www.ziyouz.com кутубхонаси
44
бўлди. У мени кўрди-ю, ранги оқариб жўнади. Капитан катта мени кўрсатиб сўради:
— Шу одамни бирон марта кўрганмисиз?
Милитсионер менга тикилиб турди-турди-да, елкасини қисди.
— Эслаёлмаяпман, — деди.
Кулгим келди. Балки танир, дея чойхонани эслатдим. Милитсионер шипга қараб ўйлаб-ўйлаб,
кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиди.
— Э, ҳа! Бўлди, бўлди! Энди эсладим. Ўша ердан участкамга ўтиб кетаётган эдим. Кўчада
одамлар тўпланиб турган экан. Бирон нима сотаётган бўлса керак, деб ўйладим.
— Эб-ей, икковимиз гапиришдик-ку, иним! Мен сизга...
— Мен билан-а? Бекорни айтибсиз! Туҳмат! Соқолингиз бор, оғзингизга қараб гапиринг! Сиз
мени бошқа одамга адаштираяпсиз!
Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди.
— Ана, бўлмаганман деяпти-ку? — деди.
Мен ёқамни ушладим.
— Ё тавба, ё тавба! — дедим.
— Хўш, яна бирон кишини эслай олмайсизми, ака?
— Эса-чи, капитан катта. Шу гапларни чойхоначи-да кўрди.
— Чойхоначи? Яна?
— Кейин, балиқпаз-да билади.
— Хўш чойхоначи, балиқпаз... Бугунча бўлди, ака, қолганини бошқа кун гаплашамиз.
58
Eндиги қоғоз келишида бормадим.
Боиси, Доно момо бандалик қилди. Жанозасига бордим. Момони ўраб-чирмаб, йиғлаб-йиғлаб
қўйиб келдим.
Уйда азали кайфиятда ёнбошлаб ётиб эдим, Рихсиев келиб қолди.
— Аҳай, чой қўйинглар! — дедим аёлимизга.
— Кайфиятингиз йўқ, ўртоқ Қурбонов? — деди Рихсиев.
— Доно момони қўйиб келдик, — дедим.
— Қаёққа қўйиб келдингиз?
Шунда, Рихсиев жанозада бўлмаганини билдим.
— Доно момо оламдан ўтди, шуни айтаяпман,— дедим.
— Аҳа, дафн қилдик денг. Қўйиб келдик деганингизга бирор нимани қўйиб келибдими дебман.
Юзимни ўгириб, кўзларимни юмдим. Ўзимни босолмадим. Тағин ўнг бўлдим. Кўнглимга қай бир
гаплар келди. Гап келганда гапирмаса, шу гап ўлдим, деб кетади. Шу боис, умримда биринчи
марта Рихсиевга оқсоқолчилик қилишга журъат этдим:
— Рихсиев ака, — дедим, — сиз ўқиган одамсиз, оламдаги бор гапни биласиз. Сизга ўргатиб
бўлмайди. Ҳеч қачон элдан қолманг, ака. Хусусан икки вақт элнинг ёнида бўлинг. Бири —
тўйида. Элнинг тўйини белингизни беш жойидан бойлаб хизмат қилиб, ўйнаб-кулиб, хуш-
хушвақт ўтказиб беринг. Тўй кўпники, ҳа. Яна бири — азасида. Йиғлаб-сиқтаб элнинг қайғусига
ҳамдард бўлинг. Ўлим қайғусини бир одам кўтаролмайди. Оғирлик қилади. Шунда сиз ёнида
бўлиб, қайғусига шерик бўлинг. Одам ана шу икки вақтда одамлигини билдиради.
— Мен ундай момони танимайман, у ким?
— Ўзимиздай одам. Фақиргина бир момо эди. Умри колхозда ишлаб ўтди. Қариган чоғида ма-
газинда қоровул бўлди. На қизи бор, на ули бор эди. Бечораҳол момо эди. Йиғлайдиганлари-да
бўлмади. Ўзимиз момомлаб, холамлаб йиғлаб жўнатдик. Эл кўмди...
— Аҳа, қулоғимга бир чалингандай бўлди. Мактабга дарсга кетаётган эдим, кимдир, биров
ўлибди, деди. Эътибор бермабман.
— Ана шу-да. Шу сабабли-да жанозада одам тахчил бўлди. Кўнглим ярим бўлиб қайтдим.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |