www.ziyouz.com kutubxonasi
163
Сотиб олганмиз маъқулроқми ё сотиб олишимиз керакми?
— Адаси, бунақа гапларни билмайди ҳали... — шундай деб орага тушган Манзура «Сен ақлинг
етмаган ишларга аралашма», деган танбеҳ билан жим бўла қолди.
— Ойинг сенларни ҳали ҳам ёш бола фаҳмлайди,— деди Асадбек ўғлига, сўнг хотинига
юзланди: — балони билишади бу болларинг. Четда ўқиганларни сен анойи дема.
Асадбек кейинги луқмасини жиндак меҳр билан айт-ган бўлса-да, Абдусамад аниқ фикрини
билдиришга журъат этолмади. Отаси талабини яна қайтаргач:
— Олганимиз яхши, — деди.
— Қамар амакингга шундай дедингми?
— Йўқ, «адам биладилар», дедим.
— Яхши, яхши... уй сотилса биз олишимиз керак...— Асадбек ўғлидан кўз узмаган ҳолда
пиёланинг четига чертиб қўйди. — Ўғлим, уйимиз торлик қилиб қолдими, сиғмаяпсизми?
Сизлашга ўтилиши яхшилик аломати эмаслигини билган Манзура безовталаниб, эрини
чалғитиш мақсадида:
— Адаси, чой қуяйми? — деб сўради.
Асадбек бу гапга эътибор қилмай, ўғлига қаттиқ тикилганича жавоб кутди:
— Сиздан сўраяпман, сиғмаяпсизларми? Бошқа уй-жой қилиб берайми?
Абдусамад бошини эгган ҳолда ўзини оқламоқчи бўлди:
— Ада, унақа деганим йўқ-ку...
— Битта қоринга сиққан ака-ука битта уйга сиғмаслигини биламан. Сиз ўқишингизни битириб
келгунингизча бундан яхшироқ уй-жой қурдириб қўяман. Аммо ён қўшнимизнинг уйини сотиб
олмаймиз, ўғлим. Нимагалигини биласизми? Билмайсиз. Чунки жуда-жуда калта ўйлайсиз. Ҳали
онангиз «одамлар тиллари билан юрадиган бўлиб кетишган», дедилар. Ўша тили билан
юрадиган одамлар «Асадбек қўшнисининг мушкулини осон қилибди», дейишмайди. «Асадбек —
золим, ён қўшнисини чиқиштирмай, сиқиб чиқариб, ўғлига жой солибди, эрта-индин бутун
маҳаллани эгаллайди», деб ноғора-карнай чалишади. Шунақами? Нега индамайсан, гапир?
— Ада, кечиринг, буни ўйламабман.
— Ҳа, ана, энди ўзингга келдинг. Илмнинг изидан тушганинг яхши, лекин ҳаётнинг ғаламис
томонларини унутишга ҳаққинг йўқ. Бизга таъзим қилиб, тиржайиб турганларнинг қўлларига
қара, сал тескари бўлдингми, панжаларида чангаллаб турган лойни башарамизга чаплашади.
Германияда балки бунақамасдир, сен илмни ўша ёқда олгину ҳаётни бу ерда ўрган.
Тушундингми?
— Тушундим, ада.
— Тушунган бўлсанг, бор, Жалил амакингни олиб кел. Уйига қуруқ кириб борма, бозорга тушиб
майда-чуйда олвол.
Абдусамад тобелик билан ўрнидан туриб чиқиб кетгач, Асадбек Манзурага қараб:
— Ҳамид ҳалиям ухлаяптими? — деб сўради.
— Эрталаб турувди. Сал мазаси йўқроқ.
— Нима бўпти?
— Шамоллаганга ўхшайди, «баданим қақшаяпти» дейди. Асал чой ичириб ётқиздим.
— Сен Қамар акани чақирчи.
Манзура амрни бажариш учун қўзғолганда Асадбек уни тўхтатди-да, «ўзим чиқа қоламан», деб
ўрнидан турди.
Бу ҳовли сотиб олиниб қурилиш бошланаётганида ўзини ўзи ишбоши қилиб тайинлаган
Кесакполвон шу қўшнининг ҳовлисига ҳам харидор бўлган эди. «Ҳеч бўлмаса ярмисини
сотинг», деган таклифни Қамариддин «Ўғиллар бирин-кетин етилай деб туришибди. Уларга уй
қурсак, ҳовли каталак бўлиб қолади», деб унамаганда Кесакполвоннинг ғаши келган эди.
Ошнаси «шу қўшнингни инига кирғизвормасам юрган эканман...» деганида Асадбек «Тинч қўй
уни, менга шу ҳовли ҳам етади», деб қайтарганди. Кесакполвон хожасининг гапини икки
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |