. Сув яна озгина оқизиб борса бас. Қонқус кескин бурилади-да, ўрамага
тортиб кетади. Бир лаҳза тин олди. Шунда соҳилдаги болалар ҳам жимиб қолганини ҳис қилди.
Қулоғига Ҳусанхўжанинг чинқироқ овози кирди:
— Тўлаган ака! Чўкиб кетади, шох синдириш қерак, Тўлаган ака!
Соат бутун кучини тўплаб тағин оқимга қарши сузди. Бироқ энди мадори қуриб битган,
қўллари ожиз шалоплар эди. Дафъатан тумшуғи тагида турган шохга кўзи тушди.
— Соат! – деди соҳилда ўрик шохининг бир учидан тутиб турган Тўлаган. - Ушла! Чўкиб
кетасан, жинни!
Соат ҳолдан тойган қўлларини ожиз типирлатаркан, қирғоқ томонга нафрат билан қаради.
— Йўқол! — деди нафаси қайтиб. — Менга сенинг ёрдаминг керак эмас!
Бурилиб, нариги соҳил томон сузди... Ниҳоят, наъматак шохига чанг содди. Кафтига тикан
кирганини ҳам, оғриқни ҳам сезмади. Энтикиб-энтикиб нафас ростлади. Наъматаклар
чангалзори оралаб тик соҳилга чиққунча тиканлар аъзойи баданини қонатиб ташлади. Қараса,
болалар нариги қирғоқда қаторлашиб турибди.
— Эшитиб қўйларинг! — деди Соат алам аралаш ғазаб билан. — Мен Комиссар бўламан!
Албатта бўламан! Ҳаммангни отаман! Битта-биттадан отаман!
Do'stlaringiz bilan baham: |