www.ziyouz.com kutubxonasi
189
Ўғлингиз ҳам истаганидан қолмасин. Сиз билан биз яхши қўшни эдик. Худо хоҳласа
яқинлигимиз узилмайди. Мен уй масаласида бир-икки одамга тайинлаб қўйганман. Чақириб
«навбатингиз келди», деса ажабланмай, тортинмай олаверинг.
— Раҳмат, барака топинг.
— Бу менинг хизматим эмас, уй олишга хаппаи-ҳалол ҳаққингиз бор. Сиз «уй сотилади», деб
овоза қилаверинг.
— Сиз... олмайсизми?
— Овоза қилаверингчи, одамлар келиб кўришсин, баҳолашсин. Охирги қарорга келишингиздан
олдин менга хабар берарсиз.
Асадбек «маслаҳат якунига етди, қани, дуо қилинг», деган маънода қўлларини фотиҳага очди.
Асадбекнинг қайтишини кутиб нонушта қилишмаган экан. Барчаларининг жам бўлиб
ўтиришлари, айниқса Абдуҳамиднинг тетиклашиб, иштаҳага кираётганидан Асадбекнинг кўнгли
равшанлашди. Дастурхон атрофида тўйга тааллуқли айрим гапларни ҳам гаплашиб олишди.
Келинлар дастурхонни йиғиштиришаётганда Асадбек икки кунга Тблисига бориб келажагини
маълум қилиб, Манзурани ҳайрон қолдирди.
— Вой ўлмасам, — деди Манзура ҳайратини яширмай. — Тўйни ўтқазиб, кейин бора
қолмайсизми?
— Суликонинг бобосини бориб айтмасам бўлмайди. Тўйнинг ташвишини қилмай қўявер,
ҳаммаси тайёр. Самад билан биллалашиб тўйга айтиб чиқсанг бўлди. Ҳамидга иш буюрма,
дамини олсин. Ўзинг ҳадеб у-бу деб ташвишланаверма. Мениям юрагимни сиқаверма. Тўй бир
кунда ўтиб кетадиган нарса. Ўзимизнинг тўйимиз эсингдами? ЗАГСга янганг билан бирга
трамвайда келган эдинг. Таксида кузатиб қўйганимга ҳайрон бўлувдиларинг.
Eсламай бўладими? Айниқса келинпошшанинг таксида қайтиши қўни-қўшни, қариндош-уруғ
орасида гап-сўз бўлувди. Бировлар «таксида кузтган бўлса, куёвнинг топар-тутари яхши экан»,
деб озгина ғайирлик ҳам қилишган эди. Куёвнинг топар-тутари нимадан иборат эканини у
пайтда ҳеч ким билмасди...
— Битта сандиқ, тўртта кўрпа билан келин бўлиб тушувдинг. Мебелинг йўқ экан, деб
ҳайдаганим йўқ- ку? — деди Асадбек тегишиб.
— Вой, адаси у пайтда мебел деган нарса йўқ эди,— деди Манзура ўзини оқлаб. Унинг
соддалигидан Асадбек кулди.
— Шуни айтаман-да. Мебел-гиламсиз ҳам тўйлар бўларди, келин-куёвлар роҳатланиб
яшашарди. Энди тарақ-туруқлар кўпайиб кетди. Қўйиб берсанг эртага келин-билан куёвни
филга ўтказиб ЗАГСга олиб бориш керак, деган гап чиқаришади. Бу ҳам бир олифтагарчилик-
да.
— Минг уринсангиз ҳам одамлар тўйдан бир камчилик топиб гап қилишади.
— Шуни биларкансан, ҳадеб тиришаверма. Дабдабани ўйлама.
Асадбек шундай дегач, телефон гўшагини кўтариб, рақамларни терди. Эрининг бу ҳаракатидан
«қароримни муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ», деган маънони уққан Манзура секин ўрнидан
турди.
Телефонда Бўтқанинг овозини таниган Асадбек салом-алик қилмаёқ буюрди:
— Бугун Тблисига учаман, тайёргарлик кўриб қўй.
Бўтқа «тайёргарлик кўриш»ни ўзича тушуниб:
— Мен ҳам бирга бораманми? — деб сўради.
— Сенга нима бор? — деди Асадбек қўрслик билан.— Сен ҳозир аеропортга бор.
Асадбек бу ишни Жамшидга топширса ҳам бўларди. Ёки ҳеч кимга индамай йўлга отланиши
ҳам мумкин эди. Унинг айнан Бўтқага вазифа топшириши бежиз эмасди. Асадбек ундан
гумонсирамас, лекин Кесакполвон суриштиргудай бўлса гап яширолмаслигини аниқ биларди.
Бўтқа Асадбекни ёқтирмагани ёки унга нисбатан ҳиёнати учун эмас, хожаларига садоқати
туфайли ҳам шундай қиларди. Агар Бўтқа бирон масалада Кесакполвонга ҳисоб бериб бўлгач,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |