www.ziyouz.com kutubxonasi
170
Маслаҳат деганлари унча чўзилмади. Жалил Манзурага «Тўй сен истаганча бўлади», деган эди,
у «адамиз нима десалар шу», деди-ю, ваколатини эрига опа-осонгина топшириб қўя қолди.
Шундан кейин тўйнинг қай тартибда ўтиши лозимлигини Жалил эринмай баён қилди, Асадбек
эса сиқилмай, сабр билан тинглади. Жалилнинг маслаҳатлари ўзининг қаричига мос эди. Унинг
насиҳати қариндошлари-ю, ёр-дўстлари йиғилганда саноғи юзтадан ошмайдиган хонадонга
тўғри келарди. Асадбекнинг ўттиз, нари борса қирқ кило гуруч дамлаб, элга ош тортиш, тўйни
катта ресторанларда эмас, шу ҳовлида ўтқазиши лозимлиги кулгили ҳол бўлса-да, Асадбек
кулмади, ошнасидан ранжимади ҳам. Насиҳатлар поёнига етгач, тўй куни белгиланди.
Маслаҳат мажлиси «насиҳатларни тинглайвер- гин-у, билганингдан қолма» деган яширин
шиор остида ўтди. «Ошнамга анча насиҳат қилдим, у қулоғига олди», деган тўхтамга келган
Жалил эса уйига мамнун қайтди.
ХVI б о б
1
Бировлар тақдир ёзуғига ишонишади. Бошқа бировлар эса «Бўлмаган гап!» деб қўл силтаб
қўйишади. Кимдир тақдиридан нолийди, яна кимдир тобора бойиб боришини тақдирдан деб
билади, «пешонага ёзилган экан, то ўлгунимча шундай фароғатда яшайман», деб ишонади.
Булардан ташқари яна шундай тоифа борки, шоир: «Ё Раб, лойимни-ку қорган ўзингсан, ўриш-
арқоғимни ўрган ўзингсан, ёмонманми-яхши, мен қандоқ қилай, тақдир манглайини берган
ўзингсан», деб айтганидай барча гуноҳларини, ёмонликларини, зулмларини, фасодларини
тақдирга тўнкаб қўя қолади.
Eрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини
тузиб ўтирган уч киши ана шу тоифадан ҳисобланади.
Булар ўзларига ўхшаш минглаб, балки ундан-да кўп инсон болалари каби билмайдиларки,
тақдир ёзуғидаги туғилмоқ ва ўлмоққа доир муаммоларни инсон ҳал этмоққа қодир эмас, аммо
ҳалол ёки ҳаром яшамоқ унинг измидадир. Яратган туғилмиш инсон боласининг тақдирида
икки йўлни белгилаб берди: бири — Раҳмон, яна бири шайтон йўли. Бу икки йўлни бир-
биридан фарқламоқ учун унга зеҳн, ақл, идрок, фаҳм-фаросат каби фазилатлар ҳам берди.
Айни чоқда ҳар иккала йўлнинг охири нималардан иборат эканини ҳам маълум қилиб қўйди.
Одам боласининг тақдирига фақат бузуқлик, фақат золимлик, фақат ва фақат фосиқлик ёзиб
қўйилса-да, шафқат, меҳр-мурувват, умуман яхшилик кўчалари эса тамоман беркитилиб
ташланиши мумкинми? У ҳолда банда маҳшар куни ҳисоб-ки тоб қилинаётганда «менга
тўғрилик йўлини танлаш имконияти берилмаганди, шайтон йўлидан юрмакдан ўзга чорам йўқ
эди», деса-чи?
Eрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини
тузиб ўтирган бу уч кишининг шундай демоғи тайин. Тўғри, улар ҳозир, эртага, ундан кейин
ҳам — то жонлари чиққунига қадар маҳшар кунида ҳисоб бермоқликлари шарт эканини
ўйламайдилар, унга тайёргарлик ҳам кўрмайдилар.
Бу уч одамни айни дамда бир мақсад қовуштириб турган бўлса-да, учави уч олам эди. Тўплаган
бойликлари умрларининг охирига қадар етиб-ортгани каби тўплаган гуноҳлари ҳам дўзах ўтида
абадий куймоқ учун етиб ортади. Иблис уларнинг тақдир ипларини бир-бирига тугиб, шу
хонада учраштирди.
Бир бузуқ аёл фахш йўлидан қайтмоққа ният қилибди. Аммо нафс қурғурнинг «Сўнгги марта
сафарга чиқиб, айшингни суриб қол, тавбангни кейинроқ қилаверасан», деган маслаҳатига
кириб денгиз саёҳатига чиқибди. Иттифоқо, кема фалокатга учраб, чўка бошлабди. Шунда
фоҳиша тавба қилиб дебдики: «Eй Худойим, тўғри, гуноҳим кўп, лекин битта мени жазолайман,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |