www.ziyouz.com кутубхонаси
22
тилашди. Шу аснода улар яна денгизга чиқишди.
Кичик сийна ортда қолди. Атрофини тунд сувлар ўраб олган ёлғиз орол ҳувиллаб қолган,
ғарибона ва аянчли кўринарди. Ўрта сийнага қараб йўл олишди. Қош қорая бошлади.
Эшкакчилар қоронғи тушгунча Ўрта сийнага етиб олиб, қайиқни панароқ жойга қўйиб, тунаб
колиш мақсадида жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Кичик сийна гўё сувга чўкиб
кетгандай кўздан ғойиб бўлди, аммо Ўрта сийна ҳали-вери кўринай демасди. Яна борлиқни сув
қоплаб олди.
Овчилар ўлжа пайига тушишганида денгиз сезиларли даражада ўзгара бошлаган эди.
Тўлқинлар қалинлашди. Зичлашди. Сувнинг мавжи аввалги йўналишда бўлса ҳам шамолнинг
йўналиши ўзгарган эди. Қайиқ энди аввалгидан кўра кучлироқ силкиниб чайқалмоқда эди.
Аммо овчилар ҳавонинг авзойидан кўпроқ хавотирланишарди. Ўзи нима бўляпти? Одатда
йилнинг бу фаслида ҳаво айнимас эди-ку! Аллақаёқлардан учиб келган ғубор олислардаги
зулматли ўрмонлардан чиққан ёнғин алангасининг тутунидай, бутун осмонни қоплаб олди.
Тутун гарчи осмонни ўраб олган ва ҳеч кимга ҳеч қандай халал бермаётган бўлса ҳам овчилар
ғашланиб қолишди.
— Қаёқдан келяпти бу бало? — ўзича ғудранди Ўрхон бобо атрофга нохуш боқар экан.
Энди улар ҳозир Ўрта сийна кўриниб қолади, деб зўр бериб эшкак эшар эдилар — Ўрта
сийна ҳаммасидан кўра қулай ва тинч эди-да.
Бу орада ҳаво бир оз очилди, ҳатто денгизнинг нариги чеккасидан қуёш мўралаб қолди. Бу
ёруғлик ақл бовар қилмас мўъжизага ўхшар, гўё у оламнинг нариги чеккасидан чиқаётгандек
эди. Бу қуёшга бемалол қараш мумкин эди, у кўзни қамаштирмасди. Қуёш қонталаш тусга
кириб, аста-секин қизариб, алвонланиб, хира уфққа бота бошлади. Осмоннинг чиройи очилгач,
яна денгиз юзига шуъла югурди, яна осойишталик ҳукм сура бошлади. Одамлар ҳам дарров
хотиржам бўла қолишди. Улар энди оролда тинч жой топиб, ором олишни хаёл қила
бошладилар.
— Озгина сабр қилсанг, олдинда Ўрта сийна кўриниб қолади,— деди Ўрхон бобо ёнида
ўтирган Кирискнинг елкасига қоқиб.
Бола аллақачон чанқаган, аммо отасининг тақиқларига соддадиллик билан амал қиларди.
Овга чиқиш олдидан отаси чучук сув денгиз сафарида ҳамиша камчил бўлишини тушунтирган
эди. Сафарда уйдагидай истаган вақтингда сув ичиш мумкин эмас. Ҳатто учала оролда ҳам
бирор томчи чучук сув йўқ. Қайиққа эса ортиқча юк ортиб бўлмайди. Ҳамма қачон сув ичса, сен
ҳам ўшанда ичасан.
Тўсатдан олисда қуёш кўриниб, олам ёришган лаҳзаларда бола Ўрхон бобонинг кўнгли
юмшаганлигини сезди.
— Аткичх! Сув ичгим келяпти, жудаям! — деди у йигитлардай кулимсираб, отасига қараб
қўйди.
— Шундай дегин! — энди эсига тушгандай мийиғида кулди Ўрхон бобо. — Ҳалигидака
қойилмақом жигардан кейин албатта одам чанқайди-да! Турган гап, чанқайди! Ахир,
ҳаммамизнинг сув ичгимиз келяпти, тўғрими?
Эмрайин билан Милхун тасдиқлаб, бош ирғаб қўйишди. Кириск севиниб кетди, демак, битта
ўзи эмас, ҳамманинг сув ичгиси келаётган экан.
— Ундай бўлса сув билан сийлаймиз ўзимизни, кейин бир чекиб олсак ҳам бўлади! — деди
Ўрхон бобо бошқарувчи эшкакнинг дастасини ўз ҳолига қўйиб, сўнг қайиқнинг тубидан кичик
бочкани олди, уни қулайроқ жойлаштириб, ичи чегаланган тунука чўмичга бочканинг оғзидан
секин жилдиратиб сув қуя бошлади. Сув муздеккина, тиниқ эди — Олапар қоясининг денгизга
тескари тарафидаги булоқдан олинганди. Бу ўша, ўзларининг доимо ичиб юрган тип-тиниқ,
мазали ва суюмли сувларидан эди. Ёзда чайқалган сув ўтлари ҳамда зах ернинг ҳиди келарди
ундан.
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |