Ганглионар қават
қатъий бир қатор бўлиб жойлашган ноксимон
нейронлар (neuronum piriforme, Пуркинье ҳужайралари) дан ташкил топган.
Уларнинг йирик (60 х 35 мкм) ноксимон танасидан, одатда 2-3 та дендрит
чиқиб, дарҳол тўғри бурчак ҳосил қилиб эгилади ва маълум масофада бурма
юзасига параллел жойлашади (расм 9.8). Дендритлар жуда кўп шохчалар
бериб, молекуляр қаватни тешиб ўтади ва ўрмаловчи толалар ҳамда донача
ҳужайралар аксонлари билан синапслар ҳосил қилади. Дендритларнинг
ҳамма шохчалари битта текисликда, бурмалар йўналишига перпендикуляр
жойлашади, шу сабабли бурмаларнинг кўндаланг ва бўй лама кесмаларида
ноксимон ҳужайраларнинг дендритлари турлича кўринади. Пуркинье
ҳужайралари танасининг остки қисмидан аксон чиқиб, мияча пўстлоғининг
донадор қавати орқали оқ моддага ўтади ва мияча ядроларининг нейронлари
билан синапслар ҳосил қилиб тугайди. Донадор қават ичида ушбу
аксонлардан коллатераллар кетади, улар ганглионар қаватга қайтиб, қўшни
Пуркинье ҳужайраларининг таналари ва дендритларининг пастки
тармоқлари билан синапслар ҳосил қилади.
Молекуляр қават
асосан икки хил: саватсимон ва юлдузсимон
нейронлар тутади. Саватсимон нейронлар (neuronum corbiferum) молекуляр
қаватнинг пастки 1/3 қисмида жойлашади. Улар ноғўғри шаклдаги майда
(10-12 мкм) нейронлардир. Уларнинг узун ингичка дендритлари асосан
бурмаларга кўндаланг текисликда тармоқланади. Узун аксонлари доимо
бурмаларга нисбатан кўндаланг ва ноксимон нейронлар устидаги юзага
параллел йўналади. Улар бутун узунлиги бўйлаб пастга, ноксимон
нейронлар танасига тушувчи коллатераллар беради. Коллатераллар бошқа
толалар билан биргаликда Пуркинье ҳужайраларининг танасини зич ўраб,
ўзига хос тузилма – нерв толаларининг саватчасини (corbis neurofibrarum)
ҳосил қилади. Саватсимон ҳужайраларнинг ўсимталари молекуляр қаватдан
ташқарига чиқмайди. Саватсимон нейронларнинг фаоллашуви ноксимон
нейронларни тормозлайди.
Юлдузсимон
нейронлар
(neuronum
stellatum)
саватсимон
ҳужайралардан юқорида жойлашади ва икки хил бўлади. Майда
юлдузсимон нейронлар ингичка, калта дендритлар ва ноксимон
ҳужайраларнинг дендритларида синапслар ҳосил қилувчи кам тармоқланган
аксонларга эга. Йирик юлдузсимон нейронлар майдаларидан фарқли ўлароқ,
узун ва кучли шохланган дендрит ҳамда аксонлар тутади. Уларнинг
аксонларини шохчалари ноксимон ҳужайраларнинг дендритлари билан
боғланади, лекин айрим шохчалар ноксимон ҳужайраларнинг таналаригача
етиб боради ва саватчалар таркибига қўшилади. Молекуляр қаватнинг
саватсимон ва юлдузсимон нейронлари оралиқ нейронларнинг ягона
системасини ҳосил қилади ва бурмаларга кўндаланг бўлган текисликда
ноксимон нейронларнинг танаси ва дендритларига тормозловчи нерв
импульсларини узатади.
Do'stlaringiz bilan baham: