www.ziyouz.com кутубхонаси
45
Одамзотнинг қадри энди шу бўлдими, дедим. Рихсиев ака, бир кун келиб биз ҳам кетамиз.
Ўлим баримизнинг бошимизда бор савдо. Шундай кунда бир-бировимизнинг кунимизга
ярамасак, одам бўлиб нима қилиб юрибмиз...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳамманинг бориши шартми, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Қариндош-уруғидан тўрт киши
борса бўлди-да. Тобутнинг тўрт ёғочидан ушлаб кўтариб боради. Тўрт кишидан ортиғи
ортиқлик қилади. Аҳа, хўп, олти киши ҳам бўлсин. Иккитаси гўр қазиб туради.
— Рихсиев ака, одам ит бўлса экан, оёғидан судраб олиб бориб, чуқурга ташлаб кела берса.
Одам ўз номи ўзи билан одам. Одамдан улуғ жонзот борми...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳа, энди, бир кампир экан-да. Бор-йўғи қоровул! — деди. — Халқаро аҳамиятга, ақалли
маҳаллий аҳамиятга молик шахс бўлса экан, билагимизга қора лента тақиб фахрий
қоровулликда турсак! Мотам тутсак, нутқ сўзласак!
— Рихсиев ака, одамнинг катта-кичиги бўлмайди. Бариям одам. Бир одам яхшими-ёмонми бир
умр яшади. Қўлидан келганча тирикчилик қилиб, ўзини одам санаб юрди. Биз билан бетма-бет
бўлди, елкама-елка бўлди, даврма-давр бўлди. Энди қайтмас бўлиб кетаяпти. Одам қайтмас
бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми...
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Кампирларнинг ўлими маҳаллий гап, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Эътиборга молик эмас. Ана,
халқаро аренада қанчадан қандай трагедиялар содир бўлмоқда. Эрон шоҳи Паҳлавий яширин
буйруқ бериб, бир кинотеатрни ёқиб юборибди. Ичида беш юз инсон бор экан. Аҳа, трагедия
деб буни айтади! Даҳшат! Мен Эрон халқига чуқур таъзия билдираман. Мен халқаро аҳволдан
ташвишдаман, ўртоқ Қурбонов, қаттиқ ташвишдаман! Халқаро вазият кун сайин кескинлашиб
бормоқда...
59
Eртаси эрталаб участка милитсионеримиз келди.
Салом йўқ, алик йўқ, остонада туриб сиёсат қилди:
— Совет органи сизга ўйинчоқми? — деди.
— Эб-ей, биз нима қилдик? — дедим.
— Нега чақирган вақтда бормайсиз?
Зардам қайнаб кетди:
— Боргим келмади! Аёлимиз билан кинога бордик! Бўлдими? — дедим.
— Машинага чиқинг!!
Ҳайрон бўлиб, девордан бўйладим. Эб-е-еб-е! Дарвозамиз олдида милитсия машинаси турибди!
Сап-сариқ!
Кўнглим, «шиғғ» этди. Этларим увишди. Ичимда нимадир бир нима ўпирилиб тушди.
— Участковой биродар, — дедим, — бу ишинг бўлмайди! Машинангни тез эшикдан ол!
— Нима, машинани елкангизда кўтариб юрибсизми?
— Биродар, ҳеч банданинг эшигига дўхтирнинг машинаси билан мелисанинг машинаси
келгулик қилмасин! Тез кет, биров кўрмасин!
— Бўлинг, бўлинг, фалсафа сотманг!
Милитсионер тумшуғи остига тиқилиб бордим. Юз-кўзларига ўқрайиб-ўқрайиб қарадим.
Милитсионер нияти қатъий бўлди.
Ўқрайиб турдим-турдим, кейин, чопоним ёқаларини очдим. Милитсионерга кўкрагимни тутдим.
— Мана, отиб ташла! Лекинг мелисанинг машинасига чиқмайман! Жуда зарил бўлса, автобусда
бораман! — дедим.
— Унда, тез изимиздан етиб боринг!
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |