www.ziyouz.com kutubxonasi
171
деб шунча одамни сувга чўктирасанми?» Унинг нолаларига жавобан: «Eй гуноҳкор банда, сен
«булар менинг касримга қолишди», деб куйинма, бу кемага худди сенга ўхшаганлар
тўпланган», деган овоз келган экан...
Бу уч одам ҳам шундай. Уларнинг ҳаёт кемалари аллақачон фалокатга учраб чўка бошлаган,
аммо ғофиллар сезмайдилар. Фоҳишага-ку, инсоф кириб, тавба қилибди, аммо буларнинг
қотган тилларига тавба калимаси ўлимдан бўса олгунларига қадар келмас...
Уч одамнинг бири — Кесакполвон. У Асадбекникидан чиқиб, машинасини қозихона томон
бурди. (Қозини кўриб Асадбек ғашланмасин, деган фикрда уни чойхонада қолдириб, машинани
ўзи ҳайдаб келган эди.)
Қозининг ичкарида эмас, чойхонанинг панжарали дарвозаси ёнида туриши Кесакполвонни
сергаклантирди. «Бир гап бўлганов» деган фикрда машинадан тушмай ўтираверди. Қози илдам
яқинлашиб, «Нима гап?» деган саволни кутмай ҳисоб берди:
— Селим деган одамдан хабар келди. Масковлик меҳмон билан кутишаётганмиш.
— Масковлик? — «Хонгиреймикин?» — Кесакполвон хаёлига келган гумонини ҳақиқатга
айланишини истаб: — Ким экан? — деб сўради.
— Отини айтмади.
— Отини айтмади, деб оғзингга пашша қўндириб ўтиравер, — Кесакполвон сўкиниб, қози
узатган бир парча қоғозга кўз ташлади. Қоғоз парчасига қинғир-қийшиқ харфлар билан бир
уйнинг манзили ёзилган эди. «Меҳмонхонада турибман, девди, буниси қанақа уй бўлди?»
Кесакполвон шу хаёл билан эшикни ёпмоқчи бўлганида Қози хушхабар айтди:
— Болалар дўхтирни топишибди. Сиз айтгандай тухум босиб ўтирган экан, тухумини қуритиб
қўя қолишибди. Хумкалла билан ачом-ачом қилиб ётишибди. Кеча кечқурун ахлатхонадаги
итларнинг базми бўлган,— Қози шундай деб суюнчи илинжида тиржайиб қўйди. Кесакполвон
бир нафас ўйланди-да, бош чайқади:
— Бекор ўлдирибсанлар, бизга халақит бермас эди.
Қози «ўзингиз буюрган эдингиз», демади. Юзидаги совуқ кулги йўқолиб, «айбдорман»
дегандай бўйнини қисди.
Кесакполвон қоғоз парчасига ёзилган манзилдаги уйни қийналмай топди. Ташқи кўриниши
диққатни тортмайдиган бу уйда ким яшашини ўзича тахмин қилиб «Селимнинг шотири
турса керак», деган тўхтамга келди. Ичкаридаги ҳашамни кўргач эса фикридан қайт-ди. У
манзилга етиб келгунича ҳам «Меҳмон — Хонгирейдир», деган умидда эди. Назарида
Хонгирейнинг келуви унинг обрў-мартабасини анча юқори кўтариб қўюви мумкин эди.
Ҳатто Кесакполвоннинг хушини ўғирлайдиган тарз-да шоҳона безатилган кенг хонада Селим
билан Маматбей қаҳва ичиб ўтиришарди. Кутгани, умид қилгани Хонгирей ўрнига
Маматбейни кўрган Кесакполвоннинг хафсаласи пир бўлди.
— Ў-ў, жан қардаш, йўлларингга кўз тикиб, кўзларимиз тўрт эмас, тўрт юз бўлмиш. Омонмисан,
қардош, қайларда юрибсан?
— Бек билан чойхўрлик қилувдик, — деди Кесакполвон гапни айлантирмай.
— Асадбек биланми? — деб ажабланди Селим.
— Мен битта бекни биламан,— деди Кесакполвон.
— Оҳ, гўзал, ғоят гўзал, — деди Маматбей кулимсираб. — Бекнинг аҳвол-руҳияси нечукдир?
Ўғли соғ-ми?
— Ҳаммаси соппа-соғ, — Кесакполвон Маматбейнинг бу саволидан ажабланса-да, «Нега
ўғилнинг соғ-лиғи билан қизиқиб қолдинг?» деб сўрамади.
— Асадбек билан узилишиб кетмадиларингми? — деб сўради Селим.
— Нега узилишамиз? Ҳамма иш оппа-осон ҳал бўлди. Хонгирей ошни яхши пишириб юборган
экан. Бекнинг ўзи сузиб берди. — Селимнинг хўжаларча саволга тутиши ёқмагани туфайли
Кесакполвон Маматбейга қараб гапирди. Асадбек билан бўлган савдонинг баёнини эшитган
Маматбей айёрона кулимсиради.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |