www.ziyouz.com kutubxonasi
182
Москвадан жавоб келдимикин, деган илинжда шаҳар прокуратурасидаги хонасига кирди. У
Ойсанам Эркаева билан акасининг кўрсатмаларидан шубҳаланиб Москвага сўров юборган,
Миркаримов йўқолган кеча болаларга қандай мултфилм кўрсатилганини аниқлаб беришларини
илтимос қилган эди. Бундан аввалроқ шаҳар электр тармоқлари идораси билан боғланиб, ўша
кеч Миркаримовнинг маҳалласида электр қуввати ўчириб қўйилган ёки ўчирилмаганини
суриштирган эди. Шаҳарни электр қуввати билан таъминлашда қийинчилик мавжуд бўлгани
сабабли маҳаллаларда навбатма-навбат чироқ ўчириб қўйиларди. Ўша ҳафта Миркаримовнинг
маҳалласида чироқ ўчирилмагани ҳақидаги маълумот Зоҳиддаги битта шубҳани йўққа чиқарди.
Иккинчи шубҳанинг исботи Москвадан келажак маълумотга боғлиқ эди.
Зоҳиднинг сезгиси алдамабди: Москвадан хабар келибди. Унда ёзилишича, ўша кеч расмий
мажлисдаги Горбачевнинг маърузаси кутилгандан кўпроқ чўзилгани сабабли болалар учун
эртак кўрсатуви умуман эфирга чиқмаган, мултфилм ҳам кўрсатилмаган... «Бу ёғи қандоқ
бўлди», — деб ўйлади Зоҳид, — шунча пайтдан бери Эркаева тўқиган эртакка ишониб
юрилдими? Энди... ҳаммасини бошидан бошлаш керакми?..»
Зоҳид ишни қандай давом эттиришни ўйлай-ўйлай биринчи галда Ойсанам яшаётган уйни
кузатиш керак, деган қарорга келди. Шу қарори билан раҳбарият ҳузурига кириб, ижозат олди.
Яқин кунларда Миркаримовнинг уйида тинтув ўтказиш ниятини эса ошкор этмади. Уйни
кузатиш бўйича милитсия идораси билан бўладиган расмиятчиликларни бажаргач, Зарипова
билан учрашиш учун шаҳар турмасига борди.
Зарипова — чиройда Ойсанамдан қолишмайдиган хушрўй аёл — сўроқ хонасига кириб «ҳамма
гапларни айтиб бўлганман, яна келдингизми?» дегандай Зоҳидга бир оз қараб турди. Сўнг
унинг қаршисига ўтириб, иболи аёлларга хос бўлмаган тарзда оёқларини чалиштириб олди.
Аввалги учрашувдаги суҳбат асабий равишда тугаган эди. Бу сафар самимийроқ тарзда
гаплашишни истаган Зоҳид:
— Келавериб жонингизга тегдимми? — деб кулимсирашга ҳаракат қилди.
— Келиб турганинглар яхши менга, — деди Зарипова. — Келсаларинг қамоқда чиримаслигимга
ишонаман.
— Гапингизга унча тушунмадим?
— Келаверсаларинг битталаринг бўлмаса, иккинчиларинг бегуноҳлигимга ишонарсизлар?
Оддий нарсани тушунишни нега истамайсизлар?
— Тушунишни истаганимиз учун келамиз.
— Бўлмаган гап! — Зарипова шундай деб қўл силтади. — Ҳар сафар янги сиртмоқ ясайсизлар.
Келавериб, келавериб сиртмоқни тортаверасизлар. Охири бўғилиб ўлай деганимда «Мавлон
акани мен ўлдирганман», деб тан олишимни хоҳлайсизлар. Лекин шунақа деганим билан
дарров ишона қолмайсизлар. «Ўлдиришга бир ўзингнинг кучинг етмайди, ўйнашинг ёрдам
берган, ўша ўйнашингни айт!» деб янги сиртмоқлар ясайсизлар. Майли, сиқувга олаверинглар,
бир бошга — бир ўлим. Ҳаммасига чидайман. Мен сиз кутаётган иқрорни айтмайман, —
Зарипова хўрсиниб, олди-да, қалин панжарали дарчага қаради: — Олдин сўроқ қилган одам
қўрсроқ эди. Сиз ишни маданийчасига юритар экансиз. Икковларинг икки оламга ўхшайсизлар.
Лекин мақсадларинг бир. Наҳотки шунча ойдан бери шубҳаланадиган бошқа одам топилмаган
бўлса?
— Зарипова, тушунадиган аёлга ўхшайсиз. Биз шунча ойдан бери нима иш билан
шуғулланаётганимиз бўйича сизга ҳисоб беришга мажбурмасдирмиз?
— Албатта мажбур эмассиз. Жаҳлингиз чиқмаса сиздан бир нарсани сўрасам.
— Сўранг.
— Сиз... мантиқ деган фан борлигини ҳеч эшитганмисиз? Мен атай «ўқиганмисиз?» деб
сўрамаяпман. Мантиқ илмини ўқиган одам бунақа бўлмайди.
— Қизиқ... — Зоҳид беихтиёр равишда столни чертиб-чертиб қўйди: — Мантиқдан
бехабарлигимни исбот қилиб бера оласизми?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |