www.ziyouz.com kutubxonasi
169
— Акахон, қайнонаси суйган одамсиз-да, сал вақтлироқ келганингизда биллалашиб
қаймоқхўрлик қилардик. — Кесакполвон шундай деб Жалилга қўл узатди. Жалил нохушлик
билан кўриша туриб:
— Сен билан бир-икки марта ҳамтовоқ бўлувдимми? — деб тўнғиллаб қўйди.
— Формадасиз акам, формадасиз, битта чақиб олмасангиз кўнгил тинчимайди, а? — деди
Кесакполвон ўзини ҳушчақчақ тутишга интилиб, кейин Асадбекка ўгирилди: — бўлди, кузатма,
шу ерда хайрлашамиз.
У кўчага чиқиб кетгунича икковлари ҳам изидан қараб турдилар.
— Уйингда пашшахўрда бўлмасин, девдим-ку, айтмовмидинг? — деди Жалил унинг қораси
ўчгач.
— Мен ҳам сенга «бу билан ўчакишма, сассиқ гапларингни йиғиштир», девдим шекилли? —
Асадбек ўртоғининг танбеҳига танбеҳ билан жавоб бериб, уни ичкарига бошлади. Жалилнинг
дастурхон устидаги пулга қараб қўйганини сезиб тахламни олиб кўрпача остига қўйди.
— Тинчликми ўзи, нега сенинг обрўйинг унинг обрўйи бўлиб қолди? — деди Жалил тўрга чиқиб
жойлашгач. Асадбек жавоб ўрнига «қўявер уни», дегандай жилмайиб қўя қолди. Манзура
кириб дастурхон устини саришта қилиб чиқиб кетгач, Жалилнинг донолиги тутиб гап бошлади:
— Битта шаҳарда иккита имом-домла бўлган экан Ит билан мушук муроса қилса қиларканки,
булар иттифоқ бўла олишмас эканлар. Улардан биттаси сенга ўхшаган маржавоз экан. Ўшаниси
бир кеч ўйнаши билан қўлга тушиб, зиндонга солинибди. Бундан хабар топган иккинчи имом-
домла унинг хотинига бориб воқеани тушунтирибди. Оҳ-воҳ қилган хотинни тинчитиб,
зиндонга бошлаб келибди. Зиндонбоннинг жиғилдонини мойлаб, овқат бериш баҳонасида
хотинни эрининг ёнига киритибди, ўйнаш эса хотиннинг чодирига ўралиб зиндондан чиқибди.
Эртасига эрталаб маржабоз имомни қозининг олдига олиб келишибди. Қози уни тошбўрон
қилишга ҳукм қиламан, деб турганида иккинчи имом «Қози почча, одам ўз шаръий хотини
билан қўшилса ҳам зино ҳисобланадими, шунга жазо ўлимми?» дебди. Қози хотинни
чақиртириб қарасаки, имомнинг гапи тўғри. У миршабларни сўкиб, уришибди, маржабозни эса
озод қилибди. Шунда маржабоз халоскоридан:
— Мени кўрарга кўзинг йўқ эди, нега қутқардинг? Ўлиб кетсам ўзингга яхши эмасмиди? — деб
сўрабди.
Ўшанда халоскори:
— Сен ҳам имомсан, мен ҳам. Агар сенинг бузуқлигинг исботини топса, одамлар орасида
«имомларнинг ҳаммаси ҳам шунақа», деган тушунча тарқалади. Мен сенинг ҳаётингни эмас,
ўзимнинг обрўйимни сақлаб қолдим, — деган экан. Шунга ўхшаб кессагинг обрўйини сенга
юклаяптими?
— Бе, унда обрў деган нарса борми ўзи?
— Бўпти, тилимни қичитма, қўй ўша сўхтаси совуғингни. Бўладиган гапингни гапир, нега
чақиртирдинг, тушингга кирдимми?
— Тушимга кирсанг қўрққанимдан лабларимга учуқ тошарди. Ака бўлиб ўзинг маслаҳатга
келмасанг, чақиртираман-да. Менинг тўйимга ким бош бўлиши керак?
—Ҳали мен тўйбошиманми? Тузук, одам қаторига қўшилиб қолибман-да, а? Тур, хотинингни
чақир.
— Аввал ўзимиз маслаҳатни пишириб олайлик.
— Маслаҳатни Манзура билан бирга пиширамиз. Сен иккита ўғил туғдириб қўйдим, деб
бойвачча бўлиб керилиб юргансан. Ўғилларингни Манзура одам қилди. Мана энди тўй унинг
кўнглига қараб бўлади. Чақир. Гапимга кўнмасанг, ана, кессагингни тўйбоши қилиб
тайинлагину ўшанинг билан маслаҳатни пиширавер.
— Оббо... чумак ари ҳам сенчалик жиззиллатмай-ди,— Асадбек шундай деб тобелик билан
ўрнидан турди. Ўтирган ерида «Онаси!» деб бақириб чақирмай ўрнидан турганини кўрган
Жалил «суяк-суягига қадаладиган қилиб гапирибман-да», деб ўзидан ўзи қувонди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |