Трансдукция ҳодисасининг кашф этилиши. Трансдукция деб
генетик материалнинг бир бактерия ҳужайрасидан иккинчисига бактерио-
фаглар орқали ўтказилишига айтилиб, бунда бактериал генлар
бактериофагнинг ДНК сига ҳужайра лизиси даврида қўшиб олинади ва
кейинги инфекция даврида янги қўшиб олинган бактериал ген бошқа
бактерияга ўтказилади. Бевосита трансдукция ҳақида мукаммал маълумот
беришдан олдин вируслар ва бактериофаглар ҳаёти билан танишайлик.
ДНК моддасининг генетик аҳамияти борлигини узил-кесил исбот этишда
бактерияларнинг паразити бўлмиш вируслар
– бактериофаглар
кўпайишини текшириб ўрганиш натижаси катта аҳамиятга эга бўлди.
Америка олимлари А.Херши ва М.Чейзларнинг 1952 йилда амалга
оширган тадқиқоти айниқса катта аҳамият касб этди. Уларнинг
тажрибалари натижасининг кўрсатишича вируслар бактерияларга ҳужум
қилганда вирус таркибидаги оқсил бактерия ташқарисида қолиб, унинг
ичига фақат вирус ДНК си киришлиги аниқланди
(илова – 65.1,2 ва 66-
расмлар). Бактерия ичига кириб жойлашган вирус ДНКси ўзининг
одатдаги функциясини бажара бошлайди. Вирус ДНК молекуласи
мустақил репликацияланиш орқали кўпайиб, унинг сони 100-300 га етади.
Шунинг билан бирга ҳар қайси ДНК вирусга хос оқсил синтез қилиб ўзига
бириктиради. Оқибатда бактерия ҳужайраси таркибий қисмининг
емирилиши ҳисобидан 100-300 янги вирус таначалари ҳосил бўлади (66-
расм). Улар бактерия ҳужайраси қобиғини ёриб чиқади. Улар бошқа
бактерияга ҳужум қилиб кирган бошланғич вируснинг барча
хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган бўлади. Юқорида баён этилган
вируслар ҳаётини акс эттирган жараён ҳаммаси бўлиб 10-45 минут ичида
содир бўлади. Бу тажриба вирусларнинг кўпайиши ва улар белги ва
хусусиятларининг келгуси авлодларга ирсийланишини таъмин этувчи
моддий асос ДНК молекуласи эканлигини исбот этди. 1952 йилнинг ўзида
Дж.Лодерберг ва Н.Циндер молекуляр генетиканинг пайдо бўлишида катта
аҳамиятга эга бўлган тадқиқотни амалга ошириб трансдукция ҳодисасини
кашф этдилар.
Трансдукция ҳодисаси қуйидаги махсус тажрибани амалга ошириш
натижасида кашф этилди (67-расм). Улар тажриба учун сичқонларда тиф
касалининг пайдо бўлишини таъмин этувчи
Salmonella typhimurium бактериясининг ҳар хил хусусиятга эга бўлган иккита штаммини олди.
Уларнинг биттаси 22А штамм деб аталиб у сичқонларда тиф касалини
пайдо қилди. 22А штамм триптофан аминокислотасини синтез
қилинишини тўхтатадиган ген мутациясига эга бўлиб уни Т
– белгиси билан
ифодаланади. Шунинг учун бу штамм бактериялар триптофанни синтез
қила олмайди. Иккинчи штамм эса 2А штамми деб номланган бўлиб у
мазкур аминокислотани синтез қила оладиган хусусиятга эга. Бу белгининг