www.ziyouz.com kutubxonasi
184
Сўрайдиганингизни сўранг.
Зоҳид, прокуратура терговчиси, гумондаги шахсдан «сўранг» деган ижозатни олса-да, дарров
сўроққа тутмади. «Зарипова ҳаяжонини босиб олсин», деб сукут сақлади, худди савол
ахтараётгандай кўрсатгич бармоғи билан чаккасини силади. Зариповага бу сукут ёқмай
«сўрамайсизми?» деган маънода тикилгач, Зоҳид дастлабки саволини берди:
— Эшпўлатовнинг айтишича, хўжайинини олиб келганида сиз ёлғиз бўлгансиз. Сиз эса одам
бор эди, Эшпўлатов ҳеч кимни бошлаб келмаган, деяпсиз. Кимнинг гапига ишонишим керак?
— Эшпўлатовнинг ўзи ҳам, хўжайини ҳам келмаган.
— Уйингиздаги ўша одам буни тасдиқлаши керак. Ўша одам ким, айтинг. Айтсангиз ўзингизга
фойда.
— Мен унинг кимлигини айтолмайман.
— Қўрқасизми?
— Ҳа, қўрқаман, оиласининг бузилиб кетишидан қўрқаман.
— Оиласи бузилиб бўлгандир балки?
— Нега ундай деяпсиз?
— Аёллар табиатан сезгир бўлишади. Эрларидаги ўзгаришни тез фаҳмлашади. Уларда гипофиз
яхши шакл-ланган, дейишади. Гипофиз нималигини биласизми?
— «Учинчи кўз» демоқчимисиз? Билмадим, сиз бу гапни қаердан олдингизикин. Балки сиз
айтгандай шакл-лангандир, лекин бу кўринмас учинчи кўзда ақл бўлмайди. Эркак билан аёл
учрашса ўша гипофиз худди сиз каби аҳмоқона хаёлга боради.
— Аниқроқ гапира оласизми?
— Аниғи шуки, мен бугун Мавлон ака билан, эртасига бошқаси билан ётадиган фоҳиша
эмасман. Мавлон ака билан муносабатимиз қуруқ нафсдан иборат эмас эди. Ўша куни уйимга
келган одам сиз ўйлаган илинжда ўтирмаганди. Самимий дўст сифатида, ҳатто ака-сингил
сифатида гаплашиб ўтирганимизга сиз ҳам ишонмайсиз, бошқалар ҳам. Шунинг учун унинг
кимлигини айтмайман. Гапларимга ишонсангиз ишонинг, ишонмасангиз — ўзингиз биласиз.
Менинг бошқа сўзим йўқ, айтинг, олиб кетишсин.
— Шошилманг, ўзингизни босинг. Сизнинг айтадиган сўзингиз бўлмаса, менинг сўрайдиган
саволларим бор. Бу ерга шу мақсадда келганман. Фалсафадан дарс эшитиш учун эмас, —
Зоҳиднинг кейинги гапи сал дағалроқ чиқиб, ўзига ҳам эриш туюлди.
Бу дағаллик Зариповага ҳам таъсир этди. У «Ана энди асл қиёфангга кирдинг, боятдан бери
мўмин ўқувчидай ўтирувдинг», дегандай Зоҳидга бир оз тикилди-да, сўнг мутелик билан
бошини эгди. Зоҳид унинг кўнгли оғриганини сезса ҳам, сир бой бермай, расмий оҳангидан
чекинмай сўради:
— Агар гапингизга тўғри тушунган бўлсам, Миркаримов билан муносабатингиз асосида нафс
ётмас экан. Унда... ораларингизда, шоирлар тили билан айтганда... муҳаббат бўлганми?
Миркаримов сизга уйланмоқчимиди?
— Шундай фикр бор эди. Лекин қарор даражасида қатъийлашмаганди.
— Нега? Бирон тўсиқ бормиди?
— Бор эди.
— Оиласими?
— Яна қандай тўсиқ бўлиши мумкин? Икки марта уйланган. Иккинчисини қўйиб, учинчисига
уйланса партиядан ўчади.
— Партиядан ўчса — ишдан ҳайдалади, — Зоҳид шундай деб Зарипованинг гапини давом
эттирди: — Ёғлик жой қўлдан кетади. Бунақа эр кимга керак?
— Мен Мавлон аканинг бойликларига учмаганман.
— Лекин Миркаримов сизга тилла тақинчоқлар сов-ға қилиб турган. Аввалги терговчига
шундай дегансиз.
— Деганман. Тинтув қилиб тақинчоқларимни олиб қўйгансиз. Хоҳласангиз давлатга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |