www.ziyouz.com kutubxonasi
17
Тепақўрғонда қиёмат бўлди. Қизил чойхонада катта митинг бўлди. Шаҳардан «катталар» келди.
Милтиқ кўтарган салдотлар ҳаммаёқни ўраб олди. «Инқилоб душманларига ўлим!», «Йўқолсин
текинхўр бой ва эшонлар!» деган хитоблар янгради.
Соат дадасининг катта одам эканини ўшанда аниқ ҳис этди. Отасини кўмишаётганида
салдотлар гумбурлатиб ўқ узди.
Эртаси қама-қама бошланди. Тепақўрғонда бир-биридан ваҳимали мишмишлар тарқалди.
«Комиссарни Юнусбойнинг одамлари пичоқлаган экан. Бойни отиб ташлашибди»,
«Комиссарни ўлдиришга Обидхон эшон фатво берган экан. Эшон совет халқининг душмани
экан. Аввал ҳам мачитда «саветский влас — очиздан ўлас», деб каромат қилганини эшитганлар
бормиш... Эшонни йигирма беш йилга кесишибди. Уйидан олиб чиқиб кетишаётганида Эшон
Қуръонни кўзига суртиб, қасам ичибди. «Каломулло урсин, мен бир бандаи мўъминнинг жонига
қасд қилишдан қўрқаман, яратган Тангримнинг ўзи гувоҳ», — деб йиғлабди.
Бир ҳафтада Тепақўрғон ўлат оралагандек ҳувиллаб қолди. Йигирмага яқин одам қамалди..
Мачит бузиб ташланди...
Тўғри, отасини Тепақўрғонда эмас, Бешёғоч яқинида, Сиймонкўприқда пичоқлашган экан...
Нима фарқи бор? Комиссар Ғаниев йигирма беш мингчилардан эди. Демак, уни шу ерлик ички
душманлар ўлдирган!
Соат бир нарсани тушунмас, тушунишни хоҳлагиси ҳам келмасди: қизиқ, ўша воқеалардан
кейин онаси тўсатдан намозхон бўлиб қолди. Жойнамоз устида юзига фотиҳа торта-ётиб,
баралла тавалло қилади:
— Эй поки парвардигор!.. Яккаю ягона болам ҳаққи, илтижо қиламан. Отасининг гуноҳидан
ўт. Маҳшар кунида дўзах азобидан ўзинг халос эт! Эшон ота! Биламан, сизда гуноҳ йўқ. Қаерда
бўлсангиз ҳам умр-жонингизга баракот ато этсин!
Охири Соат чидолмади. Жойнамоз устида ўтирган онасининг бошига ўдағайлаб борди:
— Ўчиринг-е! Унсурлар дадамни ўлдирсин-да, сиз уларни дуо қилинг?!
Онаси илтижоларини айтиб бўлиб, юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди.
— Мени онам десанг, – деди қатъият билан, – отангни йўлидан бормайсан! Борсанг, оқ
сутимни кўкка совураман. Ўлсам гўримда тик тураман!
Соат бирпас серрайиб турди-да, уйдан чиқиб кетди. Жинни бўлиб қолганми онаси?!
У тенгқур болаларнинг муносабати ўзгариб қолганини аввал пайқамади. Бора-бора
тушундики, ўртокдари ундан қўрқар экан! Тўрттаси гаплашиб турган бўлса, Соат яқин бориши
билан келишиб олгандек жимиб қолади. Йўқ, гаплашишади у билан. Гаплашади-ю, бегоналиги
сезилиб туради. Ғалати ҳолат. Соат ҳам ғурурланади, ҳам кўнгли ўксийди.
Ҳеч эсидан чиқмайди. Қиш офтоби чарақлаб турар эди. Аллақанча болалар ёнғоқзор
четидаги майдонда қорбўрон ўйнаётган экан. Соат ҳам келиб қўшилди. Кафтида қор зичлаб бир
отган эди, бахмал камзул кийган қизалоқ юзини чангаллаган кўйи чирқиллаб қолди. Тўғриси,
Соат уни урмоқчи эмасди. Шунчаки, қорни дуч келган томонга отганди.
Соат югуриб борди. Қараса, қизалоқ кафти билан юзини беркитиб, қорда чўккалаб
ўтирибди. Қизалоқнинг билагидан тортган эди, бир кўзи шишиб кетганини кўрди.
— Йиғлама, – деди раҳми келиб. – Атайлаб қилмадим-ку, жинни! Отинг нима?
— Отимни айтсам нима қилардинг! — деди қизалоқ ҳамон йиғлаб. — Мениям
қаматмоқчимисан? — Тағин ўкиниб-ўкиниб йиғлашга тушди.
— Ўв, зўравон! Нега урдинг Потмани?
Соат қулоғи остида янграган чийилдоқ овозни эшитиб бурилиб қаради. Ёнида ўзидан беш-
олти ёш кичик Ҳусан чакчайиб турарди. Соат шундагина тушунди. Булар — Эшоннинг арзанда
эгизаклари: Фотима-Ҳусанлар.
Индамай бурилиб кетаётган эди, Ҳусан кутилмаганда унинг ёқасига ёпишди.
— Нима ёмонлик қилди сенга? — деди биғиллаб. Соатнинг ғаши келди.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |