www.ziyouz.com kutubxonasi
185
топширишим мумкин.
— Шахсан мен хоҳламайман. Уларни ўғирламагансиз, сизга совға қилинган, ўзингизга буюрсин.
Зарипова «чин дилдан, самимий айтяпсизми?» дегандай унга савол назари билан қаради.
Кейин яна бошини қуйи эгиб, аввалги гапини такрорлади:
— Мен бойликларига учмаганман.
Икки марта турмуш қуриб, икки марта оғзи куйган, ишхонадагилари, қўшнилари «ҳалол,
покиза», деб таъриф берган аёлнинг бу гапига Зоҳид шубҳа қилмади. Агар кун ора бўлмаса-да,
ҳафта ёки ой оралаб ўйнашларини алмаштириб турганида буни қўшнилар сезишар ва бу
воқеадан сўнг «асли бузуқ эди», деб таърифини ўн чандон ошириб баён этиб беришарди. Бир
аёлни, айниқса ёлғиз бевани қўшни аёллар бузуқликда айблашмадими, демак, у чиндан покиза
экан. Бева аёл, айниқса чиройли жувоннинг ҳар бир қадами, ҳар бир сўзи, ҳар бир кулгуси
қўшни хотинларнинг зийрак нигоҳи таъқибида бўлади. Қўшни хотинларнинг ҳар бири эрини
ундан қизғанади. Агар таниш эркаклар, Зарипова айтгандай, тўғри маънода тез-тез келиб
туришса ҳам у аллақачон ёмонотлиққа чиқиб бўларди. Хотинларнинг бу қилиқлари маълумлиги
учун Зоҳид «Зарипова Миркаримовнинг ўйнаши», деган ёзувини қора тўртбурчак чизиқ орасига
олиб қўйган эди. Шу боис ҳам «уйингиздаги бегона эркакни айтинг», деб қийин-қистовга
олмади. «Агар менинг самимиятимга ишонса, эртами-кечми, ўзи айтади», деган ишонч билан
бошқа нарсаларни сўраётган эди.
— «Бунақа эркак кимга керак?» деганимда фақат сизни назарда тутганим йўқ. Миркаримов
«аёлларга менинг бойлигим керак, пулсиз эркакнинг кимга кераги бор?» деб ўйлаган бўлиши
мумкинми?
Бу саволни эшитиб, Зарипова «Вой Худойим-ей», деб хўрсиниб қўйди. Кейин бошини
кўтармаган тарзда, худди ўзига-ўзи гапираётгандай деди:
— Нима учун ҳамма нарсани бойлик билан ўлчаймиз? Бойликдан бошқа ўлчов йўқми бу
дунёда? Бир сидра кийим-кечак, кунлик ейиш учун бир бурда нони билан одамнинг бахтли
бўлиши мумкинмасми? Бўйни тилла занжир кўрмаган аёллар бахтсизми? Қўша-қўша тилла
билакузук тақиб юрганларнинг ҳаммаси бахтлими?
Зарипова яна хўрсиниб, жимиб қолди. Унинг хасратли гаплари Зоҳидга маъқул келгани билан
суҳбатни бу мавзуда давом эттиришни истамади. Бошқа жойда, айбланувчи ва айбловчи
мартабасида эмас, икки озод инсон сифатида кўришишганида балки ҳаёт фалсафаси хусусида
узоқ суҳбатлашган, аёлнинг маъноли фикр-ларидан баҳра олган бўларди. Алҳол... аёл тутқун.
Унинг дардли фалсафаси ҳам тутқун.
Бундай пайтларда терговчи — Зоҳид билан ин- сон — Зоҳид ўртасидан фарқ чизиғи
ўтиши натижасида инсон — Зоҳид қалбида уйғонган меҳр-шафқат йўли тўсилиб, у расмий
муомала қилувчи, қонуннинг қаттиққўл ҳимоячисига айланишга мажбур бўларди. Ўзидаги икки
хил бу кўринишдан қийналиб устозига нолиганида маёр Солиев «Касбимизнинг энг нозик
томони ҳам шу. Жиноятчининг оҳ-воҳига қулоқ солиб, раҳминг келса, унга шафқат кўзи билан
қарасанг ундан жабр кўрган одамга хиёнат қилган бўласан», деган эди.
Зоҳид «Зарипова яна гапирармикин?», деган хаёлда сабр қилди. Аёл бош эгиб жим
ўтиравергач, сўроқни давом эттирди:
— Сиз Ойсанам Эркаевани танисангиз керак. У билан ҳеч рўпара келганмисиз?
Бу саволдан кейин Зарипова бошини кўтарди:
— Рўпара келиб, эр талашиб, юлишганмисизлар, демоқчимисиз? Йўқ, бунақа бўлмаган. Мен
Мавлон аканинг биринчи хотинлари билан кўришиб турардим.
Буниси Зоҳид учун янгилик бўлди. Собиқ хотин билан хотин бўлиш орзусидаги аёл орасида
қандай яқинлик бўлиши мумкин? Собиқ ва бўлажак хотинларнинг Ойсанам Эркаевага қарши
иттифоқими бу? Зоҳид хаёлига келган бу саволни тилига кўчирмай, бошқачароқ қилиб сўради:
— Қанақасига?
— Мен олдинги терговчига айтганман, Мавлон аканинг катта қизлари бизда ўқирди. Анави
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |