www.ziyouz.com kutubxonasi
188
— Ўлдириб кетишибди, — Зоҳид «наҳот бу янгилик панжаранинг у томонида қолиб кетган
бўлса, наҳот бу аёл эшитмаган?» деган хаёлга унга синовчан тикилди.
Зарипова «Вой бечора, Худо раҳмат қилсин», деб пичирлаб, титрай бошлаган бармоқларига
тикилди. «Буни нега менга айтяпти? «Ўлдириб кетишибди...» Укамнинг бунга нима алоқаси
бор?»
Зоҳид бу хабарни айтиш билан сўроқни якунлади. «Кейинги сўроққа қадар бу аёл кўп нарсани
ўйлайди, айтгиси келмаётган гапларни энди айтади.» — Шу фикрда аёлнинг изидан қараб
қолган Зоҳид гарчи ундан бирон янги гап эшитмаган бўлса-да, сўроқдан кўнгли тўлиб қайтди.
ХVI б о б
1
Асадбек ўғли Абдусамад билан тонг қоронғусида йўлга чиқиб, Козловнинг оиласидан хабар
олиб қайтганда майдалаб ёмғир ёғаётган эди. Абдусамад машинани дарвозага тўғрилаб
тўхтатиши билан қўшни эшик очилиб, Қамариддин чиқиб келди-да, Асадбек билан кўришиб,
уйига таклиф қилди:
— Бир пиёла чойимиз бор эди, — деди у илтижоли оҳангда.
Асадбекнинг бу кунга мўлжаллаган ишлари кўп эди, шу сабабли илтимосни рад этди.
Қамариддин яна бир ялингач, «атай кутаётган экан, гапи зарурдир», деган фикрда унга
эргашди. Чол-кампирга мўлжалланган хонадонга дастурхон усти шохона бўлмаса-да, қўл учида
кун кўрувчи хонадонга хос равишда тузалган эди. Шошиб кириб, шошиб чиқиб кетиш
менсимаслик аломати сифатида қабул қилинажагини билган Асадбек ҳурмати учун
синдирилган патирдан бир чимдим ушатиб олди. Аччиқ чойдан уч-тўрт ҳўплагач, вақти зиқ
эканини писанда қилди. Ана шунда Қамариддин озгина ҳижолат, ундан сал кўпроқ қўрқиш
ҳолатида чақирувдан мақсадини баён қилди.
— Қўшни бўлганимиздан бери сиздан кўп яхшиликлар кўрдик, барака топинг, ота-онангизни
Худо раҳмат қилсин, жаннатлардан жой берсин, — Қамариддин гапни дуо билан бошлади-ю,
мақсадга яқинлашганда тилнинг айланиши қийинлашди.
— Қамар ака, нима гапингиз бўлса айтаверинг, орада ҳижолатлик йўқ,— деб Асадбек унга
далда бер- ди.
— У кунги гапларни маслаҳат қилувдик. Маслаҳат шу бўлдики... ҳовли-жойни сотиш зарурати
бор экан. Ўғлимнинг ҳам автобазадан бўшагиси йўқ, бир нима дейишга ҳайронман, бошим
қотиб қолди. Қариганда ота-боланинг гапи тўғри келмаса қийин экан, — Қамариддин шундай
деб оғир дард азобида тўлғанаётган одам каби хўрсиниб қўйди.
Асадбек қўшнисининг бундай беъмани хулосага келишини сира кутмаган эди. Шу пайтга қадар
ундан марҳамат кўрганлар ҳамиша таъзимда бўлганлар. «Ўла-ўлгунимча қулингизман»,
дейдиганлар ҳам учраб турарди. Асадбек уларнинг қулликларига муҳтож бўлмаса-да, ана
шундай миннатдорчиликларга ўрганиб қолган эди. Қилажак яхшилиги учун бу қўшнисидан
қулликни талаб қилмовди.
Хўрсиниб, қарашга ботинолмай бошини хам қилган Қамариддинга тикилган Асадбекнинг қони
қайнади: «Бу гаплар ўзининг калласидан чиқдими ё бирон аҳмоқдан ақл ўргандими?
Бундақаларга яхшилик қиламан, деганнинг ўзи аҳмоқ. Баттар бўл!» — Асадбек шу ғазаб билан
ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди-ю, ғариб ҳолида ўтирган қўшнисига раҳми келиб, ўзини ўзи
босди. Бу сафар раҳм ғазабни енгиб, босиқ ва меҳрли овозда деди:
— Бу боллар сиз кўрган қийинчилик-азобларни кўришмаган. Шунинг учун уйни сотиш —
оғизларининг бир чеккасидан чиқиб кетаверади. Сиз ўзингизни сиқманг. Мен «сотинг», десаму
сиз «йўқ» десангиз ҳижолат бўлсангиз ярашарди. Кўнгилга қараб ишингизни қилаверинг.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |