www.ziyouz.com кутубхонаси
41
Аламимдан, аразлагим келди!
Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:
— Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! — дедим ўзимча, кўпкарига қўл
силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағирларга қайишмайди! — дедим.
Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! — дедим.
Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни
имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!
Деворда тизилиб ўтирган томошагўйларни ёнлаб юрдим. Бирови йўлдан қайирар, дея ўйладим.
Шунча одам олдидан ўтдим, қани энди бировгинаси миқ этса! Ақалли, йўл бўлсин, Зиёдулла
чавандоз демади! Шулар ҳам одам бўлди-ю! Суф-е!..
Eнди томошагўйлардан аразладим!
— Кўр бўлиб кўпкарини томоша қилиб ўтира беринглар, мен уйга бориб, маза қилиб ётаман, —
дея пичирладим.
Қишлоққа олиб борадиган йўлдан юрдим. Йўлни кесиб ўтадиган ариқ бўйида оёқ илдим.
Тарлон сувга талпинди. Сув ичирмадим. Шокирқулнинг томидан чиқиб турган дастак учига
боғладим.
Уст-бошларимни қоқдим. Юзларимни ювдим. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичдим. Энтикиб-
ентикиб сувга термулдим.
Шунда, ариқ бўйида сувга куча ботириб еб ўтирган болага кўзим тушди. Эътибор бериб
қарадим. иштони ҳўл.
— Кимнинг ули бўласан? — дедим.
— Отамнинг.
— Отанг ким?
— Шокирқул.
— Ҳа-а, отинг нима? Карим? Ўлма! Бу, иштон ҳўл-ку, Каримбой?
— Энам тўйда.
— Ҳа-а, ўзим киёлмайман денг. Биздан сўрасангиз, Каримбой, биз кўпкаридан қайтдик, ҳа!
Кўпкарида адолат қолмади, Каримбой. Бари ошна-оғайнигарчилик бўлиб кетди!
— Кўпкари тамом бўлдими?
— Йўқ, ҳали бўлаяпти.
— Унда, боринг-да.
Мен сергак бўлдим. Болага эътибор бериб қарадим.
— Бир нима дегандай бўлдингизми, Каримбой?
— Сув ичиб бўлдингиз-ку.
— Ҳа, сув ичиб бўлдим, Каримбой. Энди нима қил дейсиз, Каримбой?
— Кўпкарига боринг.
— Борсам деган эдим, Каримбой. Бизга ҳақ йўқ!
— Бормасангиз адо бўлади.
— Кўп қўймадингиз-қўймадингиз-да, Каримбой. Борсам-борайин, садқайи суханингиз.
Тарлонни ечиб, тағин отландим.
— Каримбой, сизнинг сўзингиздан ўтолмай қайтаяпман. Бўлмаса қайтмас эдим, — дедим.
Қайтишимда томошагўйларни қоралаб юрдим. Томошагўйларга хўмрайиб-хўмрайиб қарадим.
— Сенлар ҳам одам бўлдинг-у, ана, ҳақиқий одам Каримбой экан, — дея пичирладим.
Тўда четига бориб турдим. Баковул менга ажабланиб қаради. Билдим.
Баковул менга қараб-қараб қўйди. Кейин, ёнида турган чавандозга бир нима деди.
— Итга ўхшаб, ўзи кетиб, ўзи келди. — Билдим, шундай деди. Бошқалар-да шундай деди.
Eнди, мен нима десам экан?
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |