www.ziyouz.com kutubxonasi
167
мазмунда гап кутди. Асадбек эса ошнасининг гапини уқмагандай жавоб қайтармади.
Узоқ йиллар мобайнида ораларида сир бўлмаган, бир-бирини дўст деб билган, қилинган
гуноҳларга тенг шерик ҳисобланмиш бу икки одамнинг ўзга-ўзга оламга чекиниб ўтириши
ажабтовур эди. Шарафли ҳадисда айтилмиш эканки, «бировга ҳаддан зиёд ишонч билан
сирдош дўст тутинмангки, вақти келиб у душманга айланиши эҳтимоли бордир, душман
ҳисобланмиш киши билан ҳаддан зиёд ёвлашмангким, вақти келиб у сизга дўст бўлиб қолар...»
Душманга айланиш алҳол эҳтимол эмас, ҳақиқатга айланди. Бу ҳақиқатни иккови ҳам яхши
билади. Аммо бир-бирига сир бой бермайди. Душманликларини, бир-бирларидан хавотирлари
мавжудлигини гап-сўзлари ошкор қилиб қўймаслиги учун тилларига эҳтиёт бўладилар.
Кесакполвоннинг хоинлигига шак-шубҳаси қолмаган Асадбекнинг ҳукми тайин, фақат ижро
услуби ва вақти аниқ эмасди. Аслида Асадбек учун унинг изини қуритиш мураккаб муаммо
эмасди. Ё биттагина ўқ билан, ё ярим қулоч чилвирми ё бигизми, ёки уч-тўрт томчи заҳар
билан бу масалани ечиши мумкин, фақат йигитлардан бирига ишора қилиб қўйиса кифоя:
Кесакполвон Хумкалланинг тақдирига шерик бўлиб кетаверарди. Лекин қаймоқ юқи
бармоқларини ялаётган Кесакполвоннинг тақдири фақат Асадбекнинг ҳукмига эмас,
Хонгирейнинг марҳаматига ҳам боғлиқ эди. Нас-ронийларнинг таъбири билан айтилганда,
Хонгирей — чўқинтирган ота — тутинган ўғлини ўлим чангалига осонгина топшириб
қўймаслигини Асадбек яхши биларди. Ўртада ўзининг эмас, фарзандларининг тақдири гаровда
экани уни ҳар қандай очиқ ҳамладан тутиб турарди. У «тутинган ўғил»нинг «чўқинтирган ота»
қўлидан ўлим топишини истарди. Бунинг учун эса фурсат керак. Ана шу фурсат ичида
бармоқларини ялаб, чапиллатиб чайнаб ғашига тегиш нима экан, елкасига чиқиб олиб, таҳорат
ушатиб юборса ҳам чидайди. Бош-қа иложи йўқ.
Ошнасининг пайт пойлаётганини сезиб юрган Кесакполвон Асадбекнинг содиқ йигитларидан
ҳадиксирарди-ю, зарбанинг Москва томондан келажагини тахмин ҳам қилмасди.
Коса бўшаб, қаймоқ юқлари бармоқлар воситасида ялангач, чой қуйилиб, хўриллатиб ичилди-
ю, бир томоннинг нафси ором олди, иккинчи томоннинг эса кўнгли айниди. Кесакполвон
бармоқлари, сўнг лабини сочиққа артгач, ён чўнтагидан пул чиқариб Асадбекка узатди.
Асадбек пулга қўл узатмади, «нима бу?» деб сўрамади ҳам.
— Ресторандаги зиёфатнинг ҳаққини ташлаб кетган экансан, — деб изоҳ берди Кесакполвон,
пулни дастурхон устига қўйиб, сўнг ёнида турган газетага ўроғлик тахламни очиб бир даста
пулни кўрсатди: — Буниси суюнчи. Анчадан бери бу ресторанга кирмай юриб бирдан бориб
қолганингга қувониб кетишибди. Сенинг номингдан уларни ўзим кечириб қўя қол- дим, —
Кесакполвон бу пулларни ҳам дастурхон устига қўйиб, тепасига сочиқ ташлади. — Бугун
иккаламизни зиёфатга чақиришяпти. Сасиган котлетни берган бефаросатнинг шкалат қизи бор
экан, сенга илиниб туришибди, бир табаррук қилиб бераркансан.
Кесакполвоннинг «сасиган котлет»ни тилга олиши «менсиз юрсанг кунинг шунақа сассиқ
таомларга қолади», деган маънода жаранглаб, Асадбекнинг иззат-нафсига тегди. Индамай
ўтиравериш ўзига ҳам малол келиб:
— Қизи шкалат эканми? — деб сўради.
— Шкалатки, у ёқ бу ёғи йўқ, — деб таъриф берди Кесакполвон.
— Ўзинг табаррук қилиб бергандирсан?
— Қўйсанг-чи, мен сенга шилта нарсани илинаманми? Ҳали соат олтида ўзим келиб олиб
кетаман. Сен ўзингни у ёқ бу ёққа ташлаб, ноз қилма. Битта дўхтир айтди: узоқ яшайман деган
одам онаси ўпмаган маржалар билан муомала қилиб туриши керак экан. Мен сенинг юзга
киришингни истайман, ошнам.
— Ўзинг боравер, менинг ишларим бор, — Асадбек бу ҳақда гаплашишни истамаганини маълум
қилиш мақсадида бутунлай бошқа мавзуга кўчди: — Идорабоп жой танладингми? Кечаги кун
хонамизга кирувдим, мениям ютворай деяпти, Маҳмуднинг ўрни билиниб турибди.
— Жой қидиряпман, марказдан кўнгилга ёқадигани чиқмаяпти.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |