ХV б о б
1
Дейилмишким, ақлан олий мақомга етишганлар уч нарсага: Тангри таоло белгиламиш
тақдирга, ўзи каби ва ўзидан улуғроқ кимсаларга, доноларнинг сўзларига бош эгармишлар.
Майдакаш одамлар эса тақдир ёзуғи нима эканини фаҳм этмайдилар, ундан қўрқмайдилар,
улуғларни менсимайдилар, доноларнинг сўзларини эшитиб, уларни масхара қиладилар.
Дунёдаги ҳар нарса ўз жуфти билан, яна ўз муқобили билан яралмиш экан. Яъниким, оқнинг
муқобили қора, ширин рўпарасида аччиқ, меҳрнинг зиддида қаҳр, шафқат қаршисида зулм
мавжуд. Энг улуғ муқобиллик эса — ўлим ва ҳаётдир.
Оламда ақлли одамлар бор.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
180
Ақлсизлар кам эмас.
Ажаб ҳақиқат шуки, ҳеч ким ўзининг аҳмоқлигини тан олмайди.
Ақллилик ва ақлсизлик... Бунинг ўлчови борми? Меъёри мавжудми?
Ҳаёт неъматларидан ҳар икки тоифа ҳам баҳраманд бўлади.
Ўлим шарбати ҳар икки тоифага насиб этади.
Одамлар ақллиларнинг узоқроқ яшашларини исташади.
Лекин акси бўлиб чиқаверади:
Тор бўлиб қолади замон донога...
Балога айланиб қолади ақллилик...
Зоҳид Анварнинг кундаликларини ўқиб шу фикрга келди. Анварнинг фикрлари уни бир неча
кун давомида таъқиб этиб юрди. Айниқса кундалик сўнгидаги бир тўртлик хотирасига осонгина
муҳрланиб қолди:
«Афсуским, бекордан бекор сўлдик биз,
Фалакнинг дастидан кукун бўлдик биз.
Кўз очиб юмгунча кўрган аламдан
Тилакка етолмай, охир ўлдик биз...»
«Фалакнинг дастидан кукун бўлдик...» Аслида бу ҳар бир одамнинг қисматида бор. Тупроқдан
ясал- миш одам боласи охир-оқибат тупроққа қоришмаги аниқ. Аммо унга қадар...
Бекордан бекорга сўлиш бор.
Анварнинг ёзувларидан таъсирланган Зоҳид кўпроқ ўша «бекордан бекор сўлиш» ҳақида
ўйларди.
Юзакироқ қараганда Зоҳид билан Анварнинг яшамоқдан мақсадларида яқинлик бордек
кўринади. Униси ҳам буниси ҳам адолат, ҳоли ҳаётда ҳақиқат излаб сарсари кезувчилардан
эди. Ажаб-ажабки, бировининг орзусидаги адолат ва ҳақиқат иккинчисиникига унча
ўхшамасди. Яна ажабки, бирови ҳақиқатни сиртмоқда кўрди, иккинчиси курашдаги азобда,
орзудаги роҳатда деб билиб, ҳамон сароб сари одимлайди. Тилакка етолмай ўтиб кетишини
англаб турса ҳам қайсарлик билан қадам босади.
Яна ажаб-ажабки, дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч ким «тилакларимга етиб жон
беряпман», демаган. Чунки тилак деганлари ҳамиша ҳомиладор. Бирига етилса, иккинчиси
урчиб, болалаб туради. Ҳидоятда юрганларнинг сўнгги тилаги бир-бирига ўхшайди.
Фосиқларники эса ўз нафслари даражасига мос равишда турлича бўлади.
Зоҳид ҳақиқат тилагида ўтган Анварни ўйлаганда уни жиннихонага тиқиш қудратига эга
одамни кўргиси келаверди. Анварнинг маъракасида Элчин билан учрашганда у Холидий деган
одамни айтган эди. Устози Ҳабиб Сатторов гарчи унинг номини тилга олмаган бўлса-да,
укасининг ўлимида бу одамнинг қўли борлигига шамаъ қилган эди.
Дўстининг жанозасида ўша одам худди ўша ҳожатхонага осилиши керак деб қасд қилган Элчин
ҳаракатсиз ётибди. Ҳабиб Сатторов зимдан айблагани билан унга қарши чора кўришга
уринмайди. Зоҳид эса чорасиз. Элчиннинг ҳам, Ҳабиб Сатторовнинг ҳам гаплари, пичинглари
ўринли: Холидийни қотилликда айблай олишмайди. Демак у айшини суриб яшайверади.
Ғашини келтирган одамни пашшани янчгандек янчаверади. Шундай эди...
Наҳот яна шундай бўлиб қолаверса?
Ахир замон ўзгаряпти-ку?..
Адолат истовчи Зоҳиднинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаси заиф эди. Ямоқ тўнни ечиб ташлаб,
янгисини кийган одамни яхши бўлиб қолади, деб ҳисобларди. Гап одам устидаги тўнда эмас,
кўкрак қафасидаги қалбда экани ҳақидаги оддий ҳақиқатни англашига пича фурсат бор эди.
Анварнинг маъракасидаги учрашувда Элчин «яна Холидий ичбуруғдан ўлиб қолса, мендан
кўриб юрманг», деб пичинг қилган эди. Ўшанда Зоҳид бу гапга етарли эътибор бермаганди.
Анварнинг ёзувларини ўқигач, ўша суҳбатни бехос эслади.
Чиндан ҳам Холидий юқори қаватдан йиқилиб ўлса ёки мурдаси сувдан чиқса текшир-текшир
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |